Президентнинг 18.08.2025 йилдаги ПҚ-252-сон қарори билан этилен ва пропилен полимерларидан юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди.
Рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарни сифатли ва арзон хом ашё билан таъминлаш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидагилар белгиланди:
- 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва рўйхат бўйича (аниқ техник параметрлар асосида) олиб кириладиган полиэтилен гранулаларига акциз солиғининг ноль ставкаси;
- 2028 йил 1 январга қадар айрим этилен полимерларининг бирламчи шаклларини (ТИФ ТН коди 3901 10 900 0, 3901 30, 3901 40) ва пропилен полимерларининг бирламчи шаклларини (ТИФ ТН коди 3902 10 000 0) импорт қилишда божхона божининг ноль ставкаси.
Божхона қўмитасига Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда мамлакатга сифатсиз контрафакт эгилувчан қадоқлар (полиэтилен ва полипропилен плёнкалар, нотўқима материаллар, полиэтилен қоплар, биг-бэглар ва бошқалар) импортининг олдини олиш (экс-оффицио принципи асосида) чораларини кўриш топширилди.
Полиэтилен гранулаларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар учун акциз солиғи солинишида импорт билан тенг шароитлар яратилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 18.08.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова




