Президент томонидан 8.04.2021 йилдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги ПҚ-5062-қарор имзоланди.
Жамиятимиз ҳаётида тинчлик-барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини асраш ва янада ривожлантириш мақсадида:
- Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига биноан Рамазон ойи 13 апрелда бошланади.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб ҳолда ўтказишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 8.04.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.