Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzОтмена льгот по НДС: ответы на 3 часто задаваемых вопроса Как определить доход от реализации в отдельных случаях Как выплачивать материальную помощь Как выплачивать материальную помощь
  • www.norma.uz
  • Разное
  • Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида

Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида

13.03.2018


Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ҚАРОРИ

 

Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида

 

Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, халқлар дўстлигининг оташин куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда.

 

Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда Абай Қўнонбоев сингари улуғ алломаларнинг ўлмас мероси халқларимиз учун янада муҳим маъно ва аҳамият касб этади.

 

Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарлари, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолияти билан халқларимиз маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб ҳамда ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, эл-юртимизни қозоқ адабиётининг улуғ намояндалари ижоди билан кенг таништириш мақсадида:

 

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва жамоатчилик вакилларининг халқимизнинг қардош Қозоғистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига, ёруғ келажагига бўлган ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодаси сифатида юртимизда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

 

2. Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилишни ташкил қилиш бўйича ташкилий қўмита (кейинги ўринларда Ташкилий қўмита деб аталади) таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

 

3. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин.

 

Ушбу чора-тадбирлар режасида:

 

Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асарини ҳамда “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўпламини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш;

 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозицияни ташкил этиш;

 

ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳрида ўрнатилган Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ва мушоира ўтказиш;

 

ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида “Абай асарларининг билимдони” иншолар кўрик-танловини ўтказиш;

 

оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар бериб бориш;

 

Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида яратилган бадиий ва ҳужжатли фильмларни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этиш;

 

мамлакатимиздаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш тадбирлари кўзда тутилсин.

 

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, “Жаҳон” ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига қарор ижроси билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.

 

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри,

2018 йил 13 март