Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Жиноят процессининг вояга етмаган иштирокчиларига кўпроқ кафолатлар берилди

08.01.2020

Читать на русском языке

 

Жиноят-процессуал кодексига ва «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди (6.12.2019 йилдаги ЎРҚ-587-сон Қонунга қаранг).

 

Аввало, бундан буён қуйидагиларнинг ишларида ҳимоячидан воз кечишга йўл қўйилмайди:

  • вояга етмаганлар;
  • соқовлар, карлар, кўрлар, жисмоний нуқсони ёки руҳий ҳолати бузилганлиги сабабли ўзини ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишга қийналадиган бошқа шахслар;
  • судлов иши олиб борилаётган тилни билмайдиган шахслар;
  • жазо чораси сифатида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятларни содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахслар;
  • тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларда;
  • апелляция, кассация ва назорат инстанцияси суди томонидан кўриладиган ишларда.

 

Аввал санаб ўтилган ҳолатларда гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимоячидан воз кечиши мумкин бўлган, бироқ бундай воз кечиш суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд учун мажбурий бўлмаган. Яъни, иш ҳимоячи иштирокида ва кейинчалик ундан воз кечилганда ҳам кўриб чиқилиши мумкин бўлган. Шунга қарамай, ҳар бир муайян ҳолатда қарор қабул қилиш айблов тарафлари ва суд ихтиёрига қолдирилган.

 

Бундан ташқари, вояга етмаган гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки жабрланувчининг илтимосига кўра, ишда шахслар билан бир қаторда унинг катта ёшдаги яқин қариндошларидан бирининг ёки ўзи ишонадиган бошқа шахснинг қонуний вакили сифатида иштирок этишига йўл қўйилиши мумкин. Қонуний вакил сифатида улар:

  • ўзи вакиллик қилаётган шахснинг суриштирувчига, терговчига, прокурорга ёки судга чақирилганлигидан хабардор бўлиш; ўзи вакиллик қилаётган қамоқдаги шахс билан холи учрашиш; ўзи вакиллик қилаётган шахс ушбу Кодексга мувофиқ эга бўлган процессуал ҳуқуқларни амалга ошириш ҳуқуқига эга (ЖПКнинг 46, 48, 55-моддалари);
  • ўзи вакиллик қилаётган шахсга нисбатан ўтказиладиган процессуал ҳаракатларда иштирок этиши; суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ва суднинг чақирувларига биноан ҳозир бўлиши; ҳақиқатни аниқлашга далилларни йўқ қилиш, сохталаштириш, гувоҳларни кўндиришга уриниш ва қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар орқали тўсқинлик қилмаслиги; ишнинг тергови ва суд мажлиси вақтида тартибга риоя этиши шарт.

 

Қонунда назарда тутилган шахс ҳуқуқларини ҳимоялаш кафолатлари ҳамда гумон қилинувчи ва айбланувчи сифатида сўроқ қилиш, экспертлик текширувлари ва мураккаб тиббий текширув усулларидан ёки кучли оғриқ бериш билан боғлиқ усуллардан мажбурий фойдаланиш йўли билан намуналар олишнинг ўзига хос жиҳатлари эндиликда 16 ёшдан 18 ёшгача, яъни тенг даражада барча вояга етмаганларга  татбиқ этилади, (илгари фақат 16 ёшга тўлмаганларга татбиқ этилар эди, таҳр. изоҳи). Болага ҳар қандай руҳий ёки жисмоний таъсир ўтказиш, уни кўрсатмалар беришга ёки айбини тан олишга мажбурлаш тақиқланиши алоҳида таъкидланган.

 

Давлат томонидан болага нисбатан эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларининг олдини олиш, шунингдек уларнинг содир этилишига имкон берган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, шунингдек эксплуатация ва зўравонликка дучор бўлган болаларга зарур педагогик, психологик, тиббий, юридик ёрдам кўрсатиш бўйича чоралар кўрилади.

 

Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.12.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов.