Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимларини автоматлаштиришда нималарни инобатга олиш зарур?

Маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимларини автоматлаштиришда нималарни инобатга олиш зарур?

31.10.2018

Читать на русском языке

 

Ўзбекистонда маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизими яратилмоқда. Унинг жорий этилишидан ҳамма ютади. Солиқларнинг йиғилувчанлиги ошади, бозорлар янада шаффоф тус олади. Қонуний ишлаб чиқарувчиларнинг тушуми кўпаяди, бизнес-жараёнлар ҳам самаралироқ кечади. Истеъмолчилар эса сифатли товар сотиб олганларига ишонч ҳосил қила оладилар.



Тизимлар пухта ўйлаб, етти марта ўлчаб, бир кесган ҳолда яратилса, буларнинг бари амалда ўз натижасини беради. Norma портали мухбири «Savdoelektronika» ШК директори Владимир Гибелнинг шу хусусдаги фикр-мулоҳазалари билан танишди.

 

Таблеткалар ва алкоголдан бошлайдилар



Аҳолини контрабанда ва контрафактдан ҳимоя қилиш учун давлат комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Мамлакатимизда маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимлари жорий этила бошлаши ҳақида қарорлар қабул қилинаётганда уларни кучайтириш зарурати ҳал қилувчи омилга айланди. Дастлабки бундай тизимлар дори воситалари ва алкоголли маҳсулотлар реализация қилиниши устидан назоратни кучайтириш имконини беради. 

 


Иккита лойиҳа пилот версияларни яратишга йўналтирилган. Биринчиси Вазирлар Маҳкамасининг 18.09.2018 йилдаги 738-сон қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Натижада 1.07.2019 йилдан бошлаб тизим фармацевтика соҳасида иш бошлаши кутилмоқда. Президентнинг 28.02.2018 йилдаги ПҚ–3573-сон қарори доирасида амалга оширилаётган бошқа лойиҳа 2020 йил 1 январга келиб алкоголь реализация қилинишини назорат остига олиш имконини берувчи шунга ўхшаш тизимни ишга тушириш имконини беради.



ВМнинг 18.09.2018 йилдаги 738-сон қарорида «Ўзшаробсаноат» АЖга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ягона интегратор билан ҳужжатлар, бинобарин, алкоголли маҳсулотларни ҳисобга олиш учун худди шундай тизимни яратиш жараёнида тўпланган тажриба билан ўртоқлашиш тавсия этилган. Алкоголли маҳсулотлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизими фармацевтика соҳасидагига қараганда кечроқ ишга тушса ҳам, уни яратиш бўйича ишлар фармацевтларникидан илгарироқ бошланган. Тизимга қўшимча ишлов бериш ва уни ишга тушириш жараёнида анча олдин ишга тушириладиган фармацевтика маҳсулотлари учун тизим тажрибасидан фойдаланилса ажаб эмас.    



Ҳар битта ҳужжатда ўз соҳасига оид хусусиятлар ҳисобга олинишини инобатга олган ҳолда булар – моҳияти ва мақсадига кўра маркаланган товарларни ҳисобга олувчи ягона тизимнинг бўғинлари, деган хулосага келиш мумкин.



ВМнинг 18.09.2018 йилдаги 738-сон қарорида айтилишича, тизим:

  • Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинадиган фармацевтика маҳсулотлари ҳақида батафсил ахборот, шу жумладан товарларни ишлаб чиқарувчидан истеъмолчигача етказиб бериш жараёнида иштирок этувчи ишлаб чиқарувчилар ва улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар (тури, номи, ишлаб чиқариш ҳажми ва бошқа) тўғрисидаги маълумотларни йиғишни таъминлаши;
  • фармацевтика маҳсулотларини махсус маркалашнинг таркибий қисмларини ишлаб чиқиш ҳамда ушбу маҳсулотлар ҳаракатини автоматлаштирилган ҳолда кузатиш ва ҳисобга олиш имконини бериши;
  • дорихоналардан олиш учун асос бўладиган электрон рецепт орқали фармацевтика маҳсулотларини шифокорлар томонидан тайинлаш тизимини жорий қилиш имкониятини берадиган «Электрон ҳукумат» тизимига кирувчи ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари, шу жумладан ишлаб чиқилаётган «Соғлиқни сақлаш» комплекси билан келгусида интеграциялаштиришни назарда тутиши керак.

 

Президентнинг 28.02.2018 йилдаги ПҚ–3573-сон қарорида эса айтилишича, тизим барча алкоголли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, уларни ишлаб чиқариш ҳажмлари (тури, номи ва бошқа маълумотлар) тўғрисида ҳамда «ишлаб чиқарувчи – улгуржи сотувчи – чакана сотувчи – истеъмолчи» ҳалқаси асосида реализация қилиниши тўғрисида батафсил ахборотни ўзида жамлаши лозим.



Умуман олганда жаҳон амалиёти учун бундай тизимлар – янгилик эмас. Улар товарнинг рақамли коди ёки товарларни рақамли маркалаш тизимлари сифатида маълум. Технология бутун мантиқий занжир бўйлаб: ишлаб чиқарувчидан (божхонадаги етказиб берувчидан) пировард истеъмолчигача товар босиб ўтган йўлни кузатиш имконини беради. 



Яқин орада мамлакатимизда иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам шунга ўхшаш тизимларни яратиш лойиҳалари юзага келса ажаб эмас. Президентнинг 3.07.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3832-сон қарори бунга замин яратмоқда. Ушбу технологияларни қўллаш соҳаси кенгайтирилиши билан барча турдаги товар ва хизматлар савдоси янада тартибга солинади.

 

Зиён етказмасин

 

Товарлар ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олиш миллий тизимларини яратишда қўллаш мумкин бўлган хилма-хил технологиялар орасидан самарали ишлайдиганини, жорий этиш қимматга тушмайдиганини танлаб олиш лозим. Уни ҳисобварақ-фактуралар ва касса чекларини расмийлаштиришга асосланган товарлар ҳаракатини ҳисобга олишнинг амалдаги тизимлари билан боғлай олиш имкониятига бундай ёндашув вариантларидан бири сифатида қараш мумкин.


Ҳисобварақ-фактура юридик шахслар ўртасида олди-сотди битимлари тузилганда товарларни ҳисобга олишда ёрдам беради. Улар эса – товарнинг дўконгача ҳаракатланиши занжиридаги аксарият иштирокчилардир. Касса чеки – товар пировард истеъмолчига берилганлиги далилини тасдиқловчи ҳужжат.  


Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарори, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 6.10.2018 йилдаги 807-сон қарорига мувофиқ, онлайн НКМ ва онлайн ҳисобварақ-фактуралар тизимини жорий этиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тизимларнинг интеграцияланиши сотишдан тушган тушумни, тадбиркорларнинг солиқларни ҳисоблаб чиқаришини тезкор назорат қилиш имконини беради.


Эртами-кечми, ушбу технологияларнинг барчаси ҳаётимизга кириб келади. Уларнинг бир вақтда жорий этилиши таъминланиб, бунда улар биргаликда ишлашининг барча жиҳатлари назарда тутилса, тўғри иш қилинган бўлади. Улар бир-биридан айри ҳолда, турли вақтда жорий этиладиган бўлса, уларни бир-бирига мослаштириш учун қўшимча инвестиция сарфлашга тўғри келади.


ЎзА хабарига кўра, 2018 йил 15 октябрдан бошлаб Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятларида электрон ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланган ҳолда эксперимент ўтказилмоқда. Ахборот коммуникациялари вазирлигининг эксперт хулосасини олган компаниялар электрон ҳужжатлар айланмаси операторлари бўлиш ҳуқуқига эгадирлар. ДСҚ яқин орада электрон ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобга олишнинг вақтинчалик тартибини тасдиқлаши керак.  



Онлайн назорат-касса машиналарини жорий этиш бўйича экспериментни ҳам бошлаш масалалари ҳал этилмоқда.


Товарлар ҳаракатини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимлари тўлақонли ишлаши учун фақат назорат-касса машиналари керак, сабаби компьютерлар ва девайслар техник хусусиятлари сабабли тизим нормал ишлашини таъминлай олмайди (мақолага қаранг). Бинобарин, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида онлайн назорат-касса машиналари тизимини жорий этиш ва пилот тарзида ишга тушириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳасида таклиф этилаётган технологияни ҳам қайта кўриб чиқиш зарур.



ВМнинг 17.11.2011 йилдаги 306-сон қарорига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилади. Шундай талабларни киритиш зарурки, уларга мувофиқ касса чекларида сотилган товарнинг рақамли коди ва харидорнинг СТИРи албатта қайд этилган бўлсин.

 

Бугунги кунда турли маҳаллий корхоналар товар коди сингари параметр бўйича товарни ҳисобга олиш имконини берувчи онлайн назорат-касса машиналарини ишлаб чиқараётганини инобатга олиш лозим. Улар орасида «Семурғ-001», «Ўзкасс-185» ва бошқалар бор.



Самарадорлик хавф остида

 

Бугунги кунга келиб ушбу технологияларнинг барчасини жорий этиш самарадорлиги хавф остида қолмоқда. Истеъмолчи харид чоғида касса чекини талаб қилишдан манфаатдор эмас, у берилган жойда ҳам сотувчида қолдириб кетадилар. Ҳозирча норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг бирортасида ушбу муаммонинг ечими кўрсатилмаган. Аслида касса чекларини истеъмолчилар мажбурий тартибда талаб қиладиган керакли ҳужжатларга айлантириш мумкин деб ўйлаймиз. Бунниг учун чекда истеъмолчининг СТИРи бўлиши талабини жорий этиш кифоя. Уни жорий этиш муаммосини пластик карточкага ёки махсус картага штрих-код ёрдамида қайд этиш йўли билан осон ҳал қилиш мумкин.  


Харидорнинг СТИРи тўғрисида ахборот акс эттирилишининг ўзи ҳеч нима бермаслиги аён, ушбу ахборот бозордаги барча иштирокчилар учун керакли ва зарур бўлиши лозим. Бунинг вариантларидан бири – Солиқ қўмитасининг сайтида логин билан шахсий кабинетларни очиш имконини яратиш мумкин, бунинг учун СТИРнинг ўзи фойдаланувчи ўйлаб топган ноёб пароль бўлади. Ушбу шахсий кабинетда истеъмолчининг барча харидлари акс эттирилади, истеъмолчи унинг ёрдамида харидларнинг асосли таҳлилий ҳисобини юрита олади. Бу оқилона хўжалик юритишда қўл келади.



Бундан ташқари, харид далили ҳақида SMS келадиган телефонни шахсий кабинетга улаб қўйиш мумкин. Бундай ахборот сотувчи берган чекнинг ҳақиқий эканлигини тасдиқлайди.



Ушбу инновациялар жорий этилиши билан истеъмолчи ўзини ҳимоялангандек ҳис қила олади.


Бугунги кунда харид пайтида олинган касса чекини йўқотиб қўйсангиз, товарни қайтариб бериш зарурати юзага келганда сотувчи сизга рад жавоби беришга тўла ҳақли бўлади. Сабаби бу ҳолатда чек тақдим этиш «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг мажбурий талабидир. Агар чекда СТИР кўрсатилса, истеъмолчи доим чекни тиклаб, товар айнан шу дўконда сотиб олинганини сотувчига исботлай олади.   



Чекда истеъмолчининг СТИРи тўғрисида ахборот мавжуд бўлишига доир талаб жорий этилиши билан давлат ҳар хил танловлар, лотереялар ва викториналар ўтказиш орқали кишиларнинг касса чекларига муносабатини ўзгартира олади. Жаҳонда бундай амалиёт анчадан буён мавжуд. Хусусан, у қўшни Қозоғистонда кенг татбиқ этилади. Савдо шохобчалари эгалари ҳам мижозлар учун курашаётганда ана шундай танловлар ва ютуқли ўйинлар ўтказиш йўли билан худди шу ахборотдан фойдаланишлари мумкин.



Солиқ идорасига нафақат даромадлар, балки харажатлар ҳақида ҳам декларация топшириладиган мамлакатлар бор. Бу реал даромадларни ва солиқлар тўғри ҳисоблаб чиқарилганлигини самаралироқ назорат қилиш имконини беради. Барча касса чекларида истеъмолчининг СТИРи қайд этилса, бу вазифани осон бажарса бўлади.  



Мамлакатимизга ташриф буюрган чет эл фуқароларига ID бериш тизими хусусида ҳам ўйлаб кўриш лозим. У чет эллик шахсга товарларни харид қилиш чоғида ҚҚС сифатида тўланган суммаларни қайтариш имконини берувчи «такс фри» хизматини автоматлаштиришда ёрдам беради.


Олег Гаевой.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_