Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • Сенаторлар сайлов, фуқароларнинг саломатлиги, экология тўғрисидаги ва бошқа қонунларни кўриб чиқдилар

Сенаторлар сайлов, фуқароларнинг саломатлиги, экология тўғрисидаги ва бошқа қонунларни кўриб чиқдилар

01.03.2019

Читать на русском языке

2019 йил 28 февраль – Олий Мажлис Сенати ўн саккизинчи ялпи мажлисининг биринчи куни, унда бир қатор қонунлар маъқулланди.  

 

«Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун кун тартибида биринчи ўринни эгаллади.

 

Кодексда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги нормалар назарда тутилади.

 

Экологик ҳаракат вакиллари учун ўринларни квоталаш институти чиқариб ташланди, бунда Қонунчилик палатасидаги депутатлар ўринларининг умумий сони – 150 та ўрин сақлаб қолинди.

 

Катта ижтимоий хавфи бўлмаган жиноятлар ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этиши мумкин.

 

Энди сиёсий партиялар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига номзодлар кўрсатишда мутлақ ҳуқуққа эга бўлади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинмоқда.

 

Ўзбекистон сайловчиларининг ягона электрон рўйхати амал қилиши тартиби белгиланди. Бу «битта сайловчи – битта овоз» принципи татбиқ этилишини таъминлайди. 1 апрелгача сайловчилар электрон реестрини шакллантириш режалаштирилди.

 

«Сайлов варақаси» тушунчаси чиқариб ташланди. Унинг ўрнига муддатидан олдин овоз бериш ёки сайлов куни овоз бериш учун ягона ҳужжат – сайлов бюллетени жорий этилди.

 

Сайлов комиссияси аъзоларига қўйиладиган талаблар белгиланди. Булар:

  • 21 ёшга тўлган;
  • ўрта ёки олий маълумотга эга бўлган;
  • сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган;
  • аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган Ўзбекистон фуқаролари.

 

Ҳокимлар, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, номзодларга бевосита бўйсунадиган шахслар сайлов комиссиялари таркибида бўлиши мумкин эмас. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги Қонунни маъқулладилар. Унинг мақсади – ушбу соҳадаги жамоат муносабатларини тартибга солиш, бепуштликнинг олдини олиш ва уни даволашдир. Қонунда белгиланган принциплар – фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашни ташкил этишнинг барча босқичларида тиббий хизматлар қулайлиги ва сифатлилиги, давлат томонидан кафолатланган хизматлар ҳажмини таъминлаш, шахсий ҳаётга аралашувдан ҳимояланиш, шахсий ва оилавий сирни сақлаш, инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, тиббий ахборотнинг махфийлиги, репродуктив саломатликни сақлаш масалаларида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги шулар жумласидандир.   

 

Ҳужжатда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланган: фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш; уни сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш; ота-оналарда соғлом болалар туғиш учун жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш орқали уларда бунинг учун онгли муносабатни шакллантириш ва ҳоказо.

 

Сўнг сенаторлар «Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Унда маъмурий назорат, маъмурий чеклов, назорат остидаги шахс, назорат остидаги шахснинг яшаш жойи каби таянч тушунчаларга аниқлик киритилган.

 

Суд томонидан вояга етган ўта хавфли рецидивист деб топилган шахсларга; оғир ёки ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилган шахсларга; Жиноят кодексига биноан оғир ёки ўта оғир жиноят ҳисобланадиган қилмишларни содир этганлик учун бошқа давлат ҳудудида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаган шахсларга нисбатан бундай назорат ўрнатилиши мумкин. Бунда маъмурий назорат судланганлиги олиб ташланган ёки судланганлик ҳолати тугатилган шахсларга нисбатан ўрнатилиши мумкин эмас.

 

Назорат остидаги шахсларга нисбатан суднинг содир этилган қилмишнинг хусусияти ҳисобга олинган ҳолдаги қарори асосида маъмурий чекловларга аниқлик киритилмоқда ва улар тўлдирилмоқда (алкоголли ичимликларни истеъмол қилишни тақиқлаш ва ҳ.к.).

 

Ҳужжатда қайд этилишича, қўлланиладиган маъмурий чекловлар суд томонидан ички ишлар органларининг тақдимномасига ёки назорат остидаги шахснинг ёхуд унинг вакилининг аризасига, шунингдек меҳнат жамоасининг, жамоат бирлашмасининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг илтимосномасига биноан, унинг турмуш тарзи ва хулқ-атвори ҳақидаги маълумотлар инобатга олинган ҳолда қисман бекор қилиниши мумкин. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун маъқулланди.

 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамаси аъзолари номзодларини кўриб чиқиш ва маъқуллаш тартиби белгиланди. Қонунда мустаҳкамланаётган нормага кўра, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан бирга Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар чоракда Олий Мажлис палаталарига тақдим этиши керак.

 

«Баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун ҳам сенаторлар томонидан муҳокама этилди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш механизмини такомиллаштиришга йўналтирилган.

 

Суд ишларини юритиш иштирокчилари ва суд мажлиси залида ҳозир бўлганлар ёзма қайдлар қилиш, стенограмма юритиш ва овоз ёзиб олиш ҳуқуқига аниқлик киритилмоқда. Шу муносабат билан Фуқаролик процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексига ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилди.

 

«Судлар тўғрисида»ги Қонун Олий суднинг қонунларни шарҳлаш ва (ёки) муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги тақдимномани Олий суд раиси томонидан Олий суд Пленуми кўриб чиқиши учун киритиш ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.

 

Бир қатор қонунларга Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталаридаги ваколатли вакилининг Қонунчилик палатаси қўмиталари мажлисларида қонун лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқини назарда тутадиган ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига, шунингдек сенаторнинг, Қонунчилик палатаси депутатининг сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашда кўмаклашиш, шунингдек қонун ижодкорлиги фаолияти ва парламент назорати соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш функцияларини кўзда тутадиган ўзгартишлар киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан сўнг сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Чунончи, учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кирганлик, ўтказганлик, олганлик, сақлаганлик ёки улардан фойдаланганлик, шу билан бирга учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш, улардан фойдаланиш ёки бошқа шахсларга бериш тартибини бузганлик, шунингдек улардан бошқа мақсадларда фойдаланганлик жиноий жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бунда учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб киришда, ўтказишда, олишда, сақлашда ёки улардан фойдаланишда уларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.

 

МЖТКга шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жарима миқдорлари оширилишини, қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларининг кўрсатмаларини бажармаганлик (якка тартибдаги уй-жой қурилиши объектларидан ташқари), объектларни қурилиш соҳасидаги ва йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат қилиш инспекцияларининг рухсатисиз қурганлик учун жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Энди маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомаларни тузишга оид ваколатлар ҳам уларнинг зиммасига юклатилмоқда.

 

Ўзгартиришлар билан ўзганинг товар белгисидан, хизмат кўрсатиш белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик, муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни, ихтирога, фойдали моделга ва саноат намунасига бўлган ҳуқуқларни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

«Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун фуқаролар, кенг жамоатчилик вакилларига атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш ва жамоатчилик экологик экспертизасини ўтказишда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Шунингдек атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш устидан экологик назорат бўйича махсус ваколатли давлат органлари – Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ИИВнинг вазифалари белгилаб берилган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.    

 

Сўнгра сенаторлар «Маҳкумларнинг ҳамда қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилдилар. Унга мувофиқ МЖТК Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг)  қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи норма билан тўлдирилмоқда.

 

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар унга доимий равишда қамоқда сақлаш жойларига кириш, қамоқда сақланаётган шахслар сони ҳақида маълумот олиш, уларни сақлаш шароитини ўрганиш, улар билан холи учрашиш, ушбу жойлар маъмурияти ходимлари билан учрашиш ва ушбу учрашув ҳамда суҳбатларни техник воситалардан фойдаланган ҳолда баёнини ёзиш йўли билан қийноқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ва жазо турларининг олдини олиш ҳуқуқини беради.

 

Омбудсманга бундай жойларда шахсни сақлашнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ва маъмуриятдан уларнинг кўчирма нусхаларини олиш, маъмуриятдан қамоқда сақланаётган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатишни талаб қилиш ва бу тадбирлар ўтказилишида иштирок этиш ҳуқуқи тақдим этилди.

 

Шунингдек у энди маъмурият раҳбариятидан қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича тушунтиришлар олиш, маъмуриятнинг қонунга зид ҳаракатига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўриш, қамоқда сақлаш шароити ҳақида хулоса тайёрлаш ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш ҳуқуқига эга бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни маъқулладилар. «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги, «Сурункали алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка мубтало бўлган беморларни мажбурий даволаш тўғрисида»ги, «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги, «Реклама тўғрисида»ги, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар идоралари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунларга, Ҳаво кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Фуқаролик кодексига турли хил талқин этиш имкониятини истисно этадиган тушунчалар ва терминлар маъноларига мувофиқ уларни бир хилда қўллашни таъминлашга қаратилган таҳририй тузатишлар киритилмоқда.

 

Бир қатор қонунларга суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан таҳририй тузатишлар киритилмоқда. Процессуал ҳаракатларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш тартиби, шартлари ва асосларини аниқлаш мақсадида Жиноят-процессуал кодекси янги нормалар билан тўлдирилмоқда. «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган тузатишга кўра, ички ишлар органларининг тергов бўлинмалари суриштирувчиларига, терговчиларига ва раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, Тошкент шаҳар, вилоятлар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан, ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг терговчиларига, бўлинма раҳбарларига ва бошлиғига нисбатан эса Бош прокурор ёки унинг ўринбосарлари томонидан қўзғатилади.

 

Сўнгра сенаторлар МДТКга, Жиноят, Жиноят-процессуал, Фуқаролик, Ер ва Солиқ кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутадиган «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилдилар. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шунингдек сенаторлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни кўриб чиқдилар. Ҳужжатда «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунга, Уй-жой, Ер, Шаҳарсозлик кодексларига ва бир қатор бошқа қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда. Чунончи, «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунга «халқаро облигация» тушунчасини киритишни, амалдаги тартиб доирасидан ташқарида ушбу облигациялар тушунчасини киритишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Бунга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қимматли қоғозларни жойлаштириш ва муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.

 

Кўчмас мулк олди-сотдиси тўғрисидаги шартномани нотариал тартибда албатта тасдиқлатишни бекор қилиш, АЖ ва МЧЖ устав жамғармасининг энг кам миқдорига қўйилган талабни бекор қилиш, лицензия талабларидаги устав капиталининг энг кам миқдорига қўйилган талабларни белгилаш тўғрисидаги нормалар киритилмоқда. Шунингдек АЖ устав капиталида камида 15%лик улушга эга инвесторнинг бўлиши ҳақидаги талабни бекор қилиш назарда тутилмоқда. Амалдаги акциядорлар қўшимча чиқариладиган акцияларни харид қилишда, акциядорлар умумий йиғилишига мажбурий аудитор текширувини ўтказиш учун аудитор ташкилотини белгилаш ваколатини беришда устувор ҳуқуққа эга экани ҳақидаги тартиб белгиланмоқда.

 

Кейинги йилларда республикада кўрилган чора-тадбирлар туфайли Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» рейтингида Ўзбекистон кўрсаткичи икки баравар яхшиланиб, жаҳоннинг 190 та давлати орасида мамлакатимиз 146-ўриндан 76-ўринга кўтарилди. Тузатишлар айнан шунга қаратилган бўлиб, бу бизнес юритиш соҳасида мамлакатимиз нуфузини янада яхшилашга кўмаклашади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Шундан кейин сенаторлар халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисидаги бир қатор қонунларни кўриб чиқдилар ва маъқулладилар.

 

Сенаторларнинг фикрича, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун талабларига жавоб бермайди, шу сабабли рад этилди.

 

Шунинг билан Олий Мажлис Сенати ўн саккизинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

 

Олий Мажлис Сенатининг

Ахборот хизмати материаллари асосида.