Президентнинг 12.01.2026 йилдаги "Фарғона" туристик-рекреацион зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан умумий майдони 2 396 гектар бўлган "Фарғона" туристик-рекреацион зонасини ҳамда "Шоҳимардон-Ёрдон" туризмни ривожлантириш дирекцияси негизида Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳузурида "Фарғона" туристик-рекреацион зонаси дирекциясини ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Туристик зона кейинчалик унинг фаолият кўрсатиш муддатини узайтириш имконияти билан 30 йил муддатга ташкил этилади.
Туристик зонани ривожлантиришнинг бош режаси махсус пиёдалар ва велосипед йўлакларини, электромобилларни қувватлантириш станцияларини жойлаштириш пунктларини, учиш-қўниш майдончаларини ва кабинали дор йўлларни ва бошқа объектларни ўз ичига олиши керак.
Шунингдек, Фарғона туманидаги малина етиштиришга ихтисослашган "Водил" агротуризм кластерини туризм объектига айлантириш режалаштирилган.
Турзонанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун 2026 йил 1 мартгача унинг бренди яратилади.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- "Фарғона" туристик-рекреацион зонасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури;
- 2026-2028 йилларда "Фарғона" туристик-рекреацион зонаси учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш манзилли дастури;
- "Фарғона" туристик-рекреацион зонаси ҳудудида 2026-2029 йилларда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 13.01.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова



