Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми
  • www.norma.uz
  • Бизнинг шарҳлар
  • QR-кодлар ёрдамида нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш: уни фаол жорий этишга нималар тўсқинлик қилмоқда?

QR-кодлар ёрдамида нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш: уни фаол жорий этишга нималар тўсқинлик қилмоқда?

19.03.2019

Рус тилида ўқиш

QR-кодларни қўллаган ҳолда ўзаро ҳисоблашиш усуллари тобора оммалашиб бормоқда. Айни пайтда ушбу технологияни қўллашда муаммолар юзага келмоқда, уларни яқин орада ҳал этиш керак бўлади.

 

Истиқболли технология

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда қабул қилинган «2016–2018 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги 353-сон қарори ҳисоб-китобларнинг янги, шу жумладан QR-кодларни қўллашга асосланган усулларини жорий этишга замин яратди. Бугунги кунда уни амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда. Масалан, Президентнинг 6.03.2019 йилдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4230-сон қарорида назарда тутилишича, йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари махсус иловали қурилмаларга алмаштирилиши мумкин. Шу жумладан – иловали QR-кодлар сканерларига.  

 

Технологиянинг қулайлиги шундаки, у стандарт тўлов қурилмаларидан фойдаланиш заруратидан халос этади. Истеъмолчида илова ўрнатилган смартфон ёки ҳар қандай бошқа мобил гаджет бўлишининг ўзи кифоя. Бу ҳолда сотувчига ижараси қимматга тушадиган тўлов терминали керак бўлмайди.

 

Кенг тарқалаётган технологиянинг яна бир ижобий жиҳати – банк пластик карталари персонал маълумотларининг хавфсизлиги. Ягона умумреспублика процессинг маркази банк карталарини сақловчиларни фирибгарлардан ҳимоялаш мақсадида ушбу маълумотларни ошкор этмаслик зарурлиги ҳақида доим эслатади. QR-кодларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар ушбу муаммони ҳам ҳал этади, сабаби карта маълумотларини билдириш ёки ташқи қурилмаларга киритишни талаб этмайди.

 

Яқин орада ушбу технологияни қўллаш соҳасини кенгайтирувчи янги ҳуқуқий ҳужжатлар чиқиши кутилмоқда. Бироқ уни татбиқ этибгина қолмай, такомиллаштириш ҳам лозим.

 

Ниятга етиш учун нима қилмоқ керак?

 

QR-кодни қўллаган ҳолда ҳисоб-китоб қилиш учун сотувчининг коди ва харидорнинг мобил иловаси бир-бирига монанд – битта тўлов тизимига ёки банкка тегишли бўлиши керак. Бу муайян ноқулайликлар туғдиради. Ё харидор сотувчининг тўлов тизими аккаунтини олиши, ё сотувчи унга мослашиши керак бўлади. Бунинг учун у барча тўлов тизимларининг индивидуал QR-кодларини, ҳеч бўлмаганда – доимий мижозлари орасида оммабоп бўлганларини олишига тўғри келади. Бу ноқулай ва оқилона эмас. У ҳолда нима қилмоқ керак?

 

Масалан, ягона индивидуал QR-кодни амалиётга жорий этиш мумкин. Битта савдо шохобчаси – барча ёки ҳеч бўлмаганда энг талабгир тўлов тизимларида ишловчи битта QR-код. Солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) асос бўлиб хизмат қилиши мумкин: у ҳар бир тадбиркорда бор бўлиб, ноёб саналади.

 

Буни амалиётда қандай ташкиллаштириш мумкин? Бунинг камида иккита йўли бор:

 

1. Тўлов тизимлари билан мобил иловалари QR-код ёрдамида ўзаро ҳисоб-китоб қилиш функциясига эга бўлган банклар ўртасидаги келишувга кўра қарор қабул қилиниши мумкин. Улар ушбу фаолиятни келгусида мувофиқлаштириш учун Кенгаш ёки исталган бошқа жамоат бирлашмасини тузишлари мумкин.

2. Ягона тўлов QR-кодларининг яратилиши давлат регуляторларини рағбатлантириши мумкин. Масалан, HUMO миллий тўлов тизимини яратиш масалаларини ҳал этаётганда Марказий банкни. Зеро у энг такомиллашган ва хавфсиз бўлиши лозим.

 

Хорижий тажриба

 

Ягона QR-коднинг жорий этилиши фойдаланувчиларни фирибгарлардан ҳимоялаш нуқтаи назаридан ҳам ўзини оқлайди. QR-кодлар қанча кам бўлса, фирибгарларнинг қўлига тушиш эҳтимоли ҳам шунча озаяди.

 

Жаҳон амалиётида улардан фойдаланиб фирибгарлик қилиш ҳолатлари кўп учрайди. Билмаганларга кодлар бир-биридан фарқланмайдигандек кўринади, баъзилар айнан шундан ғаразли мақсадда фойдаланадилар. Натижада пул бошқа ёққа кетиши ёки гаджетингизги зарарли дастурлар тушиши мумкин.  

 

Бизда бундай қилишнинг иложи йўқдек кўринади. Истеъмолчи QR-код ёрдамида ҳақ тўлаётганда счётига пул тушадиган олувчининг номини кўради. Пин-код киритилганидан кейингина пул ечилади. Шунда ҳам фирибгарлик қилиниши эҳтимоли мавжуд, тўлов тизимлари мутахассислари бунинг олдини олишлари шарт. Бу масалада хорижий тажрибага таяниш мумкин.   

 

Мисол учун, Хитойдаги Alipay тўлов тизими сайтларни таниш функциясига эга, сканерланаётган QR-код зарарли ҳавола эканлигини аниқлаши мумкин. Таҳдидни аниқласа – фойдаланувчини хавф борлиги тўғрисида огоҳлантиради.

 

Тўлов тизимлари хавфсизлик масалаларига жиддийроқ муносабатда бўлишлари учун фирибгарликнинг ҳар бир исботланган ҳолати бўйича уларнинг жавобгарлик чораларини назарда тутиш лозим. Мисол учун, Alipay жабрланганларга етказилган бутун моддий зарарни қоплайди. Фирибгарлик далилларини тезкор текшириш ва жабрланганга пулини қайтариш имконини берадиган тизимларнинг яратилиши энг мақбул йўл саналади.

 

Чек олишни унутманг!

 

QR-код орқали тўлов технологиясини жорий этган айрим савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида терминал ёки касса аппарати йўқ экан, демак, чек бериш керак эмас деб ҳисоблайдилар. «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддасидаги қоидани унутмаслик ва унга риоя этиш лозим. Унда товарни ёки хизматларни назорат-касса машинасининг чеки ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади. Бундай чек – даъво билдирганда харидорнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш имконини берувчи ягона ҳужжат. Айнан у харид қилиш факти ва унинг қийматини белгилайди. Бинобарин, QR-кодлардан фойдаланган ҳолда ҳақ тўланганда харидорга қонун ҳужжатларида белгиланган барча мажбурий реквизитлар қайд этилган чек берилиши керак. Шунингдек унда сотилган товарлар санаб ўтилган бўлиши лозим.  

 

Олег Гаевой.



 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16