Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • НҲҲ лойиҳалари
  • Олий таълим муассасаларига квоталар бекор қилиниши, ўрта маълумот сифати халқаро стандартлар бўйича баҳоланиши мумкин

Олий таълим муассасаларига квоталар бекор қилиниши, ўрта маълумот сифати халқаро стандартлар бўйича баҳоланиши мумкин

25.07.2018

Читать на русском языке

2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича Йўл харитаси лойиҳасида таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасида шу ва бошқа чора-тадбирлар назарда тутилган. Ушбу шарҳда улар ҳақида батафсил сўз юритамиз.   

 

Мактабдаги таълим


Мактаб таълимида замонавий таълим дастурлари, smart-технологиялар ва e-learning тизимини фаол жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу режаларни амалга ошириш учун электрон онлайн-модуллар ва масофали таълим дастурларини шакллантириш талаб этилади.



Маълумот учун:


Smart-технологиялар  – мақсадларни қўйишга замонавий ёндашув бўлиб, дастлабки босқичдаёқ мавжуд барча ахборотни умумлаштириш, мақбул иш муддатларини тайинлаш, ресурслар етарлилигини белгилаш, шунингдек жараённинг барча иштирокчиларига аниқ ва тушунарли вазифалар бериш имконини яратади. Замонавий Smart-таълимнинг муҳим жиҳатлари мослашувчан ва очиқ таълим муҳити яратилишини: гаджетлардан фойдаланиш, очиқ таълим ресурслари, бошқарув тизимини тақозо этади. 

 


Е-learning тизими
– янги ахборот ва телекоммуникация технологиялари ёрдамида билим бериш ва таълим жараёнини бошқариш. Электрон таълим жараёнида ахборот етказишнинг интерактив электрон воситаларидан, кўпинча Интернет ва компанияларнинг корпоратив тармоқларидан фойдаланилади, бироқ бошқа усуллар, масалан, компакт-дисклар ҳам истисно қилинмайди. Электрон таълим тизими дастурий ва аппарат ечимларидан ташкил топади. У ўқув контенти ва таълимни мониторинг қилиш тизимини ўз ичига олган махсус маълумотлар базаси мавжуд бўлишини тақозо этади.  

 

Узлуксиз мактабдан ташқари (қўшимча) таълим тизимини такомиллаштириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида ўқув марказлари, қўшимча таълим бериладиган тўгаракларга қатновчи болалар сони кўпаяди. 



Ногиронлиги бўлган болаларнинг бир хилда таълим олишини таъминлаш учун инклюзив таълим ривожлантирилади. Ушбу йўналишда ўқув муассасалари биноларида кўтариш қурилмалари, пандуслар, санитария хоналарида махсус мосламалар ўрнатиш, тутқичлар, махсус парталар, столлар ва бошқа махсус компенсатор воситалар билан жиҳозлаш воситасида «тўсиқсиз муҳит» яратишга доир чора-тадбирлар комплекси амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган болаларни интеграцияланган ўқитиш дастурлари яратилади. Кадрлар масаласи ҳам ҳал этилиши керак: мактаблар дефектолог педагоглар, болаларни руҳий-педагогик жиҳатдан кузатувчи мутахассислар билан таъминланади.       

 

Профессионал таълим

 

Умумтаълим муассасаларининг маъмурий, академик ва молиявий мустақиллигини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мўлжалланмоқда. Кадрлар тайёрлашни меҳнат бозори эҳтиёжларига иложи борича мувофиқлаштиришга эришиш лозим.  



Талабаларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш квоталарининг бекор қилиниши олий таълимга йўлни кенгайтиришга доир чора-тадбирлар комплексининг мантиқий якуни бўлади. Олий таълим муассасалари сонини, шу жумладан нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, шунингдек онлайн платформалар асосида масофали таълимни ривожлантириш йўли билан ошириш мўлжалланган.    

 

Олий таълим муассасаларини бошқа инновацион жараёнлар субъектлари билан интеграциялаш ва ўзаро ҳамкорлик қилиши ҳисобига олий таълим сифати такомиллаштирилади. Чоп этилган илмий мақолалар сони, цитата келтириш индекси, халқаро анжуманлар ва семинарларда қатнашиш, олинган патентлар сони оширилишига эришиш мўлжалланмоқда. Олий таълим муассасаларининг энг фаол ва самарадор илмий мактаблари шу жумладан молиявий кўмак оладилар. Инновацион ишланмалар ҳамда узоқ муддатли илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш учун бизнес, фан, таълим ва давлат интеграциялашувини таъминлаш лозим. Университетлар иқтисодиётнинг базавий секторлари ва корхоналарни технологик модернизациялаш дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этадилар.  

 

Сифат назорати

 

Ўрта маълумот сифатини халқаро баҳолаш механизмини жорий этиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун Халқ таълими вазирлиги PISA халқаро дастури (ингл. Programme for International Student Assessment – Ўқувчиларнинг ўқишдаги ютуқларини баҳолаш халқаро дастури) иштирокчисига айланади.

 


Бундан ташқари, таълим сифатини баҳолаш миллий тизими такомиллаштирилиши лозим. Бу таълим статистикаси халқаро услубияти (ЮНЕСКО, ИҲТТ) талаблари ва принципларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Миллий ва минтақавий даражалардаги таълим жараёни натижаларининг мунтазам мониторинги ташкил этилади. 



Лойиҳа рад этилиши, ўзгартирилиши ёки унга қўшимча киритилиши мумкин.


Олег Гаевой.


 

Эту тему могут комментировать только зарегистрированные пользователи.
Авторизуйтесь или зарегистрируйтесь