Президентнинг "Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди.
Мақсад – уй-жой соҳасининг барқарор ва мувозанатли ривожланишини таъминлаш, ҳар йили қуриладиган уй-жойлар сонини 2 баробарга ошириш ва уни 421 мингтага етказиш, 10 баробардан ортиқ ошириш ва 2040 йилгача ипотека кредитлари портфелини 56,7 миллиард долларга етказиш.
Уй-жой соҳасини барқарор ва мутаносиб ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари:
- йирик агломерацияларда шаҳар муҳитини ривожлантиришни таъминлаган ҳолда уй-жой фондининг ўсиши ва урбанизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш;
- аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ва "Янги Ўзбекистон" массивларини барпо этиш ишларини изчил давом эттириб, 2040 йилга қадар уй-жой фондидаги замонавий уй-жойлар улушини 50 фоизга етказиш;
- уй-жой бозорига, шу жумладан ипотека кредитидан фойдаланиш орқали банк молиялаштириши ва институционал инвесторлар маблағларини жалб қилиш;
- улушли қурилишга инвестиция киритаётган жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
- "Уй-жойнинг ягона ҳаётий цикли" тамойили асосида уй-жой қурилиши соҳасини комплекс ислоҳ қилиш ва уни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф этиш.
Қурилиши тугалланмаган уй-жойлар ва саноат зоналари, турар жой массивларининг муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларини барпо этишда комплекс қурилиш тамойили асосида экологик тоза маҳсулотлар ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланилади.
Комплекс қурилиш принципи доирасида қуйидагилар таъминланади:
- қурилиш дастурларини фақат очиқ ва батафсил ишлаб чиқилган режалар асосида тайёрлаш;
- комплекс қурилиш учун ажратиладиган ер участкаларининг хусусийлаштириш дастурларига киритилишига ёки бошқа лойиҳаларга жалб этилишига, шунингдек, мақсадли йўналиши ўзгартирилишига йўл қўймаслик;
- ер участкалари, кўчмас мулк объектлари ва уларнинг ҳуқуқ эгалари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш;
- кўчмас мулк объекти мулкдорининг кўчмас мулк объекти жойлашган ер участкасига ижара ёки мулк ҳуқуқи билан эгалик қилишга бўлган мутлақ ҳуқуқини кафолатлаш.
Ваколатли давлат органи сифатида Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ташкил этилди. У Вазирлар Маҳкамаси билан яқин ҳамкорликда ишлайди ва унинг фаолиятининг устувор йўналишлари:
- урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;
- самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- реновация дастурларининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;
- "Янги Ўзбекистон" массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, ҳудудларни танлашда қонунчиликда белгиланган урбанизация мезонлари ва тамойилларига риоя этилишини таъминлаш.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси тизимига ўтказилмоқда.
Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланган:
- 2040 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари;
- 2040 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича мақсадли кўрсаткичлар;
- 2040 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантиришнинг асосий йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар.
Ҳужжат "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинган ва 20.11.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова





