Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzМожет ли иностранное юрлицо торговать на местных маркетплейсах без регистрации в Узбекистане Что делать, если при выставлении ЭСФ возникает ошибка «Покупатель не является вашим клиентом» Как учесть передачу материалов по договору займа Как предприятиям оптовой и розничной торговли работать с маркированными прохладительными напитками

Ядро полигонларида хизматни ўтаган шахслар рўйхати қандай шаклланади

11.01.2016

Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлигининг қўшма қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 6 январда 2749-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида хизматни ўтаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган фуқаролар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома тасдиқланди.

 

Белгиланишича, фуқаролар қуйидаги ҳужжатлар асосида Ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида хизматни ўтаган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари рўйхатига (кейинги ўринларда – Рўйхат) киритилади:

 

паспорт нусхаси;

 

ҳарбий гувоҳнома (ҳарбий билети) нусхаси;

 

пенсия гувоҳномаси нусхаси;

 

фуқаронинг ядро полигонларида ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаганлигини тасдиқловчи архив муассасалари томонидан берилган маълумотнома.

 

Бунда паспорт, ҳарбий гувоҳнома (ҳарбий билет) ва пенсия гувоҳномаси нусхалари мудофаа ишлари бўлимларига фуқаролар томонидан топширилади. Маълумотномани эса мудофаа ишлари бўлимлари ўзлари архив муассасасидан, зарур ҳолларда МДҲ давлатларининг тегишли органларидан олади.

 

Фуқаро вафот этганда, хорижга доимий яшаш учун чиқиб кетганда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда Рўйхатдан чиқарилади.

 

Ҳужжатда Рўйхатни шакллантириш бўйича ишларни ташкил этишда мудофаа ишлари бўлимлари ва бошқармалари, Мудофаа вазирлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг бўлимлари, ички ишлар органларининг вазифалари белгиланган.

 

Ўрнатилишича, кўрсатилган вазирликларнинг Рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган тақдирда Мудофаа вазирлиги уни кучга киргандан сўнг 2 кун ичида мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимларига юборади. Шундан кейин мудофаа ишлари бўлимлари 10 кун ичида Рўйхатга киритилган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 30 майдаги ПФ-3079-сон Фармонига биноан имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаларни расмийлаштириб беради, шунингдек Рўйхатдан чиқарилган фуқароларнинг гувоҳномалари қайтарилишини таъминлайди.

 

Эслатиб ўтамиз, ушбу Фармон билан 2002 йил 1 июндан бошлаб ядро полигонларида ва бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларни санаторий-курорт йўлланмалари, протез-ортопедия буюмлари (тишни протез қилишдан ташқари) ва эшитиш аппаратлари, шифокорнинг рецепти бўйича дори-дармонлар билан бепул таъминлаш ўрнатилган.

 

Шунингдек ядро полигонларида ва бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар жумласига кирувчи ногиронлар учун қўшимча равишда қуйидаги имтиёзлар белгиланган:

 

- меҳнат қобилиятини вақтинча йўқотганлик бўйича нафақаларни иш стажидан қатъи назар тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўлаш;

 

- йиллик таътилдан ўзлари учун қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек ҳар йили иш ҳақи сақланган ҳолда камида 12 иш куни давомидаги қўшимча таътил олиш;

 

- истиқомат жойида маъмурий туман доирасидаги қишлоқ жойларда жамоат фойдаланадиган автомобиль транспортида (такси бундан мустасно), шунингдек шаҳар атрофида қатновчи темирйўл транспортида ва шаҳар атрофи йўналишларидаги автобусларда бепул юриш;

 

- саломатликни тиклаш учун йиллик бир йўла моддий ёрдам (I ва II гуруҳ ногиронларига – 3 ЭКИҲ, III гуруҳ ногиронларига – 2 ЭКИҲ).

 

Аниқлаштирилишича, имтиёзлардан ўз номига гувоҳнома расмийлаштириб берилган фуқаро фойдаланади.

 

Йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган гувоҳнома ўрнига фуқаронинг аризасига кўра 10 кун ичида унинг дубликати берилади.

 

Белгиланишича, фуқаро Рўйхатга киритилганда ёки унга киритиш рад этилганда мудофаа ишлари бўлими бу ҳақда фуқарони ёзма равишда хабардор қилади. Фуқаро ўзининг Рўйхатга киритиш ҳақидаги мурожаатини қабул қилиш ва кўриб чиқиш ноқонуний равишда рад этилганлиги устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

 

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.

 

Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 11 январдаги 1-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

 

«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини

эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ

тайёрлади.

kadrovik.uz

Курс валют

2024-04-23
  • USD:12711.00 (+0.00) сум
  • EUR:13538.49 (+0.00) сум
  • RUB:136.31 (+0.00) сум

Читайте в свежих номерах