Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Тарбияга олинган болалар учун нарсалар сотиб олиш тартиби ўзгарди

27.10.2015

Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлигининг қўшма қарори  (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 14 октябрда 1189-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тарбиялаш (патронат) учун оилаларга бериладиган етим болаларни кийим-бош, пойабзал билан таъминлаш ҳамда болани ўз тарбиясига олган тутинган ота-оналарга ҳар ойлик нафақа тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

 

 

Аниқлаштирилишича, тутинган ота-оналар оилага тарбияга олинган болани жорий йил учун кийим-бош ва пойабзал билан таъминлаш мақсадида бола оилага тарбияга олинган кундан бошлаб бир ҳафта ичида, кейинги йил учун эса, жорий йилнинг 15 декабригача тегишли буюртмани (Низомда белгиланган шаклда) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимларига (кейинги ўринларда – халқ таълими бўлимлари) беради. Шундан сўнг халқ таълими бўлимлари ушбу буюртмаларни улар қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун ичида, кейинги йил учун берилган буюртмаларни эса жорий йилнинг 25 декабригача Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларига (кейинги ўринларда – халқ таълими бошқармалари) топширади. Илгари бундай муддатлар белгиланмаган эди.

 

 

Буюртмалар кийим-бош ва пойабзал бериш нормасига мувофиқ расмийлаштирилиб, илгаригидек, 21 номдаги кийим-бош ва пойабзални ўз ичига олади. Кийим-бош ва пойабзал олиш учун буюртма, кийим-бош ва пойабзал бериш нормасининг шакллари янгиланган. Хусусан, эндиликда буюртмада кийим-бош ва пойабзалнинг ўртача нархини, шунингдек тутинган ота-она банкининг номи ва ҳисобварақ рақамини кўрсатиш зарур. Кийим-бош ва пойабзал бериш нормасида эса улардан фойдаланиш муддати кўрсатилади.

 

 

Аввалгидек, кийим-бош ва пойабзал сотиб олиш учун пул маблағлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори асосида ажратилади. Эндиликда ажратилган пул маблағлари тутинган ота-оналарга бола тарбияга олинган кундан бошлаб бир ой ичида халқ таълими бошқармалари орқали нақд пул шаклида ёки уларнинг банк пластик картасига пул ўтказиш йўли билан берилади. Илгари пул маблағлари ажратилгандан сўнг халқ таълими бошқармалари савдо ташкилотлари билан кийим-бош ва пойабзал сотиб олиш шартномаларини тузардилар. Сотиб олинган кийим-бош ва пойабзални тутинган ота-оналар савдо ташкилотларида халқ таълими бошқармалари томонидан берилган ишончномалар асосида ўзлари олардилар.

 

 

Эндиликда тутинган ота-оналар сотиб олинган кийим-бош ва пойабзал бўйича ҳисоботни (Низомда белгиланган шаклда) ҳар йилнинг 10 январигача халқ таълими бўлимига тақдим этади. Ҳисоботга кийим-бош ва пойабзал сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (касса чеки ёки унга тенглаштирилган ҳужжатлар) илова қилинади. Илгари кийим-бош ва пойабзал олинганидан сўнг халқ таълими бўлими ва тутинган ота-оналар тегишли қайднома (Низомда белгиланган шаклда) тузардилар, унга савдо ташкилоти томонидан берилган юк хати илова қилинарди.

 

 

Аввалгидек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори асосида тутинган ота-оналарга ўз тарбиясига олган ҳар бир бола учун ЭКИҲнинг 3 баравари миқдорида ҳар ойлик нафақа тўланади. Нафақа халқ таълими бошқармалари орқали ҳар ойнинг 10-санасигача нақд пул шаклида ёки банк пластик картасига пул ўтказиш йўли билан берилади.

 

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган. 

 

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 19 октябрдаги 41-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.