Вазирлар Маҳкамасининг 10.02.2018 йилдаги 105-сон «Республикада соя етиштириш ҳажмларини янада кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
Ҳужжатда қайд этилишича, 2017 йилда мамлакатимизда 12 мингдан ортиқ суғориладиган майдонга соя экилиб, 14 минг тонна соя дони етиштирилди. Аҳолига 2 минг тонна соя ёғи, паррандачилик корхоналарига 10 минг тонна юқори озиқали соя шроти етказиб берилди.
Шу билан бирга, соя етиштиришда бир қатор камчиликларга йўл қўйилди. Бунинг учун кўплаб мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди.
2018 йилда мўл ҳосил олиш учун соя экишга 18,5 минг га ер, бўлғуси ҳосилнинг қийматидан 50% миқдоридаги аванс тўловларига – 37 млрд 740 млн сўм ажратилди. Бундан ташқари, соя етиштиришга ихтисослаштирилган 15 та фермер хўжалиги белгиланди.
Тегишли давлат органларига зарур топшириқлар берилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 14.02.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.