Бундай таклиф Сенатнинг мажлисида Бош вазир ўринбосари-молия вазири Ж.Қўчқоров томонидан киритилди.
Пойтахтда чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона ижтимоий тўловнинг (ЯИТ) тажриба тариқасидаги ставкаси белгиланади. ЎзА томонидан тарқатилган ахборотга кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг ўрнатилган базавий миқдоридан ошган суммасига 10% миқдорида ЯИТнинг пасайтирилган ставкаси жорий этилади.
Бу – муҳим! Хабарда қайд этилишича, меҳнатга ҳақ тўлашнинг базавий фонди сифатида ўтган йилдаги ўртача иш ҳақи миқдори қабул қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда чакана савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун ходимлар сонининг ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрлари амал қилади. Шу боис солиқ солинадиган база ҳисоб-китоби тартиби ўзгариши мумкин.
Бундан ташқари, ЯИТнинг энг кам миқдорлари жорий этилган. Микрофирмалар ва кичик корхоналар (фермер хўжаликларидан ташқари) учун у ҳар бир ходим учун ойига ЭКИҲнинг 65%ини ташкил этади. Бунда ЯИТ ҳисоб-китоби ҳар ойда махсус формула бўйича амалга оширилади.
2017 йил учун ЯИТ ставкалари микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун 15% ҳамда бошқа тўловчилар учун 25%ни ташкил этди.