Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак скорректировать зачет НДС на основании статьи 270 Налогового кодекса Как сформировать прочие затраты производственного характера Как разработать график документооборота по экспортной сделке

Газ учун тарифлар: бизнес 2 баравар кўп тўлайдими ёки атамалардаги чалкашлик

22.10.2018

Читать на русском языке


Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳасини кўриб чиқишда давом этамиз. У ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.

 

Маълумот учун: амалдаги тарифлар (реестр рақамлари 19-03-22-06-ЎзР–7-2018 ва 19-03-22-06-ЎзР–7-2018) бўйича ҳисобга олиш прибори мавжуд бўлганда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари 1 куб метр газ учун бир хил – 289,74 сўм тўлайдилар. Фақат махсус рўйхатда қайд этилган айрим турдаги хўжалик юритувчи субъектлар (асосан қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар ва умумий овқатланиш корхоналари) учун Вазирлар Маҳкамасининг 28.12.2017 йилдаги 1025-сон қарори билан 1 куб метр учун 463,58 сўмдан 1 000 сўмгача миқдорда оширилган тарифлар белгиланган.  

 

Лойиҳада тарифлар 2 босқичда оширилиши режалаштирилган бўлиб, бу бизнес манфаатларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Жадвалга қаранг:

 

Т/р

Номи

Табиий газ учун тариф (ҚҚСни ҳисобга олганда), сўм/м3 ва суюлтирилган газ нархи (ҚҚСни ҳисобга олганда), сўм/кг

2018 йил 1 апрелдан

(амалдаги)

2018 йил 16 ноябрдан

 

2019 йил 1 июндан

 

1.

Қуйидагиларга етказиб бериладиган табиий газ:

 

 

 

1.1.

аҳолига коммунал-маиший эҳтиёжлари учун, газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлганда

289,74

320,0

350,0

1.2.

аҳолига коммунал-маиший эҳтиёжлари учун, газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда:

 

 

 

– овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун

501,06

553,0

605,0

– иситиш учун

232,37 

320,0

350,0

1.3.

Президентнинг 8.11.2017 йилдаги ПҚ–3379-сон қарорида назарда тутилган Рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва айрим хизматлар кўрсатувчи истеъмолчиларга

1 000,0

 

1 000,0

1 000,0

1.4.

автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станцияларига (шу жумладан балансида газ тўлдирувчи компрессор станциялари бўлган юридик шахслар)

 

800

Ҳукумат томонидан кейинроқ аниқлаштирилади

1.5.

бошқа улгуржи истеъмолчиларга, шунингдек пиширилган ғишт, асфальт ва цемент ишлаб чиқарувчи, энергия жиҳатидан самарали технологиялар ва ускуналарни жорий этган, шунингдек, ёқилғининг муқобил турларидан (кўмирдан), шу жумладан, цемент ишлаб чиқаришнинг «қуруқ усули»дан фойдаланувчи корхоналарга

289,74 сўмдан

463, 584 сўмгача

600

650

2.

Аҳолига маиший турмушда истеъмол қилиши учун реализация қилинадиган суюлтирилган газ

800

950

1200

 

Муҳокама қилинаётган лойиҳа тузатишларсиз қабул қилинса, бизнес 16 ноябрдан бошлаб 1 куб метр газ учун 320 сўм эмас (маиший истеъмолчилар учун янги ставка), балки камида 600 сўм тўлашига тўғри келади. Гап шундаки, таклиф этилаётган прейскурантда 1 м3 учун 1 000 сўм тўлашлари керак бўлмаган барча улгуржи истеъмолчилар учун 600 сўмлик ставка назарда тутилган (юқорига қаранг). Қонун ҳужжатлари нормаларидан шундай хулоса келиб чиқади.   

 

Чунончи, Табиий газдан фойдаланиш қоидаларига (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 2-илова) мувофиқ, истеъмолчилар 5 турга бўлинишига эътибор қаратамиз:

  • маиший истеъмолчилар – маиший эҳтиёж (овқат тайёрлаш, иссиқ сув ва иситиш) учун табиий газдан фойдаланувчи аҳоли;
  • коммунал ва маиший истеъмолчилар – умумий ҳисоб қуввати 100 кВт бўлган газдан фойдаланиш ускуналарида маиший мақсадларда (овқат тайёрлаш, иссиқ сув таъминоти ва иситиш) газдан фойдаланувчи ва юридик шахс мақомини ташкил қилмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;
  • ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи истеъмолчилар – газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида, шунингдек, умумий ҳисоб қуввати 100 кВт юқори бўлган газдан фойдаланиш ускуналарида маиший эҳтиёжларда (овқат тайёрлаш, иссиқ сув таъминоти ва иситиш) фойдаланувчи, юридик шахсни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар;
  • ижтимоий аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар – табиий газ етказиб бериш шартлари ва рўйхати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан аниқланадиган ижтимоий соҳа муассасалари ва бюджет ташкилотлари;
  • стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар – узлуксиз фаолият кўрсатувчи ишлаб чиқариш-технологик объектларга эга бўлган ҳамда табиий газ етказиб бериш шартлари ва рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган истеъмолчилар.

 

Бироқ 2 турдаги намунавий шартнома назарда тутилмоқда:

  • маиший истеъмолчиларга (ш.ж. оилавий корхоналарга) табиий газ етказиб бериш шартномаси – газ таъминоти ташкилоти билан жисмоний шахс ўртасида;
  • улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш шартномаси – газ таъминоти ташкилоти билан юридик шахс ўртасида.

 

Қоидалар ва бизга маълум бўлган бошқа норматив ҳужжатларда ким улгуржи истеъмолчи ҳисобланиши аниқ кўрсатилмаганлиги сабабли чалкашлик юзага келади. Хусусан, коммунал ва маиший истеъмолчилар (қуввати 100 кВт гача бўлган ускуналарга эга бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар) улар сирасига кириш-кирмаслиги аниқ эмас. Ҳозир бу иқтисодий аҳамиятга эга эмас, зеро аксарият улгуржи истеъмолчилар учун стандарт тариф фуқаролар учун тарифга тенг. Бироқ амалиётда коммунал ва маиший истеъмолчилар, ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи, ижтимоий ва стратегик аҳамиятга эга бўлган истеъмолчилар улгуржи истеъмолчилар дея қабул қилинади. Бу газдан фойдаланиш чоғида уларнинг зиммаларидаги молиявий юк ошишига олиб келади. Кўриниб турганидек, лойиҳанинг бу қисми қўшимча ишлов беришни талаб этади. Истеъмолчиларнинг бешта гуруҳи бўйича табақалаштирилган тарифларни белгилаш мақсадга мувофиқ.  

 

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида аҳолининг газ истеъмоли базавий нормалари эксперимент тариқасида жорий этилмоқда. Бу ушбу лимитдан ортиқ энергия захиралари сарфи учун 1,2 оширувчи коэффициенти билан ҳақ тўланишини англатади (яъни тариф 20%га оширилади). Нормалар қуйидаги миқдорни ташкил этади:

  • иситиш мавсуми даврида хусусий уйда яшовчи битта абонентга ойига 1000 м3;
  • қолган ҳолларда битта абонентга ойига 250 м3.

 

Эксперимент натижаларига кўра истеъмолнинг базавий нормативларини бутун республика ҳудудида татбиқ этиш масаласи 2019 йил 1 июлгача ҳал этилади.

 

Шарҳ муаллифининг фикрига кўра, таклиф этилаётган нормативлар айрим камчиликларга эга.

 

Биринчидан, улар битта абонентга мўлжалланган – яъни битта шартнома доирасида белгиланади. Бундай ёндашувда турар жойда яшовчи шахслар сони ҳисобга олинмайди. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож кўп болали оилалар номақбул вазиятга тушиб қолиб, ортиқча сарфиётга йўл қўйишлари мумкин.

 

Иккинчидан, кўп квартирали уйлардаги кўплаб квартиралар автоном иситиш тизимларига (асосан хоналарни иситувчи ва иссиқ сув билан таъминловчи икки контурли газ қозонларига) ўтказилганлиги ҳисобга олинмаган. Шу сабабли 1 минг м3 нормативининг фақат хусусий уйларга татбиқ этилиши кўп квартирали уйларда яшовчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланмаслигига олиб келади. Бу замонавий автоном иситиш тизимлари жорий этилишига ҳам тўсқинлик қилади.  

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Самир Латипов.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_