Вазирлар Маҳкамасининг 02.07.2026 йилдаги "Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги 358-сон қарори қабул қилинди.
Бозорларни рақамлаштиришнинг устувор йўналишлари:
• махсус платформани ишга тушириш, онлайн масофадан мониторинг қилиш имкониятларини яратиш;
• шаффоф электрон тизим орқали бир марталик тўловлар, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш тартибини жорий этиш;
• савдо нуқталари ва савдо майдонларининг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотларни рақамли дастурга киритиш, бўш турган савдо майдонларини ижарага олиш бўйича электрон шартномалар тузиш;
• автотураргоҳлар ва ҳожатхоналар билан таъминлаш, уларда тўловларни ҳисобга олиш ва қабул қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;
• бозор ва унга туташ ҳудудлардаги ноқонуний қурилмаларни белгиланган тартибда бартараф этиш, бозор инфратузилмасини яхшилаш мақсадида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш ва бошқалар.
Ҳужжатда 2026 йил 1 октябрга қадар "Soliq" ахборот тизимида "E-bozor" ягона рақамли бозор платформасини синов тариқасида жорий этиш, 2027 йил 1 мартга қадар эса қуйидагиларни ўз ичига олган тўлақонли функционал режимни яратиш кўзда тутилган:
• бозорлар ва савдо комплексларининг паспортлари, манзиллари, эркин савдо нуқталари ва очиқ савдо майдончалари, эълонлар эълон қилиш;
• жамоатчиликни бозорлар ва савдо комплекслари фаолияти тўғрисидаги маълумотлар билан таништириш, шунингдек, бозор маъмуриятига электрон аризалар юбориш ва жавоб олиш имконияти.
Солиқ қўмитаси "E-bozor" платформасининг оператори бўлиб, коррупция ва яширин иқтисодиётнинг олдини олиш мақсадида платформани доимий равишда такомиллаштириб бориш учун ҳам масъулдир.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Рақамлаштириш чоралари кўриладиган бозорлар ва савдо комплекслари рўйхати;
• Бозорлар ва савдо комплексларини рақамлаштириш схемаси.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





