Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

МБ асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди

21.01.2022

Читать на русском языке

Юқори иқтисодий ўсиш динамикаси фонида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш, нархлар ўсишини секинлаштирувчи ва жамғаришни қўллаб-қувватловчи пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш мақсадида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

 

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

 

2021 йил якунлари бўйича инфляция кўрсаткичлари оралиқ мақсадли кўрсаткич – таргет даражасида шаклланиб, 10%ни ташкил этди. Ўтган йил давомида инфляцион муҳитни юзага келтирган асосий омиллар озиқ-овқат ва энергия-ёқилғи маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ўсиши бўлди. Нархларнинг ўсиши, бир томондан, глобал инфляцион тенденциялар билан, иккинчи томондан эса, ички бозордаги рақобат ва таклиф билан боғлиқ сабаблар билан изоҳланади.

 

Базавий инфляция даражаси 2021 йил якунида 8,8%гача пасайиб, сўнгги беш йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди.

 

Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб

 

Умуман олганда ўтган йил 2020 йилдаги кескин пасайишдан кейин иқтисодиётнинг қайта тикланиш йили бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажми реал ҳисобда 7,4%га ўсди.

 

Бунда, иқтисодиётга йўналтирилган фискал харажатлар ҳамда тижорат банклари кредитлари иқтисодий ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлди.

 

Тижорат банклари томонидан ўтган йилда иқтисодиётга ажратилган кредитлар 2020 йилга нисбатан 31%га ўсган бўлса, кредитларнинг қайтувчанлик даражаси сезиларли даражада яхшиланиб, 71%га етди. Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар 42%га ўсиб, аҳолининг истеъмол ва ипотекага бўлган талабини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.

 

Ташқи иқтисодий шароитлар

 

2021 йил озиқ-овқат ва ёқилғи-энергетика нархлари ўсиши натижасида глобал инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши шароитида шаклланди.

 

Бунда, дастлаб вақтинчалик деб эътироф этилган инфляцион жараёнлар, йил сўнгида ноаниқликлар ва пандемик хатарлар фонида нархларга узоқроқ муддат давомида босим яратиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

 

2021 йил якунлари бўйича сўм алмашув курси девальвацияси 3,4%ни ташкил этиб, сўнгги уч йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди. Бунга, 2021 йилда мамлакатимизга экспортдан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг ошиши, ички валюта бозорида валюта таклифини қўллаб-қувватловчи омил бўлиб, бозордаги умумий таклиф ҳажмини 1,6 баробарга ўсишига хизмат қилди.

 

Пул-кредит шароитлари

 

2021 йил якуни бўйича пул бозоридаги вазият нисбатан қатъий шароитларда шаклланиб, uzonia ва uzwia индикаторлари ўртача  13%ни ташкил этди. Йил давомида пул бозоридаги фоиз ставкалари динамикаси банклараро операциялар ҳажмининг қарийб икки баробарга ошиши ва пул-кредит инструментлари фаоллигининг кескин ўсишини ўзида акс эттирди.

 

Умуман олганда, ўтган йил давомида ликвидликни тартибга солишда пул-кредит инструментларининг фаоллаштирилиши, ўз навбатида, улар бўйича харажатларнинг ва Марказий банк мажбуриятларининг сезиларли ошишига ҳам олиб келди.

 

Банклар томонидан миллий валютадаги муддатли депозитлар бўйича таклиф этилаётган ўртача тортилган фоиз ставкалари декабрь ойида жисмоний шахслар учун 20,2%ни, юридик шахслар учун 15,1%ни ташкил этиб, мос равишда инфляцион кутилмаларга нисбатан ҳам ижобий тафовут ҳосил қилди. 

 

Прогноз ва хатарлар

 

Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига кўра, жорий йилда Марказий банк томонидан нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши кўзда тутилган.

 

Глобал инфляциянинг давом этаётганлиги шароитида ташқи бозорларда хомашё ва энергия ресурслари нархларининг ўсиши, пандемик вазият, жаҳонда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши билан боғлиқ хатарлар жорий йил якуни бўйича инфляция даражасининг 8-9% доирасида шаклланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

 

Шунингдек, 2022 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6,5% атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда, ўтган 2020-2021 йилларда иқтисодиётга йўналтирилган фискал  рағбатлантиришларнинг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлади.

 

Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2022 йил 10 март кунига белгиланган.