Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Оролбўйи минтақасида тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилди

29.11.2021

Читать на русском языке

Президент томонидан 23 ноябрда «Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармон имзоланди.

 

Ҳужжат Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш ҳамда 2021 йил 20 август куни ўтказилган Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

 

2022 йил 1 январдан бошлаб:

а) 2031 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун:

  • фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкалари 1% этиб белгиланди;
  • мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1% миқдорида белгиланди;

б) 2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича:

  • фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари 50%га камайтирилади;
  • улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича республикада ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хом ашё, материаллар божхона божидан озод қилинади;

в) Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли давр 5 йил этиб белгиланди.

 

Қорақалпоғистон учун ПҚ–5233-сон қарорга мувофиқ зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари қиймати камида 50 млрд сўм миқдорида белгиланди. Бунда ушбу тартиб бўйича 50 млрд сўмдан 200 млрд сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар ушбу лойиҳалар қийматининг 20%идан ошмаслиги лозим.

 

Хоразм вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган 98 та маҳалла учун 2022-2026 йиллар давомида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:

  • «маҳаллабай» ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 200 млрд сўм;
  • аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган ННТларни қўллаб-қувватлаш учун 50 млрд сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади.

 

Шунингдек республика бюджети ҳисобидан инфратузилмани ривожлантириш учун 150 млрд сўм маблағ ажратилади.

 

Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача:

а) Оролбўйи минтақасида фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектларига қуйидагилар билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50% қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади:

  • корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни республиканинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш;
  • улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш;

б) маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

 

Шунингдек Қорақалпоғистон Республикасида 45 та ва Хоразм вилоятида 40 та янги КСЗни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

 

Ҳужжат 24.11.2021 йилдаги «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.

 

Эльмира Сиразиева.