Президентнинг 02.07.2026 йилдаги "Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-122-сон Фармони қабул қилинди.
Балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш учун 2026-2027 йиллар устувор давр сифатида белгиланди.
Сув ресурслари чекланган шароитда балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш учун ягона бошқарув тизимини жорий этиш, балиқ турлари ва улардан тайёрланадиган маҳсулотларнинг хилма-хиллигини ошириш, интенсив технологияларни кенг қўллаш, шунингдек, етиштириладиган ва маданийлаштирилган балиқ ҳажмини кўпайтириш вазифалари қўйилмоқда.
Ҳудудлардаги мавжуд сунъий сув ҳавзаларини интенсив балиқчиликка ихтисослаштириш орқали 2026-2027 йилларда балиқ етиштириш ҳажмини 500 минг тоннага етказиш мақсад қилинган.
2027 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида совуқ сув балиқчилиги ривожлантирилиб, ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 минг тоннага етказилади.
Сув объектларини шаффоф ижарага бериш механизмларини жорий этиш мақсадида 2027 йил 1 январдан бошлаб республикадаги сув омборлари, коллектор-дренаж тармоқлари ва табиий сув йиғиш ҳавзалари очиқ электрон онлайн-аукцион савдолари орқали балиқ овлаш жойларини ташкил этиш учун ижарага берилади.
Балиқчилик соҳасида ишлаб чиқариш, ҳисобга олиш ва назорат жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали соҳани бошқариш тизимининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида "e-baliq" электрон платформасини жорий этиш режалаштирилган. У балиқчиликда сув ресурсларидан фойдаланиш, балиқ етиштириш ҳажми, озуқа истеъмоли ва фойдаланиладиган технологиялар тўғрисидаги ягона маълумотлар тизимини юритиш, шунингдек, ижарага олинган сув объектларини ҳисобга олиш учун мўлжалланган.
Шунингдек, давлат муассасаси сифатида Балиқчиликни ривожлантириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш кўзда тутилган. Марказ ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Балиқчиликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.
Ҳужжат билан соҳа учун бир қатор субсидиялар белгиланди, хусусан:
• қуввати 50 кВтгача бўлган, бироқ ҳар бир кВт учун 1 млн сўмдан ошмайдиган қуёш панелларини ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг 25 фоизи миқдорида субсидия;
• муқобил энергия манбалари билан жиҳозланган замонавий аэраторларни харид қилиш қийматининг 50 фоизи миқдорида, бироқ 5 млн сўмдан кўп бўлмаган миқдорда бир марталик субсидия;
• наслли она балиқнинг 1 партиясини импорт қилиш билан боғлиқ харажатнинг 50 фоизигача, лекин 5 млн сўмдан ошмайдиган қисмига субсидия;
• ёпиқ сув айланиш тизими технологиясини ўрнатиб, балиқчилик маҳсулотларини етиштиришни йўлга қўйганда ушбу технология умумий харажатининг 10 фоизи миқдорида, бироқ 5 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда бир марталик компенсация ажратилади;
• интенсив балиқчиликда фойдаланиладиган балансланган омухта ем ишлаб чиқариш бўйича йиллик қуввати камида 20 минг тонна бўлган янги ишга туширилган лойиҳалар доирасида харажатларнинг 20 фоизи, бироқ 2 млрд сўмдан кўп бўлмаган қисми қоплаб берилади.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2026-2027 йилларда балиқ етиштиришнинг мақсадли кўрсаткичлар ва бириктирилган масъуллар рўйхати;
• Балиқчилик тармоғини янада ривожлантириш ҳамда табиий ва сунъий сув ҳавзаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича "Йўл харитаси";
• Балиқчиликни ривожлантириш марказининг ташкилий тузилмаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 04.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





