Президент 10.06.2026 йилдаги "Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида"ги ЎРҚ-1149-сон Қонунни имзолади, у 6 ойдан сўнг кучга киради.
Ҳужжатга кўра, шаҳарсозлик реновацияси – аҳоли пунктлари ҳудудларини меъморий, ижтимоий, иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуидир. Реновация ўтказиш учун биноларнинг жуда эскирганлиги, авария ҳолатида эканлиги ёки яшаш ва фойдаланиш учун яроқсизлиги асос бўлиши мумкин.
Шаҳарсозлик реновацияси бир неча шаклларда амалга оширилиши мумкин:
• мавжуд объектларни уларнинг асосий конструктив элементларини ўзгартирмасдан реконструкция қилиш;
• бино ва иншоотларни бузиш, кейин эса бўшаган майдонда шунга ўхшаш янги объектларни қуриш;
• яшил ҳудудлар ва бошқа жамоат жойларини яратиш.
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш бўйича таклиф давлат, ҳуқуқ эгалари ва учинчи шахсларнинг ташаббуси билан киритилиши мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида шаҳарсозлик реновациясини қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилади. Уларнинг маблағлари лойиҳаларни ишлаб чиқиш, ҳудудларни тайёрлаш, компенсация, объектларни реконструкция қилиш ёки қуриш, шунингдек, хусусий инвесторлар учун камроқ жозибадор бўлган ҳудудларда авария ҳолатидаги ва эскирган уй-жойларни янгилашга йўналтирилиши мумкин.
Қонун билан шаҳарсозлик реновацияси лойиҳаларини амалга оширишнинг ягона қоидалари белгиланмоқда – ҳудудларни белгилаш ва жамоатчилик муҳокамасидан тортиб, мулкдорлар билан келишиш, компенсация тўлаш, кўчириш, инвесторларни жалб этиш ва лойиҳалар ижросини назорат қилишгача.
Реновация мулкдорлар ҳуқуқларига риоя этган ҳолда, ихтиёрийлик, очиқлик, шаффофлик, тенглик, хусусий мулк дахлсизлиги, атроф-муҳитга зарар етказилишига йўл қўймаслик, ижтимоий ва иқтисодий самарадорлик ҳамда энергия самарадорлиги асосида амалга оширилиши лозим.
Реновация дастури қуйидагиларни ўз ичига олади:
• реновация ҳудуди харитаси;
• реконструкция қилиниши, бузилиши ёки янгидан қурилиши лозим бўлган турар жой ва нотурар жой объектлари рўйхати;
• муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма тўғрисидаги маълумотлар;
• янги қуриладиган уйларда уй-жой оладиган ҳуқуқ эгалари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек уларни уйларга вақтинча жойлаштириш ва ижара тўловларини тўлаш тартиби;
• потенциал инвестор ва молиялаштириш манбалари тўғрисидаги маълумотлар;
• лойиҳани амалга ошириш муддатлари ва босқичлари.
Ҳудудни реновация дастурига киритиш учун камида 80 фоиз мулкдорларнинг ёзма розилиги талаб этилади. Дастур тасдиқлангандан сўнг ҳар бир мулкдор билан компенсация ёки лойиҳада иштирок этиш тўғрисида алоҳида шартнома тузилади.
Мулкдорлар учун компенсация шакллари:
• реновация қилинаётган ҳудудда қурилган янги турар жой ёки нотурар жой объектини мулк қилиб бериш;
• бошқа жойдаги турар жой ёки нотурар жой объектини мулк қилиб бериш;
• пул маблағлари;
• битимда назарда тутилган бошқа шакллар.
Агар мулкдор янги объект топширилгунга қадар уй-жойни бўшатиши керак бўлса, лойиҳа дирекцияси уни вақтинчалик уй-жой билан таъминлаши ёки ижара харажатларини қоплаши шарт.
Агар қурилиш ва топшириш 24 ойдан ортиқ кечикса, дирекция ҳар бир кечиктирилган кун учун компенсация суммасининг 0,05 фоизи миқдорида пеня тўлайди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 12.12.2026 йилдан кучга киради.
Лола Абдуазимова





