Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Аёллар меҳнати бўйича тақиқ ва чекловлар бекор қилинади

11.03.2019

Читать на русском языке

 

Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар қабул қилинди (7.03.2019 йилдаги ПҚ–4235-сон қарор).

 

Биринчидан, 2019 йил 1 майдан:

  • аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади (МКнинг 225-моддаси, шунингдек рўйхатга қаранг). Унинг ўрнига аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ва касблар тавсиявий рўйхати тасдиқланади;
  • агар отаси бола парваришлаш таътилининг камида 3 ойидан фойдаланса, ота ёки онадан бирига Меҳнат кодексининг 234-моддасида белгиланган тартибда қўшимча 1 ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади;
  • 2 ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади;
  • аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги (МКнинг 100-моддаси 7-банди) ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади;
  • эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.

 

Иккинчидан, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилмоқда. Улар узоқ муддат бола парваришлаш таътилида бўлган, мушкул иқтисодий аҳволга тушган аёлларни касблар бўйича қайта тайёрлашга кўмаклашади, аёлларнинг бизнес юритиш кўникмаларини шакллантиради, уларга маслаҳатлар беради ва амалий ёрдам кўрсатади.

 

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган хотин-қизлар туман (шаҳар) ҳокими ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан шакллантириладиган рўйхат асосида махсус ўқитиш дастури бўйича ўқитилади. Махсус дастурларни муваффақиятли ўзлаштирганларга туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига кўра тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит берилади. Кредит муддати 6 ойлик имтиёзли давр билан 3 йилдан ошмайди, ставка – йиллик 8%.   

 

Бунинг учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди банкларга ҳар йили 100 млрд сўм ажратади, унинг камида ярми қишлоқ жойлардаги хотин-қизларнинг бизнесини ривожлантиришга йўналтирилади.

 

Учинчидан, Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилди, қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  • мамлакатда гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш;
  • касбий сегрегация, иш ҳақи ўртасидаги фарқ, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни милилй қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаш ва самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда кенг қамровли тарғибот ишларини ташкил этиш.

 

Тўртинчидан, яқин орада иккита қонун лойиҳасини ишлаб чиқишлари ва Вазирлар Маҳкамасига киритишлари керак:

  • «Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, унда гендер тенглик тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари, давлат бошқарувида иштирок этиш, ишга қабул қилиш ёки ёллаш, кредит олиш ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлашга оид нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек бундай бузилишга олиб келадиган қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик назарда тутилади;
  • «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси, у маиший, иш жойидаги ва таълим муассасаларидаги тазйиқ ва зўравонликлар турлари, ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари, тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, судгача ва суд жараёнида тазйиқ ва камситишларга дучор бўлган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган процессуал кафолатларни ўз ичига олади.

 

Бешинчидан, 2 ой муддатда БМТнинг Статистика комиссияси томонидан тавсия этилган минимал гендер кўрсаткичлар ва бошқа маълумотлар gender.stat.uz сайтида жойлаштирилади ва доимий равишда янгиланиб борилади.Бундай маълумотлар рўйхати ҳужжатга иловада берилган бўлиб, 54 та позициядан иборат.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 9.03.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.