Неверный логин или пароль
x
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
  • www.norma.uz
  • Қонунчиликда янги
  • Тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳар прокурори розилиги билан қўзғатилади

Тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят иши Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ёки Тошкент шаҳар прокурори розилиги билан қўзғатилади

25.07.2018

Читать на русском языке


20.07.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–485-сон Қонунни таҳлил қилишда давом этамиз. Унинг матни «Халқ сўзи» газетаси сайтида жойлаштирилган.

 

Жиноят ишини қўзғатиш тартибини белгиловчи Жиноят-процессуал кодексининг (ЖПК) 331-моддаси бешинчи қисм билан тўлдирилди. Энди тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар бўйича тадбиркорлик субъектига нисбатан жиноят ишини қўзғатишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорининг ёхуд Бош прокурор ёки унинг ўринбосарининг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Мақола муаллифининг фикрича, мазкур нормани амалиётда қўллаш чоғида қуйидаги саволлар юзага келиши мумкин.

 

1. Тадбиркорлик субъекти деганда ким тушунилади?

 

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик субъектлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслардир. Яъни «тадбиркорлик субъекти» атамаси остида ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) тушунилади.

 

Бироқ Жиноят кодексининг 17-моддасига мувофиқ, фақат жисмоний шахслар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Юридик шахслар бундай жавобгарликка тортилмайди. Шу муносабат билан тадбиркорлик субъекти – юридик шахсга нисбатан жиноят ишини қўзғатиб бўлмайди. Буни фақат унинг мансабдор шахслари ва/ёки муассисларига нисбатан амалга ошириш мумкин. Киритилаётган нормада, афсуски, хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари учун бундай ҳимоя аниқ назарда тутилмаган. Фақат унинг якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан амал қилиши шубҳасиз бўлиб қолмоқда.    

 

2. Қандай фактлар тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ҳисобланади?

 

Тадбиркорлик билан боғлиқ бўлган жиноятларнинг аниқ рўйхати мавжуд эмаслиги сабабли «тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактлар бўйича» формулировкаси анча кенг талқин қилиниши мумкин.

 

Гап шундаки, ўша «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, бу тадбиркорлик субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир. Жиноят ҳуқуқи соҳасида даромад олиш мақсади ғаразли ният – содир этилган жиноятдан моддий ёки мулкий тусдаги бошқа наф олишга интилиш ёхуд моддий харажатлардан қочишни кўзлаш билан тавсифланувчи мотив сифатида баҳоланиши мумкин. Яъни даромад олишга интилиш ва ғаразли ниятлар аралаштириб юборилади.

 

Масалан, давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркор фаолият турини амалга оширади – «ҳаммом ва сауна хизматларини кўрсатади». Даромадларини кўпайтиришни кўзлаб, у ерда ғаразли ниятда фоҳишахона ташкил этади, яъни Жиноят кодексининг 131-моддаси иккинчи қисмидан назарда тутилган жиноятни содир этади. Жиноят бизнес соҳасида «анъанавий» ҳисобланмайди, бироқ, шунга қарамай, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлган фактга мос келади. Яъни қонуний тадбиркорлик фаолияти аввалбошдан жиноий бизнес билан бирга юритилиши мумкин, унга барҳам берилганда қонуний операциялар ҳам автоматик равишда тўхтатилади. Бу ҳолда қандай йўл тутиш ҳам аён эмас.

 

Мазкур масалалар Олий суд Пленуми томонидан ҳал этилади ёхуд Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларда аниқлаштирилади, деб умид қиламиз.

 

Ҳужжат Халқ сўзи газетасида 21.07.2018 йилда эълон қилинган, кўрсатилган ўзгартиришлар ҳам шу санадан бошлаб кучга кирган. 

 
 

Самир Латипов.

 

 



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Курс валют

2018-09-18
  • USD:8039.00 (+176.83) сум
  • EUR:9347.75 (+266.16) сум
  • RUB:118.05 (+5.46) сум