Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Матбаа фаолиятига қандай рухсат олинади

08.01.2020

Читать на русском языке

 

Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди (19.12.2019 йилдаги 1017-сон ВМҚга қаранг).

 

Юридик ва жисмоний шахсларга матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш бўйича давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИХДП) орқали кўрсатилиши белгиланган.

 

Тасдиқланган Регламентга мувофиқ матбаа корхонаси алоҳида юридик шахс сифатида ёки мавжуд юридик шахснинг таркибий тузилмаси сифатида ташкил этилиши мумкин. Жисмоний шахслар матбаа фаолиятини амалга ошириш учун якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари лозим. 

 

Матбаа фаолияти деганда босма маҳсулотларнинг қолипларини тайёрлаш, шу жумладан муҳр ва штампларни ясаш, чоп этиш, муқовалаш ва чоп этишдан кейинги жараёнлар тушунилади. Мазкур жараёнларнинг барчаси ёки алоҳида жараёни ҳам матбаа фаолияти ҳисобланади.

 

Ушбу Регламент нусха кўчириш, дизайнерлик ва фотостудия хизмати, матн териш, оригинал макет тайёрлаш фаолиятларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш бўйича давлат хизмати давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг (кейинги ўринларда ваколатли орган деб аталади) ҳудудий бошқармалари (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) томонидан амалга оширилади.

 

Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома 5 йил муддатга берилади.

 

Матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш учун давлат божи тўланади, унинг ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

 

Т/р

Матбаа фаолияти тури 

Давлат божи ставкаси

(базавий ҳисоблаш миқдори бараварида

1.

Босма нашрларни босиш:

а) йиллик иш ҳажми 2 млн босма табоққача бўлган корхоналар;

 

10 БҲМ

б) йиллик иш ҳажми 2 млн босма табоқдан ортиқ бўлган корхоналар;

 

25 БҲМ

2.

Босма маҳсулотларнинг қолипларини тайёрлаш

 

2,5 БҲМ

3.

Муҳр ва штамплар тайёрлаш. Босма маҳсулотларини муқовалаш

 

5 БҲМ

4.

Матбаа корхоналари чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган ёки корхонага Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари муассис (ҳаммуассис) бўлса

500 АҚШ доллари миқдорида (Марказий банк курси бўйича сўмда амалга оширилади)

 

 

Матбаа фаолиятини амалга оширишни қайта рўйхатдан ўтказиш учун давлат рўйхатидан ўтказишда назарда тутилган давлат божи суммасининг 50%и миқдорида давлат божи тўланади. ЯИДХП орқали мурожаат этилганда давлат божи белгиланган сумманинг 90%и миқдорида ундирилади.

 

Матбаа фаолиятини амалга оширишга рухсат берганлик учун ундирилган давлат божи суммаси қуйидагича тақсимланади:

 

 

Счёт номи

Давлат хизматлар марказига мурожаат қилинганда

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги бюджетдан ташқари жамғармасининг шахсий ҳисобрақами

20%

10%

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси

60%

58,75%

Туманлар ва шаҳарлар бюджетлари

20%

20%

ЛБМА қошидаги «Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази» ДУКнинг махсус ҳисобрақами

11,25%

 

Давлат хизмати кўрсатилиши тартиб-таомили регламентга иловада келтирилган схемада акс эттирилган.

 

Матбаа корхонаси илгари шу ном билан рўйхатдан ўтказилган ёки тақдим этилган ҳужжатларда ишончли бўлмаган ва нотўғри маълумотлар мавжуд бўлса, уни рўйхатдан ўтказиш рад этилиши мумкин. Бошқа асосларга кўра рад этиш тақиқланади.

 

Ваколатли орган давлат реестрини юритади, унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

  • ариза берувчининг номи, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, манзили, телефон рақами;
  • солиқ тўловчининг идентификация рақами;
  • гувоҳноманинг берилган санаси ва тартиб рақами;
  • матбаа корхонасининг фаолият турлари тўғрисидаги маълумотлар;
  • гувоҳномани қайта расмийлаштириш, уни тўхтатиб туриш ва амал қилишини тиклашнинг асослари ва санаси;
  • гувоҳноманинг амал қилишини тўхтатишнинг асослари ва санаси.
  • гувоҳномани бекор қилишнинг асослари ва санаси.

 

Матбаа фаолиятини амалга оширадиган корхоналар тўғрисидаги очиқ маълумотлар ваколатли органнинг расмий веб-сайтида юридик шахслар ва фуқароларнинг танишиши учун жойлаштирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 20.12.2019 йилдан кучга кирди.      

 

Анвар Иркаходжаев.