Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

МБнинг асосий ставкаси ўзгаришсиз қолдирилди

13.03.2021

Читать на русском языке

Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 11 мартда асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Ушбу қарор 2021 йил якунида инфляциянинг оралиқ мақсадли кўрсаткичи – йиллик 10%дан паст даражасига эришиш ва иқтисодий фаолликнинг барқарор тикланиши учун етарли шароит яратиш, шунингдек инфляцион кутилмаларни пасайтиришга қаратилган пул-кредит сиёсатининг жорий йўналишини давом эттириш мақсадида қабул қилинди.

 

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

 

2021 йил январь-февраль ойларида йиллик инфляция даражаси мавсумий омиллар ва озиқ-овқат нархларининг ўсиши таъсирида бироз тезлашди ва мос равишда 11,6% ва 11,4%ни ташкил этди.

 

Озиқ-овқат маҳсулотларидан шакар, ўсимлик ёғи, товуқ гўшти ва мева-сабзавотлар нархларининг ўсиши умумий инфляцияга салмоқли ҳисса қўшди. Озиқ-овқат нархларининг ўсиши умумий инфляцияга сезиларли оширувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Хусусан, ушбу гуруҳ бўйича нархлар йиллик ҳисобда ўртача 14,6%га ошди ва умумий инфляцияга оширувчи таъсири 6,19 фоиз бандни ташкил этди.

 

Ташқи сектордаги ўзгаришлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархларининг деярли бир йилдан бери давом этаётган ўсиши қисқа муддатли истиқболда инфляцияга оширувчи босимни юзага келтириши мумкин.

 

Шу билан бирга, 2021 йилнинг дастлабки ойларида ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларининг ҳам бироз тезлашиши қайд этилди. Ушбу гуруҳдаги товар ва хизматлар нархлари ўсиши, асосан, ҳудудларда йил бошида совуқ сув тарифларининг бозор нархларига тўғирланиши, тамаки ва алкоголь маҳсулотларига нисбатан акциз солиғининг индексация қилиниши, шунингдек бензин нархининг ўсиши каби омиллар билан изоҳланади.

 

Йил бошидан буён аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,3% ва 17%гача пасайган бўлса ҳам, инфляциянинг амалдаги ҳамда прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

 

Сўнгги сўров натижаларига кўра, респондентлар озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари, коммунал хизматлар ва бензин нархларида сезиларли ошиш кузатилганлигини қайд этган бўлса, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлар таннархи ошишининг асосий омиллари сифатида хом ашё, транспорт ва коммунал хизматлар нархларининг ўсишини таъкидлаган.

 

Иқтисодий фаоллик

 

2021 йилнинг январь-февраль ойларида аксарият тармоқ кўрсаткичларида ижобий ўсиш тенденциялари кузатилган бўлсада, 2020 йилнинг мос даври даражасигача етиб бормади.

 

Корхоналар ўртасида ўтказилган сўровлар, жорий йилнинг февраль ойида иқтисодий фаоллик январь ойидаги мавсумий омиллар таъсирида пасайишидан сўнг бироз тикланганлигини кўрсатмоқда. Лекин февраль ойидаги иқтисодий фаоллик индекси 2020 йил декабрь ойидаги кўрсаткичдан пастроқ даражада шаклланди.

 

Шу билан бирга, ишбилармонлик кайфияти индексида ўсиш кузатилиб, барча тармоқларда корхоналарнинг келгуси уч ой бўйича иқтисодий кутилмалари яхшиланди.  

 

Молиявий ресурсларга, хусусан, кредит ва хорижий валютага бўлган талаб ҳам босқичма-босқич тикланиб бормоқда. Жорий йил январь-февраль ойларида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 18,8 трлн сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан (18,7 трлн сўм) бироз ошди.

 

Товар ва хизматлар импорти учун хорижий валюта хариди 1,72 млрд АҚШ долларини ташкил этиб, қарийб карантиндан олдинги давр кўрсаткичига тенг бўлди.

 

Республика товар-хом ашё биржасидаги умумий айланма февраль ойида январь ойига нисбатан 26,5%га ва ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 1,6 баробарга кўпайди. Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони ҳам февраль ойида ўтган ойга нисбатан 19,6%га ошди.

 

Ташқи талабнинг тикланиб бориши шароитида жорий йилнинг январь-февраль ойларида экспорт тушумлари (олтинни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8%га ўсиб, 1,4 млрд АҚШ долларига етди. Бунда, февраль ойида экспортдан тушумлар 743 млн АҚШ долларини ташкил этиб, январь ойига нисбатан 13%га ўсди. 

 

Трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича тушумлар жорий йилнинг январь-февраль ойларида 892 млн АҚШ долларини ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 14%га ошди.

 

Ушбу омиллар ички валюта бозорида таклифни қўллаб қувватлашга хизмат қилди ва натижада миллий валюта алмашув курси нисбатан барқарор шаклланиб, 2021 йил 1 март ҳолатига девальвация даражаси йил бошига нисбатан 0,6%ни ташкил этди.

 

Пул-кредит шароитлари

 

2021 йил январь-февраль ойларида иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Февраль ойида банклараро пул бозорининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 14,4%ни ташкил этиб, фоиз коридори доирасида асосий ставкага нисбатан ижобий тафовут билан шаклланди, UZONIA индекси 14% атрофида бўлди.

 

Йил бошида пул бозоридаги операциялар ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, февраль ойида операциялар ҳажми 11,5 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 23,1%га кўпайди.

 

2020 йил иккинчи ярмидаги пасаювчи тенденциясидан сўнг жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича фоиз ставкалари 2021 йил февраль ойида 18,3%гача ва юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,8%гача кўтарилди. Жорий йилнинг февраль ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,3%га тенг бўлди.

 

2021 йил 1 январдан бошлаб мақбул фоиз ставкалар механизми бекор қилинганидан сўнг фоиз ставкаларида ошиш томонга маълум даражадаги тўғриланиш кузатилди. Бироқ, фоиз ставкалари пул-кредит шароитларидаги ўзгаришларни ўзида акс эттирган ҳолда ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга нисбатан анча паст даражада шаклланди.

 

Прогноз ва хатарлар

 

Марказий банкнинг базавий прогнозларига кўра, инфляциянинг 2021 йил якуни бўйича 9,0-10,0%гача пасайиши кутилмоқда. Қуйидагилар йил охиригача инфляция даражасига пасаювчи таъсир кўрсатади:

  • 2020 йил IV чорагидан бошлаб нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолинаётганлиги;
  • карантин чоралари таъсирининг ва 2020 йилнинг март-апрель ойларидаги нархларнинг юқори ўсиши натижасида юзага келган «юқори база таъсири»нинг босқичма-босқич тугаши;
  • 2020 йил апрелда миллий валюта алмашув курси кескин қадрсизланишининг нархларга оширувчи таъсирининг чиқиб кетиши.

 

Импорт бозорларида концентрация даражасини қисқартириш ва диверсификация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ва кўламининг ортиши нархлар барқарорлигини таъминланишига ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайишига хизмат қилади.

 

Айни пайтда, инфляциянинг бир марталик омиллари, чекланган таклиф шароитида талабнинг тезроқ суръатларда тикланиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатлар томонидан айрим турдаги озиқ-овқатлар учун экспорт квоталари ва божларининг киритилиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.

 

Шу билар бирга, ёқилғи ва транспорт харажатлари ошиши ҳамда айрим турдаги товарлар учун акциз солиғи индексация қилинишининг  ички нархларга иккиламчи таъсири, шунингдек, захираларнинг камайиши ва бозорларга янги ҳосилнинг кириб келиши ўртасидаги узилиш даврида озиқ-овқат нархларининг мавсумий ўсиши бўйича кутилмалар мавжуд.

 

Келгуси ойларда қурилиш соҳасида ўтган йилга нисбатан сезиларли ўсиш кутилаётганлиги, цемент ва бошқа қурилиш материаллари нархларининг ўсишига олиб келиши мумкин.

 

Шу муносабат билан ички бозорда товар ва хизматлар ҳажмининг талабга мос равишда оширилиши бўйича чораларнинг ўз вақтида кўрилиши ва алоҳида товар бозорларида рақобатнинг кучайтирилиши муҳим аҳамиятга эга.

 

Умуман олганда, ички ва ташқи омиллар таъсирида инфляцияни тезлаштирувчи хатарларнинг юқорилиги ҳамда инфляциянинг пасайтирувчи ва оширувчи омиллари баланси жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этди.