Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Техник тартибга солиш соҳасида қандай ислоҳотлар амалга оширилади

04.06.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 2 июнь куни «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармон имзоланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида  Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этилади. Агентлик техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади. У ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.

 

Санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади.

 

2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Баҳолаш синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади.

 

Халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси резидентлари – мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, аккредитация доираси ҳақида «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДКни хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилади. Бунда расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларида ILAC/IAF ташкилотларининг тан олиш белгилари кўрсатилиши ва ушбу ҳужжатлар уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши шарт.

 

2021 йил 1 ноябрдан бошлаб: 

  • хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади. Республика ҳудудига олиб кирилаётган шу турдаги маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу маҳсулотлар божхона ҳудудига келишидан камида 15 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштирилиши шарт. Маҳсулотларни «эркин муомалага чиқариш» божхона режимига ўтказиш давлат божхона хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан расмийлаштирилган тегишли мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади;
  • хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда 24 ой давомида импорт қилишга рухсат этилади. Мазкур тартиб мувофиқлик сертификатида кўрсатилган айнан бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулот турларига нисбатан амал қилади;
  • республикага олиб келинадиган маҳсулотларнинг техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назорат Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан хавф-хатарлар таҳлили асосида амалга оширилади.

 

Қуйидагилар тақиқланади:

  • рўйхатга киритилган маҳсулотларни, рўйхатга олинган кундан бошлаб 6 ой муддатгача рўйхатдан чиқариш;
  • номувофиқ деб топилган тегишли маҳсулотни ишлаб чиқарувчи (унинг расмий вакили) томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, эркин муомалага чиқариш.

 

Ташкилот стандартлари тоифасига кирувчи стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бекор қилинади. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш ишлари ҳақ олмасдан амалга оширилади.

 

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (Президентнинг 18.08.2020 йилдаги ПФ–6042-сон Фармони билан тасдиқланган) Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси этиб қайта номланади. Унга ташқи савдони техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қўшимча вазифалар юклатилди.

 

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги жазо чоралари белгиланди:

а) маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи ёки олиб кирувчи томонидан риоя этилмаган ҳолларда юридик шахсларга:

  • ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50%игача миқдорда молиявий жарима;
  • ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида такроран содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100%игача миқдорда молиявий жарима;

б) қонунчилик ҳужжатлари, техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга:

  • ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда маъмурий жарима;
  • шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилганда – БҲМнинг 80 бараваригача миқдорда маъмурий жарима.

 

Бунда мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар эркин муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши лозим.

 

Ҳужжат 3.06.2021 йилда «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.