Президентнинг 21.04.2026 йилдаги «Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-150-сон қарори қабул қилинди.
Асосий мақсадлар:
- маданият ва санъат соҳасида бошқарув самарадорлигини ошириш ва ташкилий тузилмаларни мақбуллаштириш;
- соҳада натижага йўналтирилган молиялаштириш тизимини жорий этиш, ДХШни кенгайтириш ва хусусий секторни жалб қилиш орқали хизмат кўрсатиш сифатини ошириш;
- медиамаконда миллий контентларни кўпайтириш ҳамда сунъий интеллект платформаларида ўзбек миллий маданияти тўғрисида маълумотлар базасини яратиш.
Номоддий маданий меросни тарғиб қилиш, ҳаваскорлик санъати, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишлар бўйича маданият марказлари фаолиятини ташкил этиш, шунингдек уларни туман (шаҳар) ҳокимликлари тизимига ўтказиш режалаштирилган.
Ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида самарасиз маданият марказлари фаолияти мақбуллаштирилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб ҳар бир маданият бўлими раҳбари учун йиллик энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) тизими белгиланади, уларнинг натижалари асосида – рағбатлантириш ёки эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини қайта кўриб чиқиш чоралари кўрилади.
Маданият бўлимлари Маданият вазирлиги томонидан ҳар йил якуни бўйича юритиладиган рейтинг натижалари асосида рағбатлантирилади. Аҳолини маданий тадбирлар билан қамраб олиш ва миллий қадриятларни асраш билан боғлиқ кўрсаткичларга устуворлик берилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги тизимидаги Республика мусиқа ва санъат техникуми, Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк техникуми, шунингдек Маданият вазирлиги тизимидаги ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари фаолияти такомиллаштирилади.
2030 йил 1 январга қадар тажриба тариқасида Маданият вазирлиги тасарруфидаги маданият объектларида умумий қиймати 1 млн АҚШ долларидан ортиқ бўлмаган лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка беришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, тажриба тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биттадан «Маданият меҳмонхонаси» маданий кластери инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
2026 йил 1 августдан бошлаб соҳада нодавлат ва хусусий сектор иштирокини кучайтириш бўйича қуйидаги йўналишларда грантлар ажратиш тизими жорий этилади:
- театр, цирк, мусиқа, рақс, номоддий маданий мерос, кино ва анимация ҳамда маданият таълими соҳасидаги лойиҳалар;
- адабий асарлар яратиш, маданият соҳасида инклюзивлик ва ижтимоий йўналишлар;
- стартап ва ижодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун;
- инновациялар, сунъий интеллект ва рақамлаштириш учун.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Маданият ва санъат соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусий сектор иштирокини рағбатлантириш бўйича «Йўл харитаси»;
- 2027–2029 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва қўшимча бинолар қуриш режалаштирилган ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари рўйхати.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.04.2026 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





