Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Кимларга III, II ва I даражали сержант унвони берилади

26.09.2019

Читать на русском языке

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги янгиланган низом тасдиқланди (12.09.2019 йилдаги ПҚ-4447-сон).

 

Ҳужжатга, аввалги таҳририга қараганда, айрим тузилмавий ва мазмун жиҳатдан ўзгартиришлар киритилди. Тузилмавий ўзгартиришларга, хусусан, атамалар таърифлари берилишини киритиш мумкин. Масалан, «ҳарбий хизмат», «ҳарбий хизматчи», «ҳарбий унвон», «контракт», «ҳарбий хизматчининг номига доғ туширувчи хатти-ҳаракат» атамаларига таъриф берилди.

 

Янгиликларнинг кўпчилиги контракт бўйича ҳарбий хизматни ўташга тааллуқлидир. Масалан, олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари лавозимига қабул қилинадиган фуқаролар ёши – 17 ёшдан 23 ёшгача этиб ўзгартирилди (илгари 17 ёшдан 21 ёшгача эди). Бошқа олий ўқув юртларининг 26 ёшгача бўлган талабалари ҳам курсант бўлиши мумкин.

 

Контракт бўйича ҳарбий хизматчилар таркиби орасидан бўлган курсантларда ўқиш даврида: берилган ҳарбий унвонлар ва охирги эгаллаган лавозим бўйича маошлар, хизмат йили учун фоиз маоши, махсус моддий рағбатлантириш фондидан ҳар ойлик устама тўлов, қўшинлар жанговар шайлигини сақлаш учун бир марта тўланадиган пул мукофоти, узлуксиз ҳарбий хизмати учун бир марта тўланадиган пул мукофоти, шунингдек моддий ёрдам олиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Оилали ёки қарамоғидаги шахслари бўлган курсантлар турар жой хоналарининг ижараси учун ҳар ойда тўланадиган пуллик компенсация олишлари мумкин. Уларга бошқа тўловлар тўланмайди.

 

Контракт бўйича хизматга киришга номзодларни олдиндан ўрганиш энди ҳарбий-профессионал саралашнинг таркибий қисмига айланади (илгари алоҳида тур бўлган). Унинг қуйидаги босқичлари қайд этилди: тиббий кўрикдан ўтказиш, руҳий ҳолатини ўрганиш, жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш, бошқа синов турлари. Муддатли хизматдаги офицерлар орасида саралаш икки босқичда ўтказилади – номзодни ўрганиш ва аттестация (малака) комиссияси мажлисида кўриб чиқиш.

 

Хизмат йили энди йиллик навбатдаги таътил давомийлигига таъсир кўрсатади. Контракт бўйича 10 йил хизматни ўтаганларга базавий 30 суткага 5 сутка, 15 йилдан кейин 10 сутка, 20 йил ва ундан ортиқ бўлса – 15 сутка қўшилади. Бунда ҳарбий лавозимларга тайинланган ходимларга махсус унвон берилган кундан бошлаб ИИВ, ДБҚ, ДСҚ, прокуратура ва адлия органларидаги хизмат ҳам ҳисобга олинади.   

 

Контракт бўйича барча тоифадаги ҳарбий хизматчилар ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлган бутун муддат давомида мунтазам ўқиш ва малака ошириш орқали хизматни ўташи ва юқори поғоналарга кўтарилиши лозим. Биринчи йил хизматни ўтаган битирувчилар ўқиган олий ҳарбий ўқув юртлари раҳбарларига билдиришномалар тақдим этилади. Уларда командир ва бошлиқлар томонидан барча ўқитилган фанлар бўйича битирувчилар тайёргарлиги бўйича берилган баҳолар кўрсатилади. 

 

Сержантлар таркибининг янги ҳарбий унвонлари жорий этилди: ҳарбий унвонлар – III даражали сержант, II даражали сержант, I даражали сержант ва кема таркибидаги унвонлар – старшина ва III қисм старшинаси. III даражали сержант унвонида хизмат қилиш муддати   3 йилни ташкил қилади (резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар учун – 4 йил), II даражали сержант – 4 йил (резервда ҳам шунча), I даражали сержант – 5 йил (резервда ҳам шунча). Ҳарбий хизматчилар тегишли тайёргарлик курсларини тугатганларидан сўнг ушбу унвонлар берилади. Бунинг учун улар эгаллаб турган лавозими бўйича кўзда тутилган ҳарбий унвонга мос бўлиши, шунингдек командирлик ва ҳарбий иш мутахассиси, бўйсунувидагиларни тайёрлаш ва тарбиялаш ишида мураббийлик сифатлари ва малакаларини намоён қилган, жанговар ва касбий тайёргарликда яхши кўрсаткичларга эга бўлиши лозим.

 

Бундан ташқари, энди «лейтенант» унвонини бериш учун лавозимга тайинланган вақтидан эътиборан қанча муддат ўтганлиги ва фуқаролик олий маълумотига эга ҳарбий хизматга мажбурларнинг хизмат давомийлиги аҳамиятга эга эмас. Илгари тегишли равишда 12 ва 9 ой ўтган бўлиши керак эди. Бундан ташқари, 5 йил ўқиган олий ҳарбий ўқув юртлари битирувчилари учун лейтенант унвонида хизмат қилиш муддати 1 йилгача қисқартирилди. Авиациянинг учувчи таркиб офицерлари учун ҳарбий унвонлар беришда хизмат ўташ махсус муддатлари бекор қилинди.

 

Ҳарбий хизматларда бўлиш чегаравий ёши, шу жумладан резерв разрядлари «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштирилди. Унга киритилган тегишли тузатишлар 2018 йил октябрдан кучга кирганлигини эслатиб ўтамиз.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.09.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.