Президентнинг 29.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.
2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги чора-тадбирлар ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади.
Биринчидан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12% миқдорида жорий этилади. Даромад ҳажмидан қатъи назар, солиқ ушбу ставкада ҳисобланади ва тўланади. 12%дан 0,1%и шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади.
Бунда айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун 4 ЭКИҲгача даромадларни ЖШДСдан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар сақланиб қолади (Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмига қаранг).
Иккинчидан, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинади. Ҳозир ушбу бадаллар ставкаси 8%ни ташкил этади.
Учинчидан, пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ягона ижтимоий тўловнинг қуйидаги ставкалари жорий этилади:
- 25% – бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ҳамда устав жамғармасида давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, шунингдек устав жамғармасининг 50%и ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслардан;
- 15%дан 12%га пасайтирилган ставка – бошқа юридик шахслардан.
Эслатиб ўтамиз, ҳозир 15%лик ставкадаги ЯИТни фақат микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари тўлайди. Бошқа тўловчиларга нисбатан 25%лик ставка қўлланилади.
Экспертларнинг баҳолашича, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига умумий солиқ юки қуйидаги миқдорда пасаяди:
– давлат капитали бўлмаган ёки у 50%дан кам бўлган корхоналар учун – ўрта ҳисобда 1,58 баравар;
– давлат капитали 50 ёки ундан ортиқ фоизни ташкил этган корхоналар учун – ўрта ҳисобда 1,3 баравар.