Вазирлар Маҳкамасининг 27.02.2025 йилдаги «Транспорт воситасини ишлаб чиқарувчи юридик шахсларга транспорт воситасининг идентификация рақамини шакллантириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги 127-сон қарори қабул қилинди.
Маълумот учун: VIN-код - транспорт воситасининг ўн етти белгидан (рақам ва ҳарфлардан) иборат индивидуал шифридир. Ушбу код ишлаб чиқарувчи, автомобиль параметрлари ва конвейердан чиқиш санаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.
VIN коди қуйидаги бўлимлардан иборат:
• ишлаб чиқарувчининг халқаро идентификация коди (WMI коди);
• тавсифловчи қисм (VDS);
• кўрсатувчи қисм (VIS).
Давлат хизматлари транспорт воситаларини ишлаб чиқарувчиларга кўрсатилади. Хизматдан фойдаланиш учун ишлаб чиқарувчилар давлат хизматлари марказларига ёки ЯИДХП орқали мурожаат қиладилар. WМI кодини шакллантириш учун мурожаат қилинганда ариза берувчидан БҲМнинг 30 баравари миқдорида бир марталик йиғим ундирилади.
Ўзбекистон стандартлар институти ариза келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни ичида транспорт воситасининг идентификация рақамини ишлаб чиқади. Шундан сўнг бир иш куни мобайнида Институт давлат хизмати кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномани расмийлаштиради.
WMI коди ишлаб чиқарувчиларга 30 йил муддатга берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 28.02.2025 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев




