Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

1 сентябрдан нималар ўзгаради

31.08.2022

Читать на русском языке

Norma.uz портали 2022 йил 1 сентябрдан кучга кирадиган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгаришлар шарҳини тақдим этади.

 

 

Аҳоли зич бўлган жойлардаги корхоналар учун имтиёзлар

 

Меҳнат ресурслари зич бўлган қишлоқ жойларининг реестри жорий этилади. 2025 йил 1 январга қадар Реестрга киритилган ҳудудлардаги умумий ходимлари сони камида 10 нафар бўлган ва уларда ишловчи хотин-қизларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50%ини ташкил этадиган кичик тадбиркорлик субъектларига:

  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва юридик шахслардан олинадиган ер солиғи 50% имтиёз қўллаган ҳолда ҳисобланади;
  • уларда ишловчи хотин-қизлар меҳнатига ҳақ тўлаш фондига ижтимоий солиқ 1%лик ставкада ҳисобланади;
  • бюджет ташкилотларига йиллик умумий қиймати БҲМнинг 750 бараваригача бўлган маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилди.

 

Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш кучайтирилди

 

Ер участкаларига бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш, турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқларни амалга ошириш, мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш, корпоратив муносабатлар соҳасида қатор талаб ва чекловлар бекор қилинади.

 

Рақобатга қарши ҳаракатлар учун молиявий санкциялар жорий этилади

 

Рақобатга қарши ҳаракатларни содир этган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан молиявий жарималар қўлланилади. Шунингдек, қуйидагилар учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан хом ашё, товарлар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ва реализация қилинишини (кўрсатилишини) ноқонуний чеклаш;
  • лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган давлат унитар корхоналари ёки муассасалари, юридик шахслар бирлашмалари томонидан рақобатни чеклайдиган қарорлар қабул қилиш;
  • монополияга қарши орган талабига кўра, зарур ҳужжат ва ахборотларни тақдим этмаганлик, нотўғри ёки ёлғон маълумотлар тақдим этганлик.

"Е-Антикоррупция" лойиҳаси ишга туширилади

 

У қуйидагиларни назарда тутади:

  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50%дан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолаш;
  • коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш натижалари бўйича ушбу хавф-хатарларни бартараф этиш чораларини тизимли равишда кўриш мақсадида "Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри"ни шакллантириш ва юритиш;

 

Автомобилларни техник кўрикдан ўтказиш муддатлари ўзгаради

 

Ишлаб чиқарилганига 10 йилгача бўлган жисмоний шахсларга тегишли енгил автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш ихтиёрий равишда амалга оширилади.

 

Енгил автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишнинг қуйидаги муддатлари белгиланади:

  • ишлаб чиқарилганига 11 йилдан 14 йилгача бўлган енгил автомототранспорт воситалари – икки йилда бир марта;
  • ишлаб чиқарилганига 15 йил ва ундан ортиқ бўлган енгил автомототранспорт воситалари – бир йилда бир марта.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар йўловчиларни ташиш билан шуғулланишлари мумкин

 

2024 йил охирига қадар:

  • 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилган шахснинг фаолияти деб қаралади. Ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади;
  • лицензия варақаси мавжуд бўлган тақдирда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади.


Автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни ЯИДХП орқали электрон шаклда расмийлаштириш йўлга қўйилади.

 

Ҳайдовчиларнинг мажбурий малакасини ошириш бекор қилинди

 

Президентнинг “Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги қарори билан юридик шахслар ҳайдовчиларининг 2 йилда 1 марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди.

 

Концерт-томоша фаолиятидан давлат божини ундириш тартиби ўзгаради

 

Давлат божи ставкалари қуйидаги миқдорларда белгиланди:

  • I рейтинг гуруҳи учун - БҲМнинг 20 баравари миқдорида;
  • II рейтинг гуруҳи учун - БҲМнинг 10 баравари миқдорида;
  • III рейтинг гуруҳи учун - БҲМнинг 3 баравари миқдорида;

Қуйидагилар давлат божини тўлашдан озод этилади:

  • ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • таълим муассасаларида ўқийдиган талабалар – ўқиш муддати давомида.


Шифокорларга якка тартибда шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилади

 

1 сентябрдан бошлаб шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишга рухсат берилди.

 

Шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пуллик асосда ташкил этишга рухсат берилди.


Тиббиёт тизими раҳбарларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳисобот бериш тартиби жорий қилинади. Бунда, қуйидагилар белгиланди:

  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаси, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокор пунктлари мудирлари маҳалла фуқаролар йиғинларида;
  • туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида ҳисобот беради.



Халқ таълими тизими ходимларига устамалар белгиланди 

 

Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида:

  • умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:
    • халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ёки халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида.
    • Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида;
  • Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:
    • 2025 йил 1 январга қадар – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50% миқдорида;
    • 2025 йил 1 январдан бошлаб – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20% миқдорида тўланади.

 

Мактаблар рейтинги жорий этилади

 

Ҳар ўқув йили якунида умумий ўрта таълим муассасаларида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳолати Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган мезонлар бўйича баҳолаб борилади. Рейтинг кўрсаткичлари асосида улар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади.

 

Халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига бюджетдан ташқари маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилади.

 

2025 йил 1 январга қадар халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ижтимоий солиқ ставкаси 1% миқдорида белгиланади.

 

Илмий даражага эга бўлган тиббиёт ходимларининг маошлари оширилади

 

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан фан доктори (Doctor of Science) илмий даражаси учун лавозим маошининг 60%игача ва фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси учун лавозим маошининг 30%игача миқдорда ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

 

Кўп квартирали уйларнинг зилзилабардошлиги текширилади

 

Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ислоҳотларнинг аниқ манзиллилигини таъминлаш мақсадида республиканинг сейсмик фаол зоналарида янги қурилиши режалаштирилаётган, хавфлилик омили IV тоифага мансуб бўлган объектларга зилзилабардошлик бўйича хулосалар бериш тартиби жорий этилади.

 

Тренерларнинг тариф ставкалари оширилади

 

Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги спорт мактаблари тренерларининг базавий тариф ставкалари 2022 йил 1 сентябрдан ўртача 1,35 бараварга оширилади.

 

Жазони ўтаб бўлган фуқаролар моддий қўллаб-қувватланади

 

Идоралараро комиссиялар тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишлардаги аниқ лойиҳаларни молиялаштириш бўйича асослантирилган хулосаларни тайёрлайди.

 

“Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети” маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан биринчи навбатда туман (шаҳар) бюджетлари маблағлари ҳисобидан, етишмаган қисми бўйича эса - Қорақалпоғистон бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан МҲЭКМнинг 10 баравари миқдорида берилади.

 

Бўлғуси оналарни ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилади

 

Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.

 

Оилавий болалар боғчалари ишига IT-технологиялар жорий этилади

 

ДХШ асосида фаолият кўрсатадиган болалар боғчалари, оилавий болалар боғчалари учун жорий этиладиган тартибга мувофиқ:

  • бюджетдан субсидиялар нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг ҳақиқий давоматидан келиб чиқиб автоматик равишда ҳисобланади;
  • ходимларнинг ишга келиб-кетишини ҳисобга олиш ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматини юритиш мобиль илова ёрдамида шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали амалга оширилади;
  • ҳисобот ойида тарбияланувчиларнинг ўртача ойлик давомати рўйхатга олинган тарбияланувчилар сонига нисбатан 40%дан кам бўлганда, ушбу ой учун ходимларга бюджетдан иш ҳақи тўланмайди.