Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Пенсияни исталган банк картасига олиш мумкин

30.07.2019

Читать на русском языке

Пенсия тизимида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилмоқда. Янгиланишлар муносабати билан бир талай саволлар ҳам юзага келмоқда. Улардан айримлари – пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш, шунингдек иш берувчилар ва ишлайдиган пенсионерларнинг мажбуриятларига тааллуқли масалаларни, таҳририятнинг илтимосига кўра Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасида шарҳлаб беришди.

 

Саволларга пенсия тайинлаш услубиятини такомиллаштириш бўлими бошлиғи Шуҳрат Ўтаганов ва пенсия тўлаш бўлими бошлиғи Миродил Қосимов жавоб бердилар.

 

– Давлат пенсияларини тайинлаш чоғида иш стажи ва тўланган иш ҳақи миқдорлари тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва тасдиқлаш жараёнини автоматлаштириш режалаштириляптими? Пенсионерларнинг маълумотларни йиғиш учун архивма-архив сарсон бўлишларига тўғри келяпти.

 

Ш. Ўтаганов: – Иш стажи ва иш ҳақи миқдорларини архив маълумотномалари билан тасдиқлаш – пенсияга чиқаётганларнинг ҳаммаси учун ҳам долзарб муаммо эмаслигини таъкидламоқчиман. Барча меҳнат дафтарчалари тўғри расмийлаштирилган деб айтолмайман. Сўнгги намунадаги меҳнат дафтарчалари тақдим этилган, ундаги бланка матни лотинча ёзувда бўлса-да, совет давридаги иш тўғрисидаги ёзувлар киритилган ҳолатлар кўп учрамоқда. Бу албатта шубҳа туғдиради ва биз меҳнат дафтарчаларидаги далилларни тасдиқлаш учун архивларга мурожаат қилишга мажбур бўламиз.

 

Баъзида архивларда маълумотлар мавжуд эмаслиги муаммосига тўқнаш келамиз. Бу ҳолат иш берувчиларнинг архив иши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги ва ўз вақтида ҳужжатларни топширмаганлиги натижасидир. Архивларда маълумотларнинг мавжуд эмаслиги ҳозирда муаммо туғдирмаяпти. Масалан, 2005 йилдан кейинги маълумотларни жамғариб бориладиган пенсия тизимининг бош муассасаси ҳисобланмиш «Халқ банки»га сўров бериш орқали текширамиз. Ҳақиқатда ишланган бўлса, ШЖБПҲга ажратмалар қилинган бўлади.

 

Автоматлаштиришга келсак, бу иш албатта амалга оширилади, бунга бироз вақт керак. Назаримда, электрон меҳнат дафтарчалари тизими жорий этилиши билан бу йўналиш олға силжийди.

 

– Ҳозир Йўриқномага (рўйхат рақами 2282-6, 17.06.2019 йил) киритилган згартириш ва қўшимчаларга мувофиқ пенсия ёки ижтимоий нафақа тайинлаш тўғрисидаги аризага жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасининг нусхасини илова қилиш талаб этилмайди. Меҳнат стажи ва ҳисобланган иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотларни архив маълумотномалари билан тасдиқлай олмаган кишининг тақдири қандай кечади?

 

Ш. Ўтаганов: – Архив маълумотномаларида мавжуд бўлиши мумкин бўлган маълумотларни тиклаш учун жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасидан фойдаланилмаган. Унда бунинг учун етарли ахборот мавжуд эмас. Унинг эгаси ўз жамғармаси миқдори билан қизиқадиган бўлса, унда жамғарилган ва ҳисобланган фоизларнинг умумий суммаси кўрсатилган «Халқ банки» ходимларининг ҳар йиллик қайдларини кўриши мумкин. Бу меҳнат стажи ва ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни тиклаш учун етарли бўлмайди. Такроран айтаман, иш стажи ва ҳисобланган иш ҳақлари тўғрисидаги маълумотларни «Халқ банки»га юборилган сўровларга олинадиган жавоблардаги маълумотлар бўйича тиклаймиз. Пенсия ишида ушбу ҳужжат нусхасининг мавжуд бўлиши аҳамиятга эга эмас.

 

– Нима учун Давлат пенсияси тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомда (8.09.2011 йилдаги 252-сон ВМҚ билан тасдиқланган) ушбу ҳужжатнинг нусхасини тақдим этиш зарурлиги ҳақидаги норма сақланиб қолган? «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонун талабларига амал қилинадиган бўлса, уни Пенсия жамғармасига тақдим этиш зарур. Нима қилиш керак?

 

Ш. Ўтаганов: – Айни пайтда норматив ҳужжатларни ҳукуматнинг қарорига биноан сўнгги йилларда киритилган янгиликлар талабларига мувофиқлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айрим норматив ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳалар амалда бир вақтда ишлаб чиқилган. Бироқ уларни тасдиқлаш тартиб-таомилига ҳар хил вақт кетади. Шу боис жузъий тушунмовчиликлар юзага келмоқда.

 

Чунончи, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат пенсиясини тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилган қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозир ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Унинг қабул қилиниши қонун ҳужжатларида мавжуд зиддиятларни бартараф этишга имкон беради. 

 

Ҳозирча белгиланган нормативларга амал қилиш лозим. 

 

– Яна бир янгиликка тушунтириш берсангиз. Нега бола туғилганлиги бўйича нафақани олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлардан меҳнат дафтарчаси нусхаси чиқариб ташланмоқда? 

 

Ш. Утаганов: – Айни пайтда 14 та минтақада тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда, унинг доирасида бола туғилганлиги муносабати билан нафақа ва дафн этиш бўйича нафақа Давлат хизматлари марказлари орқали тайинланади. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори чиққанидан кейин бу тартиб бутун республика бўйлаб татбиқ этилади.

 

Бола туғилганлиги муносабати билан нафақа тайинлаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан меҳнат дафтарчасининг нусхаси чиқариб ташланишига сабаб нафақа Давлат хизматлари марказлари орқали тайинланади ва тўланади. Пенсия жамғармасига тегишли ҳисоблашларни амалга ошириш учун бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасининг ўзи етарли бўлади. Бу норма аллақачон Йўриқномага (рўйхат рақами 2282-6, 17.06.2019 йил) киритилган.

 

– Бир йил олдин Пенсия жамғармаси қоғоз шаклидаги пенсия гувоҳномалари ўрнига пенсионернинг электрон картасини (ID-card) жорий этиши ҳақида маълум қилинган эди. Бу иш қайси босқичда турибди?

 

М. Қосимов: – Ҳозир бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси манфаатдор вазирликлар мутахассислари ва Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда Фуқароларни давлат пенсияси билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

 

Концепция лойиҳаси доирасида пенсия ва нафақа олувчилар аутентификация қилиниши, шунингдек электрон гувоҳномаларни (ID-card) жорий этиш назарда тутилмоқда. Бу гувоҳномалардан пенсия, давлат, транспорт, банк, тиббий ва бошқа хизматларни олишда шахсни тасдиқловчи ҳужжат сифатида фойдаланилади. Лойиҳани амалга ошириш тахминан 2021–2022 йилларга мўлжалланган.

 

 – 2018 йилнинг охиригача пенсионерни ишга қабул қилган ташкилотларга пенсионер ишга қабул қилинганлиги тўғрисида маълумотни электрон кўринишда жўнатиш имконияти берилиши ҳақида гапирилган эди. Бу лойиҳа амалга оширилдими?

 

М. Қосимов: – Бу техник жиҳатдан амалга оширишга тайёр турибди. Тегишли хизмат my.soliq.uz порталида ишламоқда. Ҳозирги пайтда бу хизмат тест режимида фаолият кўрсатаётир. Норматив-ҳуқуқий база тасдиқланганидан кейин у умумфойдаланиш учун очиқ бўлади. Бу яқин кунларда бўлиши кутилмоқда. Янгиликнинг жорий этилиши ахборот алмашиш, қоғоз шаклидаги ҳужжатлар айланишини қисқартиришга имкон беради. 

 

– Пенсионер ўз хоҳишига кўра пенсияни тўлиқ миқдорда банк картасида олиши мумкинми?

 

М. Қосимов: – Ҳа, албатта, пенсияни тўлиқ миқдорда пластик картада олиш мумкин. Пенсия қисман нақд шаклда, қисман эса пластик картага ўтказиб бериладиган вариантлар ҳам мавжуд. Бунинг учун тегишли ариза билан пенсия тўлаш жойига мурожаат қилиш керак. Пластик карта варианти танланган бўлса, унинг реквизитларини пенсия тўлаш жойи бўйича тақдим этиш лозим.

 

– Пенсия олиш учун пластик карта қайси банкда очилиши лозим? Бу «Халқ банки» бўлиши шартми? Саволингиз ўта долзарб, сабаби банклар мобиль иловалар воситасида турли молиявий хизматларни, шу жумладан овердрафт-кредитлар, онлайн-омонатлар хизматларини тақдим этмоқдалар. Табиийки, энг яхши таклифдан фойдаланишни хоҳлаймиз, банклар ўртасида картадан картага ўтказиш чоғида эса ўтказма суммасининг 1%и миқдорида воситачилик ҳақи тўланади.

 

М. Қосимов: – Пенсия мамлакатимизда фаолият юритаётган исталган банкнинг картасига тўлаб берилади. Вариант сифатида бу пенсионерлар учун имтиёзли шартлардаги овердрафт-кредитларни таклиф қиладиган «Халқ банки»нинг махсус картаси ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, пенсионер пенсияни қисман битта банк картасига, қисман эса бошқа банк картасига тўлашни талаб этиши мумкин. Фақат пенсия тўлаш жойи бўйича ўз истагингизни билдиришингиз лозим.

 

– Ишлайдиган пенсионер пенсияни иш жойидан эмас, яшаш жойи бўйича олиши мумкинми? Бу масала уйда ишлайдиган, иш ҳақини карточкага оладиган, бироқ пенсияни олиш учун ишхонага келишга мажбур бўладиган пенсионерлар учун долзарбдир.

М. Қосимов: – Йўқ, ишлайдиган пенсионерлар пенсияни фақат иш жойидан олиши мумкин. Бунда улар иш берувчига пенсияни пластик картага ўтказиб беришни сўраб мурожаат қилишларига ҳеч нарса тўсқинлик қилмайди. Баъзида мендан пенсияни иш ҳақи ўтказиладиган картага эмас, балки бошқасига ўтказиш мумкинми, деб сўрашади. Мумкин, бунинг учун иш берувчига пенсия олмоқчи бўлган картангизнинг реквизитларини тақдим этасиз, вассалом. 

Олег Гаевой.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_