Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Меҳмонхона хизматлари: брон қилишдан расмийлаштиришгача

22.05.2019

Читать на русском языке

Республикамиз ҳудудида меҳмонхона хизмати кўрсатиш қоидалари: брон қилиш, ташриф буюрувчиларни расмийлаштириш, никоҳ муносабатларидан қатъи назар жой бериш, бепул хизматлар доираси ва бошқаларни белгиловчи намунавий низом қабул қилинди (20.05.2019 йилда 3160-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Ҳужжатда жойлаштириш воситалари: меҳмонхоналар, туризм базалари ва мажмуалари, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, хостеллар, оилавий меҳмон уйлари, ўтов ва палаткали оромгоҳлар, санаторийлар ва вақтинча яшаш хизматларини кўрсатадиган бошқа объектлар, ш.ж. тунаш учун қайта жиҳозланган ер усти транспортида меҳмонхона хизматларини кўрсатиш тартиби белгиланган.

 

Меҳмонхона хизматларининг ҳажми ва сифатига доир талаблар, қонун ҳужжатларида бошқа талаблар назарда тутилмаган бўлса, бажарувчи (меҳмонхона хизматларини тақдим қилувчи тадбиркорлик субъекти) ва ташриф буюрувчи (буюртмачи)нинг келишувига биноан белгиланади. Номер (жой) нархи бажарувчи томонидан мустақил белгиланади.

 

Бу – муҳим! Низомда белгиланишича, меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозим.

 

Ташриф буюрувчининг келиш вақтидан бошлаб унинг кетишигача бўлган муддатда у банд қилган номерга (жойга) турар жой дахлсизлиги тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилади. 

 

Жойлаштириш воситаси мижозни таништириши шарт бўлган маълумотларнинг аниқ рўйхати белгиланди. Улар:

  • бажарувчи тўғрисидаги маълумотлар, хусусан, унинг номи, манзили, боғланиш учун телефон рақами, электрон почта манзили;
  • меҳмонхона хизматлари учун мувофиқлик сертификати нусхаси ёки меҳмон уйлари ва хостеллар реестридан кўчирма;
  • номерлар (жойлар) нархи ва унга кирадиган меҳмонхона хизматлари рўйхати, шунингдек алоҳида тўлов эвазига кўрсатиладиган бошқа хизматлар;
  • имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси рўйхати ва б.

 

Барча маълумотлар танишиш учун қулай бўлган жойда, масалан, қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш жойида (ресепшен), расмий веб-сайтида (агар мавжуд бўлса) ва ҳ.к. жойлаштирилади. Бундан ташқари, жойлаштириш воситалари хизматлардан фойдаланишга доир ўз ички қоидаларини ишлаб чиқишлари ва уларни ҳар бир номерда жойлаштиришлари шарт.

 

Номерларни брон қилиш

 

Ҳар қандай қулай шаклда, масалан, телефон орқали брон қилиш мумкин. Кафолатланган ва кафолатланмаган брон қилиш турлари қўлланилади. Кафолатланган брон қилишда номер ташриф буюрувчи келишигача ушлаб турилади. Ташриф буюрувчи белгиланган муддатдан кечиккан ёки келмаган, бунда бронни ўз вақтида бекор қилмаган ҳолларда ундан номернинг бўш турганлиги учун бир суткадан кўп бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади. Бир суткадан кўп вақтга кеч қолганда брон бекор қилинади.

 

Кафолатланмаган брон қилишда номер маълум бир соатга брон қилинади. Белгиланган муддатда мижоз келмаганда брон бекор қилинади. Бажарувчининг ички қоидаларида брон қилишнинг бошқа турлари ҳам белгиланиши мумкин.

 

Ташриф буюрувчиларни расмийлаштириш

 

Меҳмонхона хизматлари меҳмон томонидан паспорт ёки унинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжат кўрсатилганидан сўнг тақдим этилади. Рўйхатдан ўтказиш яшовчиларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастури орқали амалга оширилади.

 

Мижознинг талабига кўра жойлаштириш воситаси у билан электрон ёки ёзма шаклда шартнома тузиши лозим, унда бажарувчи тўғрисидаги маълумотлар, тақдим этилаётган номер тўғрисидаги маълумотлар, унинг нархи, бўлиш муддати ва ҳ.к. қайд этилади.

 

Ташриф буюрувчиларга кеча-кундуз хизмат кўрсатилиши таъминланади.

 

Ташриф буюрувчилар учун бепул хизматлар

 

Меҳмонхона хизматлари ҳақи ҳар суткада тўланиши ёхуд соатбай тўлов белгиланиши мумкин. Қуйидаги хизматлар бепул кўрсатилиши лозим:

  • тез ёрдам ва бошқа махсус хизматларни чақириш;
  • тиббиёт дори қутичасидан фойдаланиш;
  • ташриф буюрувчининг номига юборилган ёзишмаларни етказиб бериш;
  • маълум вақтда уйғотиш;
  • қайнаган сув, игналар, иплар, идиш-товоқлар ва ошхона анжомларининг бир тўпламини тақдим этиш;
  • бажарувчининг ихтиёрига кўра бошқа хизматлар.

 

Меҳмонхона нималар учун жавобгар бўлади

 

Жойлаштириш воситаси ташриф буюрувчининг сақлаш учун топширилган буюмларининг бутлиги учун Фуқаролик кодексининг 899-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади. Бунда буюмларнинг сақлаш учун қабул қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат расмийлаштирилади.

 

Бундан ташқари, бажарувчи тузилган шартнома талаблари ва шартларига жавоб бермайдиган хизматларни тақдим этиш натижасида ташриф буюрувчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарни қоплаши шарт.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова.