Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Онлайн-НКМ ва виртуал касса солиқ органларида қандай тарзда рўйхатдан чиқариладиНима учун январь ойи ҳисоботида айланмадан олинадиган солиқ ставкаси нотўғри қўлланиладиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинмиҲуқуқдан ўзганинг фойдасига воз кечиш шартномаси бўйича валюта маблағларини ўтказиш мумкинми
  • www.norma.uz
  • Фойдали ахборот
  • 2018 йил сентябрь ойи учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоб-китоби услубияти

2018 йил сентябрь ойи учун жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳисоб-китоби услубияти

18.09.2018

      2018 йил 1 январдан бошлаб ЖШДСнинг қуйидаги ставкалари амал қилмоқда: ноль ставкали; энг кам ставка – 7,5%; ўртача ставка – 16,5%; энг юқори ставка – 22,5% (Президентнинг 29.12.2017 йилдаги ­ПҚ-3454-сон қарорига 8-илова).

 

      1 январдан 15 июлгача энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ) миқдори 172 240 сўмни (20.11.2017 йилдаги ПФ-5245-сон), 15 июлдан эса 184 300 сўмни (2.07.2018 йилдаги ПФ-5469-сон) ташкил этади.

 

      Бутун йил давомида ЖШДСни ва ЭКИҲ бараварида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқаришда 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра белгиланган ЭКИҲ – 172 240 сўм қўлланади (Солиқ кодекси 186-моддасининг 1-қисми). Январь-сентябрь ойлари учун солиқ солиш мақсадида ЭКИҲ 1 550 160 сўмни (172 240 х 9) ташкил қилади.

 

      2018 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга мажбурий ойлик бадаллари ставкаси ходимга ҳисобланган иш ҳақи (даромад) солиқ солинадиган суммасининг 2%ини, ноль ставкасида (ЭКИҲ 1 баравари) солиқ солинадиган даромад чегирилган ҳолда, ташкил этади ­(ПҚ-3454-сон қарорга 8-илова).

 

      ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисоблаб ёзилган ЖШДСдан чегирилади (АВ томонидан 6.10.2005 йилда 1515-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди).

 

      2018 йил учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг мажбурий суғурта бадаллари ставкаси ходимга ҳисоблаб ёзилган, бадаллар ундириладиган иш ҳақи (даромад) суммасининг 8%и миқдорида белгиланган (ПҚ-3454-сон қарорнинг 3-банди).

 

Солиқ солинадиган даромад миқдори

Солиқ ставкаси

1 550 160 сўмгача

0%

1 550 161 сўмдан 7 750 800 сўмгача

(5 х 1 550 160)

1 550 160 сўмдан ортиқ сумманинг 7,5%и

7 750 801 сўмдан 15 501 600 сўмгача

(10 х 1 550 160)

465 048 сўм + 7 750 800 сўмдан ортиқ сумманинг 16,5%и

15 501 601 сўм ва ундан юқори

1 743 930 сўм + 15 501 600 сўмдан ортиқ сумманинг 22,5%и

 

I. АНЪАНАВИЙ ҲИСОБ-КИТОБ

 

1-ВАЗИЯТ Ойига ЭКИҲнинг 1 бараваридан ошмайдиган даромадлардан ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходима корхонада чорак ставкада ишлайди. Йил бошидан 15 июлга қадар у ойига 150 000 сўмдан, 15 июлдан эса 160 000 сўм иш ҳақи олди. Июль ойи учун иш ҳақи 155 454,55 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 1 375 454,55 сўмни (150 000 х 6) + 155 454,55 + (160 000 х 2)) ташкил қилади.

Жисмоний шахснинг 1 550 160 сўмгача бўлган даромадига ноль ставкаси бўйича солиқ солинади. Ходиманинг иш ҳақидан ЖШДС 0 сўмни (1 375 454,55 х 0%) ташкил қилади.

Ходиманинг иш ҳақидан ШЖБПҲга бадаллар ҳисоб-китобида ноль ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромад (ЭКИҲнинг 1 баравари) чегирилиши сабабли ушбу бадаллар ҳисоблаб ўтказилмайди.

Ходиманинг даромадларидан суғурта бадаллари 12 800 сўмга (160 000 х 8%) тенг.

Суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимага 147 200 сўм (160 000 – 12 800) тўланади.

 

2-ВАЗИЯТ Ойига ЭКИҲнинг 5 бараваридан ошмайдиган даромадлардан ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходим йил бошидан 15 июлга қадар ойига 720 000 сўмдан, 15 июлдан эса 770 000 сўм иш ҳақи олди. Июль ойи учун иш ҳақи 747 272,73 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 6 607 272,73 сўмни (720 000 х 6) + 747 272,73 + (770 000 х 2)) ташкил қилади.

Олинган даромадга 7,5%лик ставка бўйича солинадиган ЖШДС:

(6 607 272,73 – 1 550 160) х 7,5% = 379 283,45 сўмга тенг.

Январь-август ойларида 334 451,45 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 44 832 сўмга (379 283,45 – 334 451,45) тенг.

Январь-сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 101 142,25 сўмни ((6 607 272,73 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 89 187,05 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 11 955,2 сўмни (101 142,25 – 89 187,05) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 32 876,8 сўм (44 832 – 11 955,2) солиқ ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 61 600 сўмни (770 000 х 8%) ташкил этади.

ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимга 663 568 сўм (770 000 – 44 832 – 61 600) тўланади.

 

3-ВАЗИЯТ Бир ойдаги даромадлар 10 ЭКИҲдан ошмаганда ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходимнинг меҳнатига йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 050 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 120 000 сўм иш ҳақи тўланган. Июль ойи учун иш ҳақи 1 088 181,82 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 9 628 181,82 сўмни (1 050 000 х 6) + 1 088 181,82 + (1 120 000 х 2)) ташкил қилади.

16,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва январь–сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаймиз:

465 048 + (9 628 181,82 – 7 750 800) х 16,5% = 774 816 сўм.

Январь-август ойларида 680 442 сўм солиқ ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 94 374 сўмга (774 816 – 680 442) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 161 560,44 сўмни ((9 628 181,82 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 142 605,24 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 18 955,2 сўмни (161 560,44 – 142 605,24) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 75 418,8 сўм (94 374 – 18 955,2) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 89 600 сўмни (1 120 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 936 026 сўм (1 120 000 – 89 600 – 94 374) иш ҳақи олади.

 

4-ВАЗИЯТ Бир ойдаги даромадлар 10 ЭКИҲдан ошганда ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходимнинг меҳнатига йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 850 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 980 000 сўм иш ҳақи тўланган. Июль ойи учун иш ҳақи 1 920 909,09 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 16 980 909,09 сўмни (1 850 000 х 6) + 1 920 909,09 + (1 980 000 х 2)) ташкил қилади.

22,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва январь–сентябрь ойлари учун ЖШДСни ҳисоблаймиз:

1 743 930 + (16 980 909,09 – 15 501 600) х 22,5% = 2 076 774,55 сўм.

Январь-август ойларида 1 825 044,55 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 251 730 сўмга (2 076 774,55 – 1 825 044,55) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 308 614,98 сўмга ((16 980 909,09 – 1 550 160) х 2%) тенг.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 272 459,78 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 36 155,2 сўмни (308 614,98 – 272 459,78) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 215 574,8 сўм (251 730 – 36 155,2) ЖШДС ўтказилади.

Сентябрь ойи учун мажбурий суғурта бадаллари 158 400 сўмни (1 980 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 569 870 сўм (1 980 000 – 251 730 – 158 400) иш ҳақи олади.

 

II. ИМТИЁЗЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛГАН ҲОЛДА

 

5-ВАЗИЯТ Даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланадиган имтиёз қўлланилган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходимнинг меҳнатига йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 850 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 980 000 сўм иш ҳақи тўланган. Июль ойи учун иш ҳақи 1 920 909,09 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 16 980 909,09 сўмни (1 850 000 х 6) + 1 920 909,09 + (1 980 000 х 2)) ташкил қилади.

Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ ушбу имтиёзга эга бўлган фуқароларнинг (масалан, 16 ёшдан ошмаган икки ва ундан ортиқ болалари бўлган ёлғиз оналар) жами даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма чиқариб ташланади.

 

Солиқ солинадиган даромадни ҳисоб-китоб қиламиз:

16 980 909,09 – (1 550 160 х 4) = 10 780 269,09 сўмга тенг.

16,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

465 048 + (10 780 269,09 – 7 750 800) х 16,5% = 964 910,4 сўм.

Январь-август ойларида 842 314,8 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 122 595,6 сўмга (964 910,4 – 842 314,8) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 184 602,18 сўмни ((10 780 229,09 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 162 226,18 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 22 376 сўмни (184 602,18 – 162 226,18) ташкил қилади.

Бюджетга 100 219,6 сўм (122 595,6 – 22 376) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 158 400 сўмни (1 980 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 699 004,4 сўм (1 980 000 – 112 595,6 – 158 400) иш ҳақи олади.

 

6-ВАЗИЯТ Моддий ёрдам олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходимнинг меҳнатига йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 265 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 353 550 сўм иш ҳақи тўланган. Январь ойида унга фарзанди туғилганлиги муносабати билан 2 200 000 сўм моддий ёрдам берилган. Июль ойи учун иш ҳақи 1 313 300 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 13 810 400 сўмни (1 265 000 х 6) + 2 200 000 + 1 313 300 + (1 353 550 х 2)) ташкил қилади.

Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандининг 3 ва 4-хатбошиларига кўра бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача миқдорда бериладиган қуйидаги моддий ёрдам суммаларига: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар; ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар; бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловларга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди). Йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (172 240 х 12 = 2 066 880 сўм).

 

Солиқ солинадиган даромад 11 743 520 сўмга (13 810 400 – 2 066 880) тенг.

16,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

465 048 + (11 743 520 – 7 750 800) х 16,5% = 1 123 846,8 сўм.

Январь-август ойларида 990 937,05 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 132 909,75 сўмга (1 123 846,8 – 990 937,05) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 203 867,2 сўмни ((11 743 520 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 180 241 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 23 626,2 сўмни (203 867,2 – 180 241) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 109 283,55 сўм (132 909,75 – 23 626,2) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 108 284 сўмни (1 353 550 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 112 356,25 сўм (1 353 550 – 132 909,75 – 108 284) иш ҳақи олади.

 

7-ВАЗИЯТ Қимматбаҳо совға олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходимнинг меҳнатига йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 300 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 390 000 сўм иш ҳақи тўланган. Январь ойида унга 1 800 000 сўмлик ноутбук совға қилинди. Июль ойи учун иш ҳақи 1 349 090,91 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 13 729 090,91 сўмни (1 300 000 х 6) + 1 349 090,91 + 1 800 000 + (1 390 000 х 2)) ташкил қилади.

Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандига кўра бир йил мобайнида юридик шахслардан ЭКИҲнинг 6 баравари миқдоригача бўлган суммада олинган совғаларнинг қийматига солиқ солинмайди. Бунда йил мобайнида ҳисоб-китоб қилишда йил бошида амал қилган ЭКИҲ қўлланилади (172 240 х 6 = 1 033 440 сўм).

 

Солиқ солинадиган даромад 12 695 650,91 сўмга (13 729 090,91 – 1 033 440) тенг.

16,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

465 048 + (12 695 650,91 – 7 750 800) х 16,5% = 1 280 948,4 сўм.

Январь-август ойларида 1 142 024,4 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 138 924 сўмга (1 280 948,4 – 1 142 024,4) тенг.

Январь–сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 222 909,82 сўмга ((12 965 650,91 – 1 550 160) х 2%) тенг.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 198 554,62 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 24 355,2 сўмни (222 909,82 – 198 554,62) ташкил қилади.

Бюджетга 114 568,8 сўм (138 924 – 24 355,2) ЖШДС ўтказилади.

Сентябрь ойи учун мажбурий суғурта бадаллари 111 200 сўмни (1 390 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 139 876 сўм (1 390 000 – 138 924 – 111 200) иш ҳақи олади.

 

8-ВАЗИЯТ Бир нечта имтиёзни ҳисобга олган ҳолда (ҳар ойда даромаддан ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг суммани чегириш, моддий ёрдам ва қимматбаҳо совға олинганда) ЖШДС ҳисоб-китоби

Солиқ кодексининг 180-моддасига кўра имтиёзга ҳақли бўлган ходимга йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 300 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 390 000 сўм иш ҳақи тўланган. Январь ойида унга никоҳдан ўтиши муносабати билан 2 300 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган ва 1 500 000 сўмлик қийматга эга совға топширилган. Июль ойи учун иш ҳақи 1 349 090,91 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 15 729 090,91 сўмни (1 300 000 х 6) + 2 300 000 + 1 500 000 + 1 349 090,91 + (1 390 000 х 2)) ташкил қилади.

Қуйидагиларга мувофиқ:

Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмига мувофиқ имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 4 бараварига тенг сумма (1 550 160 х 4 = 6 200 640 сўм) чиқариб ташланади;

Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-бандига мувофиқ, бир йил давомида ЭКИҲнинг 12 бараваригача (172 240 х 12 = 2 066 880 сўм) миқдорда бериладиган моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди;

Солиқ кодексининг 179-моддаси 14-бандига кўра юридик шахслардан бир йил мобайнида ЭКИҲнинг 6 баравари (172 240 х 6 = 1 033 440 сўм) миқдоригача олинган совғаларнинг қийматига ЖШДС солинмайди.

 

Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:

11 929 090,91 – 6 200 640 + 2 300 000 – 2 066 880 + 1 500 000 – 1 033 440 = 6 428 130,91 сўм.

Олинган даромадга 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади:

(6 428 130,91 – 1 550 160) х 7,5% = 365 847,82 сўм.

Январь-август ойларида 326 187,82 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 39 660 сўмга (365 847,82 – 326 187,82) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 97 559,42 сўмни ((6 428 130,91 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 86 983,42 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 10 576 сўмни (97 559,42 – 86 983,42) ташкил қилади.

Бюджетга 29 084 сўм (39 660 – 10 576) солиқ ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 111 200 сўмни (1 390 000 х 8%) ташкил этади.

Ходим қўлига 1 239 140 сўм (1 390 000 – 39 660 – 111 200) олади.

 

III. ОДАТДАН ТАШҚАРИ ҲОЛАТЛАР

 

9-ВАЗИЯТ Ўриндош ходим даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби

Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисмида назарда тутилган имтиёзга эга ўриндош ходимга йил бошидан 15 июлга қадар ойига 800 000 сўмдан, 15 июлдан эса 850 000 сўм иш ҳақи тўланган. Июль ойи учун иш ҳақи 827 272,72 сўмга тенг. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 7 327 272,72 сўмни (800 000 х 6) + 827 272,72 + (850 000 х 2)) ташкил қилади.

Асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан олинган даромадларга тўлов манбаида ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш Солиқ кодексининг 180-моддасида назарда тутилган имтиёзни қўлламасдан жами даромад суммасидан амалга оширилади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 8-қисми).

Агар асосий бўлмаган иш жойидан ёки бошқа юридик шахслардан даромад оладиган жисмоний шахс бухгалтерияга ундан ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этса, у ҳолда даромад тўловчи юридик шахс имтиёзларни қўлламаган ҳолда уни энг юқори ставкада ушлаб қолади (Солиқ кодексининг 186-моддаси 9-қисми). Бундай ариза мавжуд бўлмаган ҳолларда ЖШДС шкала бўйича ушлаб қолинади, солиқ тўловчи эса солиқ органларида жорий йилдаги жами даромадларини кейинги йилнинг 1 апрелига қадар декларациялаши шарт.

 

I. Ўриндош бухгалтерияга ЖШДСни энг юқори ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этмаган.

Унинг январь–сентябрь ойларида олган даромадига 7,5%лик ставка бўйича солиқ солинади. ЖШДС:

(7 327 272,72 – 1 550 160) х 7,5% = 433 283,45 сўмга тенг.

Январь-август ойларида 382 451,45 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 50 832 сўмга (433 283,45 – 382 451,45) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 115 542,25 сўмга ((7 327 272,72 – 1 550 160) х 2%) тенг.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 101 987,05 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 13 555,2 сўмни (115 542,25 – 101 987,05) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 37 276,8 сўм (50 832 – 13 555,2) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари суммаси 68 000 сўмни (850 000 х 8%) ташкил этади.

Солиқ ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходим 731 168 сўм (850 000 – 50 832 – 68 000) иш ҳақи олади.

 

II. Ўриндош ходим бухгалтерияга ЖШДСни энг юқори – 22,5%лик ставкада ушлаб қолиш ҳақида ариза тақдим этган.

Ўриндошнинг даромади 15 501 600 сўмдан ошмаслигига қарамай, ходимнинг аризасига кўра унинг бутун иш ҳақига 22,5%лик ставка бўйича солиқ солинади.

Январь–сентябрь ойлари учун ЖШДС суммаси 1 648 636,36 сўмга (7 327 272,72 х 22,5%) тенг.

Январь-август ойларида 1 457 386,36 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойида унинг суммаси 191 250 сўмни (1 648 636,36 – 1 457 386,36) ташкил этади.

Жами иш ҳақидан (ноль ставкаси бўйича солиқ солинадиган даромадни чегирмаган ҳолда) ШЖБПҲга бадаллар (2%) ҳисоблаб ёзилади.

Январь–сентябрь ойларида уларнинг суммаси 146 545,45 сўмни (7 327 272,72 х 2%) ташкил қилади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 129 545,45 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун 17 000 сўм (146 545,45 – 129 545,45) ўтказилади.

Бюджетга 174 250 сўм (191 250 – 17 000) ЖШДС ўтказилади.

Сентябрь ойи учун суғурта бадаллари 68 000 сўмни (850 000 х 8%) ташкил қилади.

ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ўриндош ходим 590 750 сўм (850 000 – 191 250 – 68 000) иш ҳақи олади.

 

10-ВАЗИЯТ Юридик шахсга турар жойни ижарага берувчи ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби

Ходимга йил бошидан 15 июлга қадар ойига 850 000 сўмдан, 15 июлдан эса 900 000 сўм иш ҳақи тўланган. Июль ойи учун иш ҳақи 877 272,73 сўмга тенг. Ходим Тошкент шаҳрида жойлашган, майдони 50 кв.м бўлган турар жой биносини 1 январдан бошлаб ижарага бериш тўғрисида иш берувчи билан шартнома тузди ва ҳар ойда 1 000 000 сўм ижара ҳақи олади. Январь-сентябрь ойлари учун жами даромад 7 777 272,73 сўмни (850 000 х 6) + 877 272,73 + (900 000 х 2)) ташкил қилади.

Жисмоний шахсларнинг турар жойни ижарага топширишдан оладиган даромадларига солиқ солиш ижара (ёллаш) шартномасида назарда тутилган тўловдан келиб чиқиб амалга оширилади, бироқ у турар жойни ижарага берадиган жисмоний шахслар учун белгиланган энг кам ижара ҳақи ставкаларидан ҳисоблаб чиқарилган миқдордан кам бўлмаслиги керак (ПҚ-3454-сон қарорга 25-илова).

Тошкент шаҳрида бир ойлик ижара тўловининг энг кам миқдори этиб 1 кв.м турар жой учун 4 500 сўм; Нукус ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – 3 000 сўм; бошқа аҳоли пунктларида – 1 500 сўм белгиланган.

Мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга 7,5%лик ставка бўйича ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси).

ШЖБПҲга бадаллар иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича бажарилган ишлар учун олинган даромадлардан ҳисоблаб ёзилади. Ижара ҳақи тарзидаги даромадлар мулкий даромад бўлганлиги ва ишлар бажариш билан боғлиқ бўлмаганлиги боис, ундан ШЖБПҲга ажратмалар қилинмайди.

 

Ижара ҳақидан ЖШДС суммасини ҳисоблаймиз. Мазкур ҳолатда унинг энг кам суммаси 225 000 сўмни (4 500 х 50) ташкил этади, у ҳақиқатдаги ижара ҳақидан камлиги боис шартномада назарда тутилган суммадан солиқ ҳисобланади:

1 000 000 х 7,5% = 75 000 сўм.

Январь-сентябрь ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромаддан 16,5%лик ставка бўйича солиқни ҳисоблаймиз:

465 048 + (7 777 272,73 – 7 750 800) х 16,5% = 469 416 сўм.

Январь-август ойларида 412 451,45 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойидаги солиқ суммаси 56 964,55 сўмга (469 416 – 412 451,45) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 124 542,25 сўмга ((7 777 272,73 – 1 550 160) х 2%) тенг.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 109 987,05 сўм ўтказилган, сентябрь ойида ажратмалар 14 555,2 сўмни (124 542,25 – 109 987,05) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 42 409,35 сўм солиқ (56 964,55 – 14 555,2) ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 72 000 сўмни (900 000 х 8%) ташкил этади.

Солиқ ва мажбурий ажратмалар ушлаб қолинганидан кейин ходимга 1 696 035,45 сўм иш ҳақи (900 000 + 1 000 000 – 75 000 – 56 964,55 – 72 000) тўланади.

 

11-ВАЗИЯТ ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллар ўтказувчи ходимнинг даромадларидан солиқ ҳисоб-китоби

Ходимга йил бошидан 15 июлга қадар ойига 1 200 000 сўмдан, 15 июлдан эса 1 280 000 сўм иш ҳақи тўланган. Июль ойи учун иш ҳақи 1 243 636,37 сўмга тенг. Январь–сентябрь ойларидаги жами даромад 11 003 636,37 сўмни (1 200 000 х 6) + 1 243 636,37 + (1 280 000 х 2)) ташкил этди. Март ойида ходим бухгалтерияга ҳар ойда унинг иш ҳақидан 500 000 сўмни ШЖБПҲга ихтиёрий бадал сифатида ўтказишни сўраб ариза тақдим этди.

ШЖБПҲга ихтиёрий бадаллар суммаси ходимнинг солиқ солинадиган даромадларини аниқлашда чегириб ташланади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди).

 

Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:

11 003 636,37 – 3 500 000 = 7 503 636,37 сўм.

7,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоблаймиз ва январь–сентябрь ойлари учун ушбу суммага солиқни ҳисоблаб ёзамиз:

(7 503 636,37 – 1 550 160) х 7,5% = 446 510,73 сўм.

Январь-август ойларида 400 928,73 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 45 582 сўмга (446 510,73 – 400 928,73) тенг.

Январь–сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 119 069,53 сўмни ((7 503 636,37 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Январь-август ойларида ШЖБПҲга 106 914,33 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 12 155,2 сўмни (119 069,53 – 106 914,33) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 33 426,8 сўм (45 582 – 12 155,2) ЖШДС ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 102 400 сўмга (1 280 000 х 8%) тенг.

Солиқ, суғурта ажратмалари ва ШЖБПҲга ихтиёрий ўтказилган бадал чегирилгандан кейин ходимга 632 018 сўм (1 280 000 – 500 000 – 45 582 – 102 400) иш ҳақи тўланади.

 

12-ВАЗИЯТ Илгари мазкур ҳисобот йилида ишламаган, янги ишга қабул қилинган ходимнинг даромадларидан ЖШДС ҳисоб-китоби

Март ойида мазкур ҳисобот йилида илгари ишламаган ходим ишга қабул қилинди. Унга 1 400 000 сўм маош белгиланди. 15 июлдан маош 1 500 000 сўмгача оширилди. Июль ойи учун иш ҳақи 1 454 545,46 сўмга тенг. Март-сентябрь ойлари учун даромад 10 054 545,46 сўмни (1 400 000 х 4) + 1 454 545,46 + (1 500 000 х 2)) ташкил этди.

16,5%лик ставка бўйича солиқ солинадиган даромад суммасини ҳисоб-китоб қиламиз ва март-сентябрь ойлари учун солиқни ҳисоблаймиз:

465 048 + (10 054 545,46 – 7 750 800) х 16,5% = 845 166 сўм.

Март-август ойларида 688 092 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 157 074 сўмга (845 166 – 688 092) тенг.

ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 170 087,71 сўмни ((10 054 545,46 – 1 550 160) х 2%) ташкил этади.

Март-август ойларида ШЖБПҲга 143 532,51 сўм ўтказилган, сентябрь ойи учун ажратмалар 26 555,2 сўмни (170 087,71 – 143 532,51) ташкил қилади.

Сентябрь ойи учун бюджетга 130 518,8 сўм (157 074 – 26 555,2) солиқ ўтказилади.

Мажбурий суғурта бадаллари 120 000 сўмга (1 500 000 х 8%) тенг.

ЖШДС ва суғурта бадаллари ушланганидан кейин ходимга 1 222 926 сўм (1 500 000 – 157 074 – 120 000) тўланади.

 

Ҳисоб-китоб услубиятини экспертимиз, Ўзбекистон солиқ маслаҳатчилари палатаси аъзоси

Муҳиддин ЗАЙНУТДИНОВ тайёрлади.


_____________________________________________________________________________

*Жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисоб-китоби услубияти январь ойи учун «СБХ»нинг 30.01.2018 йилдаги 4-5 (1224-1225)-сонида, февраль ойи учун 27.02.2018 йилдаги 9 (1229)-сонида, март ойи учун 23.03.2018 йилдаги 12 (1232)-сонида, апрель ойи учун 24.04.2018 йилдаги 17 (1237)-сонида, май ойи учун 22.05.2018 йилдаги 21 (1241)-сонида, июнь ойи учун 19.06.2018 йилдаги 25 (1245)-сонида, июль ойи учун 24.07.2018 йилдаги 30 (1250)-сонида, август ойи учун 21.08.2018 йилдаги 34 (1254)-сонида чоп этилган.

 

Валюталар курси

2024-04-19
  • USD:12697.00 (+0.00) сум
  • EUR:13547.70 (+0.00) сум
  • RUB:135.05 (+0.00) сум

Янги сонларда ўқинг

2024, 16 апрель№ 16
2024, 16 апрель№ 16