Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Электрон онлайн-аукционларни ўтказиш тартиби соддалаштирилди

28.07.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 24 июль куни «Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб «E-auksion» электрон савдо платформасидаги (кейинги ўринларда – электрон савдо платформаси) электрон онлайн-аукционлар тартиб-таомилларининг ягона тартиби жорий этилади. Мазкур тартиб қонунчилик ҳужжатлари билан электрон савдо платформаси орқали реализация қилиниши ёки ижарага берилиши белгиланган барча турдаги активларга нисбатан татбиқ этилади.

 

Янги тартибга мувофиқ:

  • иштирокчиларга, шу жумладан чет эл фуқароларига аукционда қатнашиш учун электрон рақамли имзо калити сертификати масофадан туриб, Давлат активларини бошқариш агентлигининг «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» ДУК (кейинги ўринларда – Марказ) томонидан бепул тақдим қилинади;
  • аукцион ўтказиш тўғрисидаги хабар у ўтказиладиган кундан 30 кун олдин эълон қилинади;
  • аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабар эълон қилинган пайтдан бошлаб аукцион жараёни якунига қадар иштирокчиларга объектни сотиб олиш бўйича аукцион қадамига боғланмаган ўз нарх таклифини киритиш ҳуқуқи берилади;
  • сотилган объектнинг қиймати БҲМнинг 5 000 бараваригача бўлганда, тўловларни 10 иш куни, БҲМнинг 5 000 бараварига тенг ёки ундан ортиқ бўлганда тўловларни 15 иш куни мобайнида тўлаш имконияти яратилади, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно;
  • аукцион ғолиби тўловларни тўлашдан бош тортган тақдирда, ғолиб ҳамда унинг тўғридан-тўғри таъсисчилари ҳисобланган шахслар ноҳалол иштирокчи сифатида электрон савдо платформасидаги аукционлардан четлатилади. Бунда тўловларни тўламаслик ҳолати биринчи марта содир этилганда бир йил муддатга, иккинчи марта такрорланса муддатсиз даврга аукционлардан четлатилади;
  • аукционга чиқарилган объектларни сотишга ва олди-сотди шартномасини расмийлаштиришга фақат аукционда камида 2 та иштирокчи қатнашганда рухсат берилади.

 

2021 йил 1 октябрдан бошлаб аукцион натижалари бўйича пул маблағлари Марказнинг махсус ҳисобрақамида йиғилади ва аукцион ғолиби томонидан объект қабул қилинганлиги тасдиқлангандан сўнг, улар буюртмачи ҳисобрақамига ўтказилади.

 

Қуйидагилар электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан амалга оширилади:

а) қуйидаги юридик шахсларнинг улушлари, кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини реализация қилиш:

  • устав фондида давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар;
  • устав фондининг 50%и ва ундан ортиғи 50% ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар;

б) давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулклари, автомототранспорт воситалари ҳамда бошқа асосий воситаларини ижарага бериш.

 

Давлат иштирокидаги корхоналарга қуйидагиларни беришда бошланғич нарх:

  • кўчмас мулкларини ижарага беришда, уларнинг давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловининг энг кам ставкалари миқдорида;
  • автомототранспорт воситаларини ижарага беришда жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари миқдорида;
  • бошқа асосий воситаларини ижарага беришда эса Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган амортизациянинг камида йиллик энг юқори нормаси суммаси миқдорида белгиланади.

 

Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида Марказнинг ҳудудлардаги 3 нафардан вакиллари фаолияти йўлга қўйилади. Уларнинг зиммасига аукционга чиқарилаётган объектлар бўйича реклама ишларини ташкил этиш, аҳоли орасида аукционни оммалаштириш ҳамда унга чиқарилаётган объектлар юзасидан маълумотларни сифатли тайёрлашга кўмаклашиш вазифаси юклатилади.

 

«E-ijro auksion» ягона электрон савдо майдончаси «E-auksion» электрон савдо платформаси деб қайта номланади.

 

Марказнинг ташкилий тузилмасида Ички аудит ва комплаенс-назорат хизмати ташкил этилади, унинг асосий вазифаси аукционларни ташкил этиш ва ўтказишда коррупция аломатларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш, Марказ ходимлари орасида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича профилактик тадбирларни амалга оширишдан иборат бўлади.

 

Қуйидагилар бекор қилинади:

  • ер участкаларини аукционга инвестиция киритиш шарти билан чиқариш тартиби;
  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан объектларни аукционга чиқариш учун тўланадиган йиғим;
  • 2022 йил 1 январдан бошлаб жисмоний ва юридик шахслар томонидан автомототранспорт воситаларини электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион йўли билан ижарага беришда шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинади. Бунда электрон онлайн-аукцион натижасига кўра расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга бўлади.

 

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида 25.07.2021 йилда чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.