Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди

25.10.2022

Читать на русском языке

Президентнинг 20.10.2022 йилдаги «Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-407-сон қарори қабул қилинди.

 

Кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг саводхонлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • таълим дастурларига қўйиладиган давлат талабларини такомиллаштириш;
  • ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосига ўқитишда замонавий ахборот технологиялари, инновацион воситалар ва усулларни кенг қўллаш;
  • кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларга телевизион дастурлар, фильмлар, театр ва бошқа маданий тадбирларнинг улар учун қулай форматларда бўлишини, шу жумладан сурдотаржима ёки субтитрлар билан намойиш этилишини таъминлаш;
  • кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахсларнинг ижтимоий-меҳнат кўникмаларини ҳосил қилишига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш.

 

2023 йил 1 январдан бошлаб умумий ўрта таълим муассасалари ҳамда «Ишга марҳамат» мономарказларида ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича махсус ўқув курслари ташкил этилади. Бунда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар ҳамда вояга етмаган болаларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) бепул, қолган шахслар пуллик асосда ўқитилади.

 

Бунинг учун махсус ўқув курсларида ўқиш истагини билдирган шахслар Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг махсус ахборот платформасида онлайн рўйхатдан ўтади.

 

Ўзбек имо-ишора тили ва Брайль алифбосини ўргатиш бўйича ўқув курсини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

2023 йил 1 январдан бошлаб:

  • давлат телеканалларида ҳафталик эфир вақтининг камида 5% ҳажмидаги кўрсатувлар сурдотаржима, яширин субтитрлар ёки «югурувчи сатрлар» билан намойиш этилади;
  • давлат олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига ўқишга қабул қилишда кўриш, эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган шахслар томонидан хорижий тилни билиш бўйича миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро сертификатни тақдим этиш талаб этилмайди;
  • олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашаётган эшитиш ва нутқида нуқсони бўлган абитуриентлар мажбурий тартибда сурдотаржимон хизматлари билан таъминланади.

 

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўқитувчи лавозимига фақат дарс ўтиладиган имо-ишора тилини биладиган педагог кадрлар ишга қабул қилинади.

 

2023/2024 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда «Сурдопедагогика» ва «Тифлопедагогика» йўналишлари бўйича давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари 25%га оширилади.

 

«Сурдопедагогика» ва «Тифлопедагогика» йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабалар учун якуний имтиҳонларда имо-ишора тили ва Брайль алифбосини билиш бўйича мажбурий имтиҳонлар ўтказилади.

 

2023 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигига Давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан «Имо-ишора тили бўйича энг яхши таржимон» танлови ўтказилади.

 

Ушбу танлов ғолиблари қуйидаги миқдорга тенг бўлган пул мукофотлари билан рағбатлантирилади: 

  • I ўрин – 100 БҲМ; 
  • II ўрин – 65 БҲМ; 
  • III ўрин – 50 БҲМ.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.10.2022 йилдан кучга кирган.

 

Лола Абдуазимова.