Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств
  • www.norma.uz
  • Разное
  • Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш марказини ташкил қилиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш марказини ташкил қилиш тўғрисида

21.06.2017


Ўзбекистон Республикаси Президентининг

ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш марказини ташкил қилиш тўғрисида 

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) фаолиятига илғор ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5059-сон Фармонига асосан:

 

1.Қуйидагилар ташкил этилсин:

 

Бюронинг тузилмасида 25 та штат бирлигидан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади);

 

Бюро ҳудудий бошқармаларининг тузилмасида 42 та штат бирлигидан иборат бўлган Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўлимлари (кейинги ўринларда Марказнинг ҳудудий бўлимлари деб юритилади).

 

2.Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

 

Бюронинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва юритиш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш;

 

электр энергияси ва табиий газни автоматлаштирилган электрон ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ишлаб чиқиш ҳамда юритишда кўмаклашиш;

 

электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасида суиистеъмолчилик, талон-торож ҳолатлари ҳамда бошқа ҳуқуқбузарликларни самарали олдини олиш имконини берувчи илғор ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

 

Бюронинг ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини ривожлантириш, уларни бошқа давлат органларининг тизимлари билан интеграция қилиш;

 

Бюронинг ахборот хавфсизлигига тахдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга қарши курашиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан назорат ва мониторингни амалга ошириш, ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини ҳимоя қилиш бўйича техник инфратузилмаларни жорий этиш ҳамда ривожлантириш;

 

ахборот тизимлари, ресурлари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Бюро ходимларининг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

 

3.Белгилаб қўйилсинки:

 

Марказ Бюронинг мустақил бошқармаси ҳуқуқи билан юридик шахс мақомисиз ташкил этилади;

 

Марказга Бюро директорининг такдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади;

 

Марказнинг ҳудудий бўлимлари ўз фаолиятида Бюронинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ва Марказ директорига бўйсунади;

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимларининг таъминоти Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

4.Қуйидагилар:

 

Марказнинг тузилмаси 1-иловага мувофиқ;

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари 2 ва 3-иловаларга мувофиқ;

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг штатлар жадвали 4 ва 5-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

 

5.Белгилаб қўйилсинки:

 

ушбу қарор билан тасдиқланган Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари икки баравар миқдорда қўлланилади;

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимларининг бошқарув ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун уларнинг лавозим маошига 100 фоиз миқдорида ойлик устама тўланади. Бунда ушбу устама қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг лавозим маоши таркибига киритилади;

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига ушбу қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда Бюро ходимлари учун назарда тутилган имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чоралари қўлланилади.

 

6. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари тузилмасига белгиланган умумий штатлар сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

 

Бюро директорига:

 

Марказ ва унинг худудий бўлимларига ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, бошқа мутахассислик соҳасида олий маълумотга, зарур билим ва иш тажрибасига эга бўлган малакали кадрларни ишга қабул қилиш;

 

Марказга бошқа мутахассисларни (дастурчилар, компьютер тизимлари ва тармоқлари хавфсизлиги, автоматлаштирилган тизимларда маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассислар, компьютер муҳандислари, веб-дизайнерлар ва бошқалар) шартномавий-ҳуқуқий асосда жалб этиш ҳуқуқи берилсин.

 

7.Бюро бир ой муддатда:

 

Марказ тўғрисидаги низомнинг тасдиқланишини;

 

Марказ ва унинг ҳудудий бўлимларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан профессионал даражада фойдаланиш қобилиятига эга малакали мутахассислар билан тўлдирилишини;

 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Марказ ҳамда унинг ҳудудий бўлимларини замонавий компьютер техникаси, алоқа, мебель ҳамда ишни самарали ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини таъминласин.

 

8.Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, “Ергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Марказий банк, Интеллектуал мулк агентлиги, Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, бошқа вазирликлар ҳамда идоралар икки ой муддатда Марказга ўзларининг маълумотлар базалари ва ахборот тизимларидан тўлақонли фойдаланиш имкониятини таъминласин.

 

9.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3016-сон қарорига 6-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.

 

10.Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Молия вазирлиги икки ҳафта муддатда ушбу қарор талабларига мувофиқ Бюронинг штатлар жадвали ва харажатлар сметасига ўзгартишлар киритсин.

11.Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.Мирзиёев

 

Тошкент шаҳри