Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан қўллаб-қувватланади

16.08.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 9 август куни «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор имзоланди

 

Ҳужжатга мувофиқ 2021 йил 15 августдан бошлаб ўзларига бириктирилган турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда:

  • кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали;
  • вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади.

 

Квартиралар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади. Бирламчи бозорда мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий «Халқпарвар» комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан харид қилинади.

 

Уй-жойлар билан таъминлаш «онлайн-навбат» тизими асосида амалга оширилади. Бунда мазкур навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди.

 

Уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунга қадар уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари)дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилади.

 

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар коллеж, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасаларида ўқиётган даврида маҳаллий ҳокимликлар томонидан ажратилган уй-жойларда коммунал хизматлар учун тўловларнинг 50%и тегишли туман ва шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан компенсация қилинади.

 

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштирилади;

б) уларга техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар (китоблар) харид қилиш харажатлари учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 5 БҲМ миқдорида субсидиялар ажратилади;

в) ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг қуйидагилар бўйича харажатлари 1 йилда 20 БҲМ миқдорида компенсация қилинади:

  • нодавлат таълим ташкилотларида хорижий тилларни ўрганиш;
  • олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топшириладиган 2 та фан бўйича тайёргарлик;
  • ошпазлик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва ўзларининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда бошқа мос йўналишлар бўйича курсларида ўқиш;

г) етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишни давлат олий таълим муассасаларида давом эттирганда уларга Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендия тўловлари 50%га оширилган ҳолда тўланади;

д) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан:

  • ОЎМТВ шакллантирган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар рўйхати асосида уларнинг йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида ҳар йили амалиёт ўташи ташкил этилади;
  • техникум, коллеж ёки олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган ҳамда касб эгаллаш истагидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўз тизимидаги «Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва масканларида касб-ҳунарга ўқитилиши йўлга қўйилади;

е) «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурида белгиланган маблағлар ва тартиблар доирасида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уларнинг бизнес лойиҳаларида кўзда тутилган мақсадларга кредитлар навбатга қўйилмаган ҳолда ажратилади.

 

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб «SOS – болалар маҳаллалари», оилавий болалар уйлари битирувчиларига (25 ёшгача бўлган) васийликка, ҳомийликка ёки оилага тарбияга олинган (патронат) етим болаларга абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан қўшимча равишда 1%гача давлат гранти асосидаги қабул квоталаридан фойдаланиш имконияти берилади.

 

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ота-оналарининг яқин қариндошларига ушбу болаларни навбатсиз фарзандликка ёки оилага тарбияга (патронатга) олиш ҳуқуқи берилади.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида оғир касалликка чалинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг республикада йўлга қўйилмаган жарроҳлик амалиётлари бўйича хорижий давлатлардаги жарроҳлик операциялари билан боғлиқ харажатлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан тўлиқ миқдорда компенсация қилинади.

 

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда уларни фарзандликка ёки васийликка (ҳомийликка, патронатга) олган фуқароларга Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги Юридик хизмат кўрсатиш марказлари томонидан бепул юридик хизмат кўрсатилади.

 

Ҳужжат 11.08.2021 йилдаги «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.