Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми

Истеъмолчилар ҳуқуқлари: низоларни судгача ҳал этиш тартиби

30.04.2020

Рус тилида ўқиш

Истеъмолчи сифатида ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда, биринчи навбатда, бир варақ қоғозни олишингиз ва унга йўл қўйилган барча ҳуқуқбузарликлар ҳамда ижрочи (сотувчи, тайёрловчи ва бошқалар) томонидан шартларга риоя этилмаганлиги ҳақида батафсил қайд этишингиз лозим. Кейинчалик ушбу қайдлар даъво тақдим этиш ва ҳатто судга даъво аризасини расмийлаштириш учун асос бўлиши мумкин. Бунда низоларни судгача ҳал этишнинг асосий усулларидан бири сифатида эътироз билдириш тартиби ҳақида сўз юритилмоқда.

 

Ушбу тартиб-таомил ҳақида батафсил – Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг юридик бўлими бошлиғи Владимир Ли интервьюсида.

 

– Истеъмолчилик ҳуқуқи субъектлари ўртасидаги низолар судгача қандай тартибда ҳал этилади?

 

– Низоларни судгача ҳал этиш тартибига биноан тарафлар юзага келган келишмовчиларни ҳал этишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган воситаларидан фойдаланишлари шарт. Бундай воситалар тарафларнинг низони мустақил ҳал этишга, сотувчини (тайёрловчи, ижрочи, ваколатли ташкилот, якка тартибдаги тадбиркор, импорт қилувчини) эса истеъмолчининг асосланган талабларини ихтиёрий равишда қаноатлаштиришга қаратилган. Бунда бузилган ҳуқуқларни зудлик билан тиклаш имкони бўлади. Низо ҳал этилмаган тақдирда, тарафлар судга мурожаат қилишга ҳақли.

 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича низоларни судгача ҳал этишнинг кенг тарқалган турларидан бири – даъво билдириш тартиби. Яъни ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган тараф (жисмоний шахс) ушбу ҳуқуқ ва манфаатларни бузган тарафга (юридик шахс ёки ЯТТга) даъво билдиришга ҳақли. Сотиб олинган товарда ёки кўрсатилган хизматда (ишда) нуқсонлар аниқланган бўлса, бу ҳақда иккинчи тарафни хабардор қилиш лозим, бунда икки нусхада даъво хати ёзилади.

 

Унда қуйидагилар кўрсатилади:

  • ташкилотнинг (якка тартибдаги тадбиркорнинг) тўлиқ номи ва унинг юридик (ҳақиқий) манзили;
  • истеъмолчининг Ф.И.О. (тўлиқ) ва  уй манзили;
  • товар, хизмат (иш)даги камчиликларнинг қисқача тавсифи;
  • истеъмолчи талаблари (камчиликни бартараф этиш, олди-сотди шартномасини бекор қилиш ва бошқалар).

 

Даъвога айнан ушбу ташкилотда (ЯТТда) берилган товар (ишлар, хизматлар) сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилиниши лозим. Даъвонинг бир нусхаси сотувчига (тайёрловчига, ижрочига) берилади, иккинчи нусхасига эса бошқа тараф томонидан олинган санани қўйиш, ташкилот муҳрини босиш ва даъвони олган шахс Ф.И.О.ни ёзиши ва имзо қўйиши орқали даъво олинганлиги тўғрисидаги белги қайд этилади.

Сотувчи (тайёрловчи, ижрочи) даъвони олгач, истеъмолчини қандай йўл тутиши ҳақида ёзма равишда хабардор қилади. Даъво хати буюртма хат билан, телеграф, телетайп орқали, шунингдек жўнатувчини олувчи хабардор этилганлиги қайд этилишини таъминлайдиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юборилади ёки тилхат олиб топширилади.

 

Бугунги кунда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда низоларни судгача ҳал этиш тартибига аниқ тушунча ва таъриф берилмаган. Истеъмолчилар ҳуқуқлари соҳаси жуда кенг ва ҳаётий фаолиятнинг барча йўналишларига тааллуқлидир. Шу муносабат билан мазкур йўналишлар бўйича, чакана савдодан бошлаб ҳаво ташувларигача тегишли қоидалар қайд этилган, улар хўжалик юритувчи субъектлар ва истеъмолчилар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш учун белгиланган. Кўп қоидаларда даъво билдириш назарда тутилган ва бу жараён тартиби келтирилган. Даъво билдириш тартиби ҳамда турли соҳалардаги даъволарни кўриб чиқиш муддатлари турлича бўлади.

 

 – Даъво билдириш тартиби ва муддатлари қайси ҳужжатларда кўрсатилган?

 

Ўзбекистон Республикаси темир йўл уставининг 9-бобига мувофиқ темир йўлга нисбатан даъволар 6 ой мобайнида, жарималарни тўлашга оид даъволар 45 кун ичида тақдим этилади. Уставда даъво сабаблари ва уларни тақдим этиш муддатлари аниқ қайд этилган. Тартиблар «Почта алоқаси тўғрисида»ги Қонун билан белгиланган (кўчирмалар – бу ерда). Ҳаво кодекси билан тартибга солинадиган ташувчи ва йўловчи ўртасидаги муносабатларни мисол тариқасида келтириш мумкин (батафсил – бу ерда).

 

Фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан даъво билдириш умумий муддати уч йилни ташкил қилади. Бироқ айрим талаблар учун махсус даъво муддатлари белгиланади, улар умумий муддатга нисбатан қисқартирилади ёки узайтирилади.

 

– Низоларни судгача ҳал этиш тартибини соддалаштириш ёки тезлаштириш имкониятлари мавжудми? Уларни олдиндан судгача кўриб чиқишнинг қандай афзалликлари бор?

– Шартнома тузишда, агар бу қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бўлса, низоларни судгача ҳал этишнинг янада фойдалироқ усули ёки муддати назарда тутилиши мумкин. Масалан, хатга жавоб қайтариш учун янада қисқа вақт оралиғини кўрсатиш ёки электрон почта орқали даъволар алмашинуви имкониятидан фойдаланишни белгилаш мумкин.

 

Низоларни судгача ҳал этиш тартиби истеъмолчининг бузилган ҳуқуқини зудлик билан тиклашга, бундай низоларни кўриб чиқадиган судларнинг ишини сезиларли даражада енгиллаштиришга, судларда бундай ишлар юритуви сонини камайтиришга имкон беришини эътиборга олиш лозим.

 

Истеъмол бозорида кенг қўлланиладиган истеъмолчининг даъво билан аввал тадбиркорга мурожаат этиши ва низолар ихтиёрий равишда бартараф этилишининг имкони бўлмаганда судга мурожаат этиш тартиби тавсиявий тусга эга эмас, балки мажбурий ҳисобланиши керак. Кўпинча жавобгар даъво иш юритувига қабул қилинганидан сўнг судга чақирув қоғози юборилгач ва даъво аризаси нусхасини олгач, истеъмолчининг унга нисбатан қандайдир даъвоси борлигини билади. Ваҳоланки, ушбу низони ихтиёрий равишда ҳал этиш мумкин эди.

 

Бундан ташқари, истеъмолчи ноҳақ бўлган вазиятлар ҳам юзага келиши мумкин. Сотувчи (ваколатли ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор, тайёрловчи, ижрочи, импорт қилувчи) товарлар (ишлар, хизматлар) истеъмолчига берилганидан кейин улардан фойдаланиш, сақлаш, ташишга оид белгиланган қоидаларнинг бузилиши ёки учинчи шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида камчиликлар юзага келганлигини исботлаб бериши мумкин. Бунда истеъмолчи олдиндан жавобгарга мурожаат қилмасдан ўз ҳолатини ёмонлаштирган бўлади.

 

Айни пайтда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга низоларни судгача ва суддан ташқарида ҳал этиш тушунчаларини киритиш юзасидан қўшимчалар ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек тегишли қонунда даъволарни кўриб чиқиш бўйича умумий муддатни белгилаш таклиф этилмоқда, ушбу муддат юзага келган вазиятнинг мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда 5 кундан бир ойгачани ташкил этиши мумкин. Бошқа ҳолатларда у ёки бу қоидаларда ва шартномаларда назарда тутилган муддатлар ўзгармайди.

 

Лола Абдуазимова.



Комментарии (1)

Добавить комментарий
Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.

alfamax2013 :

2020-04-30 19:08:30

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ги қонун бўйича юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқини ҳимоя қила олмайди. Сабаби қонуннинг биринчи моддасининг 1-бандида фақат жисмоний шахслар истеъмолчилар бўлиши мумкин.

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16