Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzДва мнения о порядке выплаты компенсации за задержку выплаты дохода работникам Как уведомления по итогам автокамерала отличать от «неавтокамеральных» Как рассчитать НДФЛ и взносы на ИНПС за апрель 2024 года Как работать с резервом по сомнительным долгам

КПК воситасида ҳақ тўлаш: ҳисобварақ-фактура керакми

02.11.2018

Читать на русском языке

 

Куни кеча Президентнинг 30.10.2018 йилдаги «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5564-сон Фармони эълон қилинди.

 

Ҳужжатга мувофиқ, 2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

 

Ушбу янгилик муносабати билан таҳририятга кўп қўнғироқ қилиб, мазкур нормани амалда дарҳол қўллаб бўлмаслигини айтмоқдалар.

 

Биринчи навбатда, чакана савдо (дўконлар, АЁҚШ), умумий овқатланиш корхоналари, якка тартибдаги тадбиркорлар хавотирга тушмоқдалар.

 

Улар кечаги кундан бошлаб ушбу нормани бажаришларига қуйидагилар тўсқинлик қилади:

  • ушбу корхоналар ҳар куни истеъмолчилар оммаси билан иш юритади, ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш сотиш жараёни секинлашишига ва уларнинг норозилигига олиб келади;
  • ҳисобварақ-фактураларнинг расмийлаштирилиши кассирлар ишлайдиган жойларни қўшимча техник ва дастурий жиҳозлаш заруратини юзага келтиради, бу эса муайян вақт талаб этади.

 

Бўлажак ҚҚС тўловчиларни солиқни кўрсатган ҳолда ҳужжатларни расмийлаштиришга тайёрлаш мақсадида ушбу чора назарда тутилган. Бу сотувчи учун ҳам, ҳужжатда қайд этилган ҚҚСни ҳисобга олиш имконига эга бўладиган олувчи учун ҳам муҳим аҳамиятга эга эканлиги аён.

 

Ушбу масала бўйича қонунчилик базасини таҳлил қиламиз.

 

Солиқ кодексининг 222-моддаси:

  • ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш мажбурияти юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади. Якка тартибдаги тадбиркорлар уларни тақдим этишлари шарт эмас;
  • товарлар (ишлар, хизматлар) аҳолига нақд пулда реализация қилинган ҳолларда сотиб олувчига фискал хотирали назорат-касса машинаси чеки, терминал чеки, квитанция бериш чоғида ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмайди. Яъни фақат аҳоли билан ҳисоб-китоб қилишда чек ҳисобварақ-фактура ўрнини босиши мумкин. Бу корпоратив карталар орқали ҳисоб-китобларга нисбатан татбиқ этилмайди;
  • ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ишларни (хизматларни) ҳақиқатда мазкур ишлар бажарилганлигини (хизматлар кўрсатилганлигини) тасдиқловчи ҳужжатлар билан расмийлаштириш ҳам унинг расмийлаштирилишини талаб этмайди. Яъни ишлар (хизматлар) ҳақи корпоратив карта орқали тўланган, терминал чекида ҳисобварақ-фактурада назарда тутилган барча маълумотлар мавжуд бўлса, чекнинг ўзи етарли бўлади. Афсуски, ушбу нормада товарлар назарда тутилмаган;
  • ҚҚС солинадиган электр энергияси, сув, газ, алоқа хизматлари, коммунал хизматлар, темир йўлда ташишлар, транспорт-экспедиторлик хизмати, банк операциялари, шунингдек товарларни (ишларни, хизматларни) узлуксиз етказиб беришни амалга ошираётган солиқ тўловчилар ойнинг охирги кунида бир марта ҳисобварақ-фактура ёзади.

 

Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган):

  • корпоратив банк картаси воситасида тўловлар амалга оширилганда ҳисобот ҳужжатлари сифатида терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари, унга илова қилинган тегишли савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари томонидан кўрсатилган хизматлар бўйича тўловни терминал орқали қабул қилган хизматчининг имзоси ва «тўланди» муҳри қўйилган счётлар ва квитанциялар хизмат қилади;
  • хўжалик эҳтиёжлари учун майда улгуржи тартибда товарлар учун корпоратив банк картаси воситасида тўлов амалга оширилганда, терминаллар квитанциялари асл нусхалари, унга илова қилинган товар счётлари ва қонунга мувофиқ бошқа ҳужжатлар ҳисобот ҳужжатлари сифатида хизмат қилади.

 

КПК воситасида ҳақи тўланадиган битимларни расмийлаштириш юзасидан хулосалар:

 

1. Ишларни бажарувчи (хизматларни кўрсатувчи) корхоналар энди шартномани расмийлаштирмасликка ҳақлилар. Фикримизча, кўпчилик ундан воз кечмайди, сабаби фаолиятнинг бундай турларида аксарият ҳолларда битим шартларини, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ёзма равишда тасдиқлаш талаб қилинади. Шартномани расмийлаштирмаслик – сизнинг ҳуқуқингиз, мажбуриятингиз эмас. Бунда ҳисобварақ-фактурани ёки унинг барча реквизитлари қайд этилган чекни расмийлаштириш мажбурийлигича қолади.

 

2. Маҳсулотлар, товарларни йирик улгуржи тартибда сотувчи корхоналар ҳам кўп ҳолларда ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириб, олувчидан ишончномаларни қабул қилиб, шартномавий асосда иш юритадилар. Сиз ҳам шартнома тузмаслигингиз мумкин, бироқ ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш мажбурияти зиммангиздан соқит бўлмайди. Узлуксиз етказиб беришларда ҳисобот ойи якунларига кўра битта ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш мумкин. Унда муайян харидор бўйича бир ойда КПК воситасида маҳсулотлар (товарлар) реализация қилинишидан тушган бутун тушум акс эттирилади. Ишларни бажарувчи (хизматларни кўрсатувчи) корхоналар ҳам ушбу вариантдан фойдаланишлари мумкин.

 

3. Товарлар майда улгуржи тартибда сотилганда терминал чекига товар счёти ёки бошқа ҳужжат илова қилиниши керак. Бу янгилик эмас. Норма 2005 йилдан буён амал қилмоқда. У амалда қандай бажарилгани бошқа масала…

 

Энди у айнан барча зарур маълумотлар қайд этилган инвойс (ҳисобварақ-фактура) бўлиши кераклиги ҳақидаги талаб қўйилмоқда. Унда биринчи навбатда ҚҚС бўйича маълумотлар қайд этилган бўлиши зарур. Масалан, товар чекини расмийлаштирадиган чакана савдо корхоналари учун унга зарур ўзгартиришлар киритиш қийинчилик туғдирмайди.

 

***

 

Сўзимиз якунида аҳоли билан ҳисоб-китоб қилишда НКМ чеки ёки тўлов терминалини расмийлаштиришнинг ўзи (ҳисобварақ-фактурани расмийлаштирмасдан) етарли эканлиги тўғрисидаги Солиқ кодексининг 222-моддаси 3-қисми 2-бандига қонун чиқарувчиларнинг эътиборини қаратмоқчимиз.

 

Башарти чекларда ҚҚС бўйича ахборот (солиқ суммаси ёки «ҚҚСсиз» ёзуви) қайд этилса, юридик шахслар билан КПК воситасида ҳисоб-китоб қилишга нисбатан ҳам ушбу норма татбиқ этилса тўғри бўларди.

 

Бу билан қоғозбозликка чек қўйилган ва тўловларни КПК воситасида қабул қилувчи барча хўжалик юритувчи субъектларнинг иши осонлашган бўлар эди.





В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-25
  • USD:12689.97 (+0.00) сум
  • EUR:13557.96 (+0.00) сум
  • RUB:137.20 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах