Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 ноябрдаги 936-сон қарори билан қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар маъқулланди:
- Фанлар академиясининг Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи негизида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейини (кейинги ўринларда - Музей);
- Қорақалпоғистонда ва вилоятларда 13 та олий таълим муассасаси тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Қатағон қурбонлари хотираси музейларини (кейинги ўринларда - ҳудудий музейлар).
Ҳужжат билан Музей ва ҳудудий музейларнинг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари, молиялаштириш манбалари белгиланди, шунингдек уларнинг тузилмаси, Музейнинг устави ва ҳудудий музейларнинг намунавий низоми тасдиқланди.
Тегишли ташкилотларга 2018 йил 1 мартгача ҳудудий музейлар экспозицияларини яратиш, мустамлакачилик ва қатағон даврига оид ҳужжатлар, материаллар ва ашёлар билан тўлдириш топширилди.
Шунингдек 2018-2019 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда Музейни реконструкция қилиш бўйича ишлар назарда тутилади.
Ҳужжат 2017 йил 25 ноябрда кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Сардор ЖУМАШОВ,
эксперт-юристимиз.