Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Рассрочка по-новому: что изменится для торговых предприятий Спецрежим «Вход в бизнес без лицензии»: что это значит для бухгалтера Как рассчитывать НДФЛ с учетом льгот

Мамлакатнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинди

30.12.2025

Читать на русском языке

Президентнинг 27.12.2025 йилдаги ПҚ-393-сон қарорида 2026-2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланган.

 

Дастурнинг устувор йўналишлари:

  • қурилиш объектларини лойиҳалаштиришда "яшил" технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда энергия самарадорлиги стандартлари ва ёндашувларига тўлиқ риоя қилиш;
  • давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, биринчи навбатда, бюджет ташкилотларининг 3,4 трлн сўм миқдоридаги бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан самарали фойдаланиш;
  • илғор хорижий тажриба асосида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг замонавий тизимини жорий этиш;
  • Илғор касб-ҳунар коллежлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига 150 млрд сўм йўналтириш;
  • Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларининг МИБни мустаҳкамлаш ва қўшимча қувватларни яратиш учун 2 трлн сўм ажратиш;
  • умумтаълим мактабларини зарур жиҳозлар билан таъминлашга ажратиладиган маблағларни 1,6 баробарга ошириш;
  • ҳудудларда туризм салоҳиятини янада ошириш учун инфратузилма қурилишини 1,7 баробарга ошириб, 700 млрд сўмга етказиш;
  • иссиқлик таъминоти объектларида энергия тежовчи ускуналарни ўрнатиш учун 70 млрд сўм йўналтириш;
  • автомобиль йўлларида пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида 100 млрд сўм эвазига ер ости пиёдалар йўлакларини қуриш;
  • суғорилмайдиган мавсумда (вегетация бўлмаган даврда) ирригация тизими объектларида ҚМИни молиялаштириш учун олдиндан 120 млрд сўм ажратиш; 
  • Дастур доирасида таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилаётган инфратузилма объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва тўсиқсиз муҳит яратиш. 

 

Давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштириш

 

Ҳужжат билан Президентнинг 24.12.2024 йилдаги ПҚ-454 сонли қарорида синов тариқасида назарда тутилган лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартибини амалиётга тўлиқ жорий этиш белгиланди, бунда:

- лойиҳа-смета ҳужжатларининг қиймати БҲМнинг 6 минг бараваридан ортиқ бўлган лойиҳалар (объектлар) бўйича экспертиза:

  • ҳажм, техник ва смета қисмида – Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази" ДМ;
  • товарлар, ишлар ва хизматларнинг нарх қисмида – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК;
  • қиймати БҲМнинг 6 минг бараваригача бўлган лойиҳалар (объектлар) бўйича шаҳарсозлик ҳужжатлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги "Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази" ДУК томонидан экспертизадан ўтказилади.

 

Президент ва Ҳукуматнинг тегишли ҳужжатларига асосан қурилиш ишларини лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга рухсат бериладиган муддатларга риоя этилмаган объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилгунга қадар қурилиш ишларини бажариш ва молиялаштириш қатъиян тақиқланади.

 

2026 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан амалга ошириладиган, лойиҳа қиймати БҲМнинг 6 минг бараваридан ортиқ бўлган таъмирлаш ва қурилиш лойиҳалари Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури билан қамраб олинади. Бунда:

  • Дастурга киритилмаган янги қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича харажатларни бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тақиқланади;
  • лойиҳаларни қисмларга бўлиб амалга оширишга йўл қўйилмайди;
  • бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектларда қурилиш ишларини бажаришда лойиҳа бошқаруви ва техник назорат хизматларига эга бўлган буюртмачи хизматларини жалб қилиш мажбурийдир.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, буюртмачи бўлган вазирлик ва идоралар ҳамда хўжалик бирлашмалари – 2027 йилда амалга ошириладиган янгидан бошланадиган лойиҳалар (рўйхат бўйича тасдиқланган) бўйича:

  • 2026 йил 1 мартга қадар лойиҳа ташкилотларини аниқлаш, 2026 йил 1 июлга қадар лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, 2026 йил 1 августга қадар белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш;
  • 2026 йил 1 ноябрга қадар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича "Шаффоф қурилиш" миллий ахборот тизимида тендер савдоларини ўтказиш ҳамда қурилиш ишларини 2027 йил январь ойидан бошлаш чораларини кўрсин.

 

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:

  • 2026-2028 йилларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари;
  • 2026 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида молиялаштириладиган йўналишларнинг асосий параметрлари;
  • 2026 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини ишга тушириш ва янги қувватларни яратишнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • 2026 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли рўйхатлари;
  • 2026 йилда махсус иқтисодий зоналар ҳамда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш объектларининг манзилли рўйхати;
  • 2026 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашнинг манзилли рўйхати;
  • 2026 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича лойиҳаларнинг манзилли рўйхати;
  • 2027 йилда амалга ошириладиган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича янгидан бошланадиган лойиҳалар (объектлар) нинг дастлабки манзилли рўйхати;
  • Кейинги йилларда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар (объектлар) нинг манзилли рўйхати;
  • Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ижросини самарали ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси."

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.12.2025 йилдан кучга кирди.

 

Лола Абдуазимова