Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Сенаторлар томонидан бир қатор қонунлар маъқулланди

27.04.2021

Читать на русском языке

23 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.  Мажлисда «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида«ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Қонуннинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, уларга сиёсий бошпана бериш, уларнинг Ўзбекистон Республикасида кириш ва чиқишлари, давлатимиз ҳудуди орқали транзит ўтишлари ва қоидаларини бузган ҳолда жавобгарлиги ва бошқа ҳуқуқлари батафсил белгиланган. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

 

Сенат мажлисида «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди

 

Қонун билан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтишнинг фақат электрон тарзда ишлайдиган махсус – «Лицензия» ахборот тизими орқали (шунингдек Ягона интерактив давлат хизматлари портали) амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

 

Қонун юридик шахсларнинг филиаллари ва ваколатхоналари учун алоҳида лицензия ва рухсатнома олиш талабини ҳамда лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг электрон шаклда берилиши муносабати билан лицензия шартномасини тузиш институтини бекор қилмоқда.

 

Қонун билан илк бор хабардор этиш орқали фаолиятни амалга оширишнинг тартиби ва механизмлари жорий этилмоқда. 

 

Шу билан бирга, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомилларини бузганлик учун юридик шахсларга жарима солиш тартиби ҳам белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси кун тартибидаги навбатдаги масала«Ноширлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди. 

 

 Янги таҳрирдаги Қонунда амалдагисида бўлмаган асосий тушунчалар ҳамда уларни изоҳловчи тегишли модда киритилмоқда. Бу ўзгариш нафақат Қонундаги муайян қоидалари ноаниқлигининг олдини олади, балки замонавий қонунчилик техникасига, ҳозирги амалиёт талабларига мос равишда матнни баён этишда қулайликлар яратади.

 

Қонунда ноширлик фаолияти субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш усулларини аниқлаш, хусусан, уларнинг молиявий ҳолати ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш, ноширлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва бошқа имтиёзларни белгилаш назарда тутилган.

 

Матбаа маҳсулотларида нашрнинг чиқарилишига доир маълумотлар кўрсатилиши лозимлиги ҳамда уларнинг рўйхати  қонунийлаштирилмоқда. Бундай маълумотлар нашр этилаётган маҳсулотларнинг қатъий адади аудитини, ноширлик соҳаси аҳволининг статистикасини ва ривожланиш динамикасини режалаштиришни таъминлайди, халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилаётган босма маҳсулотларнинг ҳисоби юритилишини ташкил қилиш имкониятини беради.

 

«Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонун муҳокама марказида бўлди. 

 

Психиатрия ёрдамига оид фаолият 2000 йилда қабул қилинган «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонун билан тартибга солинган. 

 

Мазкур Қонунда ушбу  ёрдамнинг асосий принциплари белгиланган, аммо унда бир қатор муҳим аҳамиятга эга бўлган масалалар, хусусан, психиатрия ёрдамини кўрсатиш устидан жамоатчилик назорати, шифокор-психиатрлар комиссияларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузувчи хатти-ҳаракатлари устидан шикоятларни кўриб чиқиш тартиби каби жиҳатлар назарда тутилмаган.

 

Шу муносабат билан Президентнинг 2018 йилдаги қарорига асосан янги таҳрирда «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқилган.

 

Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши психиатрия ёрдамининг барча йўналишлари бўйича норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишига, шу жумладан, ихтиёрий, ғайриихтиёрий ва мажбурий психиатрия ёрдами кўрсатишга, соҳада манфаатдор вазирлик ва идораларнинг ҳамкорлигини таъминлашга имкон беради. Фуқароларнинг психиатрия ёрдами олишдаги эркинликлари ва қонуний манфаатларини ифодалаб, уларнинг ҳаётига асоссиз аралашувлардан, руҳий ҳолати бузилган шахсларни жамиятда асоссиз камситилишидан, айни вақтда жамиятни бундай шахсларнинг ижтимоий хавфли қилмишларидан ҳимоя қилади.

 

Руҳий ҳолати бузилган шахслар учун давлат тизими орқали бепул юридик хизмат кўрсатилади, улар ишга жойлашишида кўмак берилади. Шу билан бирга, Қонун психиатрия ёрдами кўрсатишда тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларнинг ҳимоясини ҳам амалда таъминлайди. Сенат аъзолари мазкур Қонунни маъқуллади. 

 

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди

 

Ҳаво кодексига киритилаётган ўзгартишларга асосан Экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилган.

 

Ушбу Кодексга киритилаётган ўзгартишларга асосан аҳоли манзилгоҳлари устида парвоз қилиш тартиби такомиллаштирилиб, унга кўра ҳаво кемаларининг аҳоли манзилгоҳлари устидаги парвози ердаги одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ва (ёки) мол-мулкига хавф солмаган ҳолда белгиланган йўналишлар ҳамда баландликларда амалга оширилиши белгиланмоқда.

Ҳаво кемасида носозлик рўй берган тақдирда ёки одамларнинг ҳаётини қутқариш учун парвозлар қилиш зарур бўлганда белгиланган йўналиш ва учиш баландлигидан четга чиқишга йўл қўйилиши қайд этилмоқда.

 

Алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра ҳаво кемаларининг белгиланган йўналиш ва учиш баландлигидан четга чиққан ҳолда аҳоли манзилгоҳлари устида парвоз қилишига йўл қўйилиши белгиланмоқда.

 

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишларга кўра транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлиги учун жарима миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан икки бараварига қисқартирилмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши, агар жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солиш ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этиш ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш тарзидаги жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. 

 

Сенатнинг ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси, бир томондан ва Буюк Британия ва Шимолий Ирландия, иккинчи томондан, ўртасида шерикчиликни таъсис этувчи шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Тошкент, 2019 йил 31 октябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги Қонун муҳокама қилинди.

 

Таъкидланганидек, мазкур халқаро шартнома Ўзбекистон – Британия муносабатларининг ҳуқуқий асосини сақлаш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада узлуксиз давом эттириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек иқтисодиётнинг деярли барча тармоқлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш каби муҳим мақсад ва йўналишларни қамраб олган.

 

Ушбу ҳужжат амалдаги Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битимнинг барча қоидаларини сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон – Британия ҳамкорлик форматига мослаштирилган. Сенат аъзолари томонидан мазкур Қонун маъқулланди.