Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Ёшлар иттифоқи контракт асосида ўқувчи талабаларга қандай ёрдам кўрсатади

23.04.2018

 

Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қарори (16.04.2018 йилда 2999-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва олий таълим муассасаларига тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш қоидалари тасдиқланди.

 

Моддий ёрдам тариқасида, башарти талабанинг ўзи қолган 65%ини ўз вақтида тўлаган бўлса, контракт суммасининг 35%ини Ёшлар иттифоқи тўлайди.

 

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва тўлов-контракт шакли асосида ўқишга қабул қилинган талабаларга ёрдам кўрсатилади. Бунинг учун талаба ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлиши ва Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти фаолиятида   фаол қатнашиши талаб этилади. Қўшимча оширилган тўлов-контракт (яъни «суперконтракт») асосида ўқишга қабул қилинганлар ўқишнинг 2-босқичидан бошлаб кўрсатилган ҳуқуққа эга бўладилар.

 

Иттифоқнинг олий таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти Ёшлар кенгашида ҳар йили 1 февралгача моддий ёрдам кўрсатиш масаласини кўриб чиқишга тайёргарлик бошланади. Талабаларнинг тегишли рўйхати ҳамда уларнинг ўзлаштириши ва интизоми кўрсаткичлари тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади. 20 февралгача талабалар Иттифоқнинг олий таълим муассасасидаги бошланғич ташкилоти Ёшлар кенгашига моддий ёрдам кўрсатилиши тўғрисида ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Иттифоқнинг Ёшлар кенгаши 1 мартдан 5 мартгача аризаларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

 

Бунда олдинги ўқув йилидаги кўрсаткичлар (1-босқич талабалари учун – ўқув йилининг биринчи семестр натижалари) инобатга олинади:

  • талабанинг Ёшлар иттифоқи фаолиятидаги фаол иштироки;
  • ички тартиб қоидаларига риоя этиши (ушбу қоидаларга риоя этмаганлиги учун ректор эълон қилган ҳайфсан эътиборга олинади, талабалик гувоҳномаси ёки рейтинг дафтарчаси йўқотилганлиги учун ҳайфсан бундан мустасно);
  • ўқишдаги ўзлаштириш кўрсаткичи (барча фанлар бўйича умумий ўртача арифметик кўрсаткич камида 71% бўлиши лозим).

 

Масала Иттифоқ Ёшлар кенгашининг мажлисида, аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этганда кўриб чиқилади. Талабани моддий ёрдам кўрсатишга тавсия этиш ёки асослантирилган рад этиш (мажлис баённомасида асослар кўрсатилган бўлиши керак) тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Қабул қилинган қарор фақат жорий ўқув йили мобайнида ҳақиқий ҳисобланади.

 

Иттифоқнинг Ёшлар кенгаши раҳбари ва барча аъзолари имзолаган мажлис баённомасининг нусхалари тавсия этилган талабалар рўйхатини илова қилган ҳолда олий таълим муассасасига ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгашига 3 иш кунида тақдим этилади.   

 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши тавсияларни кўриб чиқади ва 15 иш куни давомида қарор қабул қилади. Қабул қилинган қарор олий таълим муассасаси ва Иттифоқнинг Ёшлар кенгашига юборилади. Сўнгра 10 банк куни мобайнида олий таълим муассасасининг шахсий ғазна ҳисобварағига тегишли маблағлар ўтказилади.

 

У талабалар сафидан чиқарилган ёки академик таътилга чиққанда қандай йўл тутилади? Талаба қонун ҳужжатларига (Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитишнинг тўлов-контракт шакли ва ундан тушган маблағларни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 28 ва 29-бандлари) мувофиқ тўлов-контракт асосида тўлаган маблағларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлса, унинг учун тўланган маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилингандан кейин Ёшлар иттифоқига қайтарилади. Агар бундай ҳуқуққа эга бўлмаса (шу ҳужжатнинг 27-бандига қаранг), тўланган маблағлар Ёшлар иттифоқи томонидан талабадан ундириб олинади.

 

Талаба моддий ёрдам олишдан воз кечса, унинг контракти бўйича Ёшлар иттифоқи тўлаган маблағлар тўловчига қайтарилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 17.04.2018 йилдан кучга кирди. 

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Анвар Иркахўжаев.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_