Вазирлар Маҳкамасининг 30.06.2026 йилдаги 352-сон қарори билан давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини электрон шаклда сақлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 24.11.2025 йилдаги ПФ-228-сон Фармонга мувофиқ архив хизматларини рақамлаштиришда фойдаланиладиган мавжуд архив ахборот тизимлари асосида Ягона миллий архив ахборот тизимини (ААТ) жорий этиш назарда тутилган.
Барча рақамлаштирилган архив ҳужжатлари архив ахборот тизимига киритилиши ва унда сақланиши шарт. Бунинг учун ААТ электрон ҳукумат маркази ҳамда барча вазирлик ва идораларнинг ААТлари билан интеграция қилинади.
2026 йил 1 августдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларининг архив ишига тааллуқли барча маълумотлар ва ҳужжатлар ААТда сақланади, давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно.
Ҳужжат билан Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ҳужжатларини Ягона миллий архив ахборот тизимида электрон шаклда сақлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Давлат органлари ва ташкилотлари ўзларида сақланаётган архив ҳужжатларини ҳар икки йилда тартибга келтиришлари шарт. Бошқа юридик шахслар ҳам белгиланган қоидаларга мувофиқ ААТдан фойдаланишлари мумкин.
RFID технологиясини қўллаш орқали ҳар бир архив ҳужжатига ўзига хос идентификация рақами берилади ва у ААТ билан интеграция қилинади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Ўзархив" агентлиги тизимнинг масъул ижрочиси ва эгаси, Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази эса оператор ҳисобланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 01.07.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





