ҚҲТБТ порталида Президентнинг Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирларига доир Фармони лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжат лицензия ва рухсат бериш таомилларини эркинлаштиришга йўналтирилган. Эслатиб ўтамиз, олдинги версияларда лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни қисқартириш, уларни расмийлаштиришни соддалаштириш, давлат органлари вазифаларини қайта кўриб чиқиш назарда тутилган эди. Янги лойиҳада ҳам, 2017 йилнинг январь ва август ойларида муҳокама учун жойлаштирилган версиялардаги сингари бекор қилинаётган ва бирлаштирилаётган лицензия ва рухсат бериш таомиллари рўйхати келтирилган.
Бир қатор лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатлар бекор қилинади
12 та фаолият тури бўйича лицензиялар тўлиқ ва қисман бекор қилиниши назарда тутилмоқда:
1. Қуйидагилар борасидаги фармацевтика фаолияти:
- дори-дармон воситалари ва тиббий буюмларни яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари;
- дори-дармон воситалари ва тиббий буюмлар сифатини назорат қилиш;
2. Ички туризм соҳасидаги туристик фаолият;
3. Улгуржи савдо;
4. Тамаки хом ашёси ферментацияси;
5. Қимматли қоғозлар бланкаларини ишлаб чиқариш;
6. Аэропортларда ҳаводаги ташишларни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш фаолияти;
7. Аудиовизуал асарларни тайёрлаш, дубляж қилиш ва экранда намойиш этиш;
8. Аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурларни кўпайтириш, сотиш, ижарага бериш;
9. Фонограммаларни тайёрлаш;
10. Ноширлик фаолияти;
11. Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари борасида риэлторлик фаолияти;
12. АЁҚШ ва мой алмаштириш шохобчалари орқали нефть маҳсулотларини сотиш.
Шунингдек рухсат бериш тусидаги 43 та ҳужжат бекор қилинади. Мазкур рўйхатда, масалан, қуйидагилар келтирилган:
- резидент – юридик шахслар чет элда ҳисобрақам очишларига рухсат бериш;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотларини транзит олиб ўтиш ва уларнинг транзитини келишиб олишга рухсат бериш (батафсил бу ерда қаранг);
- божхона расмийлаштируви соҳасидаги бир қатор ҳужжатлар: товарларни вақтинчалик олиб кириш ва олиб чиқиш, чет эл товарини йўқ қилиш, давлат фойдасига воз кечиш, шунингдек реэкспорт ва реимпорт ҳамда бошқа божхона режимларига жойлаштиришга рухсат бериш.
Бир қатор лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни бирлаштириш
Яна 8 та лицензия 2 тасига бирлаштирилади:
Телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш |
Телекоммуникация тармоқларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш |
Телекоммуникация тармоқларини қуриш |
|
Телекоммуникация тармоқларидан фойдаланиш |
|
Телекоммуникация тармоқлари хизматларини кўрсатиш |
|
Кўприклар ва тоннелларни лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш |
Ўта мураккаб объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш |
Мудофаа объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш |
|
Хавфи юқори бўлган объектлар ҳамда потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш |
|
Баландликларда саноат альпинизми усуллари орқали таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш |
Шу билан бирга, рухсат берувчи тусдаги 37 та ҳужжатни бирлаштириш йўли билан 17 тагача қисқартириш режалаштирилмоқда.
Таомиллар соддалаштирилади
11 та лицензия ва 6 та рухсат берувчи ҳужжатлар бўйича расмийлаштириш муддатларини қисқартириш таклиф этилмоқда.
Шунингдек қуйидагиларнинг лицензиялаш ва рухсат берувчи ҳужжатларни беришга доир вазифалари бошқаларга ўтказилиши мўлжалланган:
- Вазирлар Маҳкамасидан бошқа ваколатли давлат органларига – 14 та лицензияланадиган фаолият турлари бўйича;
- республика давлат бошқаруви органларидан ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат органларига – 4 та лицензияланадиган фаолият турлари ва 5 та рухсат берувчи ҳужжатлар бўйича.
Алоҳида рўйхатда 14 та лицензия ва 8 та рухсат берувчи ҳужжат келтирилган, улар бўйича лицензия талаблари ва шарт-шароитлар, шунингдек лицензияловчи органга тақдим этиладиган ҳужжатлар қисқартирилиши режалаштирилмоқда.
Лицензия муддати белгиланмайди, давлат органининг сукун сақлаши фаолиятга рухсатни англатади
Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари, лойиҳада қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилади:
- барча лицензиялар амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга оширишга лицензия, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлар обороти билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш, шунингдек уяли алоқа тармоқлари ва телерадиоэшиттириш хизматлари кўрсатиш ва хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига лицензиялар бундан мустасно;
- лицензияловчи орган лицензия бериш ҳақидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаган тақдирда, кўрсатилган муддат тугагач даъвогар ариза берган фаолиятини амалга ошириши мумкин бўлади, бу ҳақда лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилади.
Лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатларни бериш соҳасидаги барча ўзгартиришларни 2018 йил 1 апрелдан амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов.