Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Ҳар бир юрист адвокат бўла олмайди

30.05.2018

Читать на русском языке


Ўзбекистонда адвокатура ислоҳ қилина бошлади. У аудиторлар, солиқ маслаҳатчилари, патент бўйича ваколатли вакиллар ва консалтинг ташкилотларига ҳам дахл қилиши мумкин. Зеро ушбу касблар ҳам юридик ёрдам билан боғлиқ. Адвокат Илҳом Азизов мавжуд муаммолар ва ечимлар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

 

Президентнинг 12.05.2018 йилдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5441-сон Фармонидан кўзланган мақсад – аҳолига юридик ёрдам кўрсатишни, тадбиркорлар ва хорижий инвесторларни маслаҳат ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни яхшилаш. Шу сабабли рақобат муҳитини яратиш учун юридик маслаҳатлар берувчи субъектлар доирасини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Бироқ бу кўринганидек осон иш эмас.  

 

I. ЮРИДИК ХИЗМАТЛАР БОЗОРИДАГИ СУБЪЕКТЛАР

 

Аввалига бундай хизматлар бозорида кимлар фаолият юритаётганини аниқлаб оламиз. Бу кўтарилаётган масалалар миқёсини кўриш имконини беради.

 

1. Оммавий юристлар

 

Биринчи гуруҳ – сони чекланмаган истеъмолчиларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи юристлар. Касб тилида – «оммавий юристлар». Фармонда улар адвокатлар ва маслаҳатчиларга (адвокат ҳисобланмаганларга) ажратилган.

 

1.1. Юрист-адвокатлар

 

Адвокатлар – тортишувга оид қоғозларни тақдим этиш, ўз мижозлари – учинчи шахслар учун ва уларнинг номидан ҳаракат қилиш, судда сўзга чиқиш ёки ўз мижозларига ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳат бериш ва уларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқига эга бўлган малакали шахслар (Европа Кенгаши Вазирлар қўмитасининг «Адвокатлик касбида фаолият юритиш эркинлиги тўғрисида»ги Тавсияларидан олинган цитата, 2000 йил).

 

Адвокатлар билан боғлиқ вазият етарли даражада аниқ, сабаби улар айни пайтда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

 

1) суриштирув, тергов органлари, судлар ва давлат органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакили бўлиш;

2) моддий ҳуқуқ ҳамда процессуал ҳуқуқ масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларга маслаҳат бериш;

3) жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдамнинг бошқа турларини кўрсатиш.

 

Шуни қайд этиб ўтамизки, адвокатлар – судларда юридик ва жисмоний шахсларнинг вакили бўлишига, шунингдек процессуал ҳуқуқ масалалари юзасидан маслаҳат беришига йўл қўйиладиган оммавий юристларнинг ягона тоифаси. Бундан ташқари, адвокатлар суриштирув ва тергов доирасида профессионал ҳимоячиларнинг асосий гуруҳи ҳисобланади.

 

Процессуал соҳага қўшимча сифатида, адвокатлар фуқаролик, оилавий, мерос, меҳнат масалалари ва шахсий фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бошқа моддий ҳуқуқ соҳалари бўйича ҳам маслаҳат берадилар, шунингдек тижорат обороти муносабатларида қатнашишлари сабабли тадбиркорлик субъектларига бошқа турдаги ҳуқуқий ёрдам ва маслаҳат хизматларини кўрсатадилар.

 

1.2. Юристлар – адвокатлар эмас

 

Юристлар – учинчи шахсларга маслаҳат берадиган, бироқ судда қатнашмайдиган ва чекланган ҳолларда (масалан, юридик шахсни рўйхатдан ўтказишда, битим тузишда ва б.) вакиллик қиладиган адвокатлар ва фрилансерлар эмас.

 

Улар процессуал вакил бўлиб қатнаша олмайдилар, бироқ адвокатлар билан бир қаторда қуйидаги соҳаларда бошқа вакиллик ва оммавий маслаҳат бериш фаолиятини юритишларига йўл қўйилади:

 

1) нотариуслар – шахсий фуқаролик оборотида моддий ҳуқуқ соҳалари бўйича фуқароларга маслаҳат берадилар. Бунда амалиётга қўйилган нотариус маслаҳат берувчи субъект бўлиб чиқади;

 

 2) юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш билан шуғулланувчи юристлар (консалтинг ташкилоти маслаҳат берувчи субъект ҳисобланади) – турли давлат органларида ўз ишонч билдирувчиларига вакиллик қиладилар.

 

Халқаро талабларга мувофиқ барча оммавий юристлар (фақат адвокатлар эмас!) қуйидагилар билан боғланган бўлиши шарт:

 

(1) мижознинг (ишониб айтилган) сирини ошкор этмаслик, манфаатлар қарама-қаршилигига йўл қўймаслик, бошқа ахлоқ ва касб одоби қоидаларига риоя этиш тўғрисидаги мажбуриятлар;

(2) мунтазам малака ошириш мажбурияти;

(3) ўзи ҳақидаги ахборотни оммага ошкор этиш;

(4) профессионал жавобгарлигини суғурталаш орқали ўз жавобгарлигини таъминлаш (БМТнинг юрист касбига доир асосий принциплари, Куба, 1990 йил).

 

2. Оммавий вакил бўлишларига ва юридик масалалар бўйича маслаҳат беришларига йўл қўйилган юрист бўлмаган шахслар

 

Иккинчи гуруҳга қуйидагилар киради:

1) патент бўйича ваколатли вакиллар;

2) аудиторлар;

3) солиқ маслаҳатчилари;

4) «рўйхатдан ўтказувчилар».

 

Юқорида кўрсатилган тоифадаги оммавий маслаҳатчиларнинг фаолияти Ўзбекистоннинг амалдаги қонун ҳужжатларида тартибга солинган.

 

2.1. Патент бўйича ваколатли вакиллар

 

Патент бўйича ваколатли вакиллар Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги олдида юридик ёки жисмоний шахсларга вакиллик қиладилар ва, тегишинча, уларга интеллектуал мулк масалалари бўйича маслаҳат берадилар.

 

Индивидуал лицензияга эга бўлган шахс маслаҳат берувчи субъект ҳисобланади.

 

2.2. Аудиторлар

 

Аудиторлик ташкилотлари бухгалтерия ҳисоби, солиқ солиш, режалаштириш, менежмент ва молия-хўжалик фаолиятининг бошқа масалалари юзасидан маслаҳат беришлари, шу жумладан:

 

  • техник-иқтисодий асосланмалар (ТИА) тайёрлашлари, инвестиция лойиҳалари ва бизнес-режалар ишлаб чиқишлари ва баҳолашлари;
  • бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш масалалари бўйича маслаҳат беришлари;
  • молиявий менежмент бўйича маслаҳат беришлари;
  • маркетинг тадқиқотлари ўтказишлари;
  • унумдорлик ва самарадорликни баҳолаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг фаолият юритиш тартиб-таомиллари ва усулларини таҳлил қилишлари;
  • молия-хўжалик фаолияти соҳасида бошқа маслаҳат хизматлари кўрсатишлари мумкин («Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси).

 

 Юридик шахс маслаҳат берувчи субъект ҳисобланади, сабаби аудиторлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия айнан унга берилади.

 

2.3. Солиқ маслаҳатчилари

 

Солиқ маслаҳатчилари, адвокатлар сингари, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича юридик ёки жисмоний шахсларга вакиллик қилишлари мумкин.

 

Солиқ маслаҳати солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг юридик ва жисмоний шахсларга (бундан кейин – мижозга (ишонч билдирувчига)) шартнома асосида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш борасидаги фаолиятидир («Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддаси).

 

 

Солиқ маслаҳати бўйича хизматлар:

  • мижозга (ишонч билдирувчига) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш масалалари бўйича маслаҳат беришни;
  • солиқ ҳисоботини тузишда мижозга (ишонч билдирувчига) ёрдам кўрсатишни;
  • солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ бўлган объектларни аниқлашни ҳамда уларнинг ҳисобини юритишни;
  • судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилишни ўз ичига олади («Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси).

 

Юридик шахс маслаҳат берувчи субъект ҳисобланади. Бу унга солиқ маслаҳатига доир фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия берилиши билан тасдиқланади. Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ва мижоз ўртасида солиқ маслаҳати бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома тузилади («Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонуннинг 6-1-моддаси).

  

2.4. «Рўйхатдан ўтказувчилар»

 

Юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш жараёнида юридик маслаҳат бериш ва кузатишни амалга оширувчи, қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ташкилотлар тоифаси мавжуд. Афсуски, ушбу субъектларнинг юридик маслаҳат бериши истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши лозим бўлган органлар эътиборидан четда қолган. Мазкур субъектларнинг мижозлар – юридик шахсларнинг тижорат ва махфий ахборотидан, шунингдек уларнинг ходимлари ҳақидаги шахсий маълумотлардан фойдалана олишига эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга.

 

2.5. Юридик масалалар бўйича маслаҳат беришларига йўл қўйилган бошқа тоифадаги (шу жумладан юрист бўлмаган) субъектлар:

 

Юридик масалалар бўйича ҳам маслаҳат хизматлари кўрсатувчи бошқа тоифадаги оммавий субъектлар ҳам тартибга солинмаган (хуфия) зонада фаолият юритмоқдалар:

 

1) консалтинг фирмалари – бизнес соҳасида фаолият юритувчи резидентлар ва норезидентлар (тор ихтисослигини эълон қилмаган ҳолда);

 

2) тор ихтисослигини эълон қилган консалтинг фирмалари. Масалан, қурилиш, қимматли қоғозлар бозори, ТИФ контрактларини экспертиза қилиш ва юклаб жўнатишдан олдин текшириш, инжиниринг соҳасида ва ҳ.к.;

 

3) фрилансерлар – индивидуал маслаҳатчилар (резидентлар ва норезидентлар).

 

Хорижий амалиётни эътиборга олиб, маслаҳатчи – юристлар ўзларининг тор ихтисосликлари доирасида фаолият юритишлари мумкин ва фақат моддий ҳуқуқ соҳалари (масалан, солиқ ҳуқуқи, бухгалтерия ҳисоби, банк ҳуқуқи, молия ҳуқуқи, қимматли қоғозлар обороти ва б.) бўйича тижорат обороти субъектларига маслаҳат беришларига йўл қўйилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Бугунги кунда амал қилаётган қонунчилик, айрим истисноларни[1] инобатга олмаганда, умуман олганда адвокатуранинг процессуал[2] монополизми принципига амал қилади. Бироқ фуқаролар ва юридик шахсларга нопроцессуал вакиллик қилиш ҳамда фуқаролик, оилавий, мерос, меҳнат масалалари ва шахсий фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бошқа моддий ҳуқуқ соҳалари бўйича маслаҳат бериш юзасидан амалдаги қонунчиликда махсус рухсатга эга бўлган (лицензияланган ёки сертификатланган) юристларнинг монополизми принципи ҳозирча аниқ белгиланмаган.

 

Аслида анъанавий демократик мамлакатларнинг барчасида юристларнинг бундай оммавий фаолияти лицензияланади ёки бошқача тарзда махсус рухсатнома билан расмийлаштирилади, сабаби улар истеъмолчилар учун ўта аҳамиятли бўлган, уларнинг энг муҳим ҳуқуқларига дахл этадиган хизматларни кўрсатадилар.

 

Тегишинча, барча тоифадаги оммавий юристлар учун назорат қилиш ҳамда суиистеъмол қилган, малакасиз ёрдам кўрсатган, алдаган ва бошқача тарзда инсофсиз йўл тутган ҳолларда касб билан шуғулланишига қўймаслик механизми назарда тутилган бўлиши керак.

  

II. ЮРИДИК ХИЗМАТЛАР БОЗОРИДАГИ МУАММОЛАР

 

 Энди юридик хизматлар кўрсатиш соҳасида анчадан буён мавжуд бўлган муаммоли масалаларни кўриб чиқамиз.

 

1. Юристларнинг фуқаролиги

 

Фаолият соҳалари бўйича ажратишдан ташқари, оммавий юристларни фуқаролик ёки резидентлик аломати бўйича ҳам, яъни маҳаллий ва хорижий, шунингдек халқаро юристларга бўлиб фарқлаш мумкин. Чунончи, билишимизча, Европа мамлакатларининг бирортасида тегишли рухсат (лицензия, рухсатнома, аккредитация, профессионал меҳнат фаолияти юритиш учун рухсатнома ва ҳ.к.) олмай туриб маҳаллий юрисдикция ҳуқуқи юзасидан маслаҳат беришга йўл қўйилмайди.    

 

1.1. Ўзбекистон ҳуқуқи бўйича маслаҳат бериш

 

Ўзбекистон ҳуқуқи бўйича маслаҳат беришга рухсат олиш учун юрист Ўзбекистон ҳуқуқини, шу жумладан моддий ва процессуал ҳуқуқ соҳаларини билиши керак.

 

Фикримизча, адвокатлар, мустақил равишда арз қилган ихтисослигига қарамай, «судларда вакиллик қилиш ҳуқуқи чекланмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг моддий ва процессуал ҳуқуқ бўйича оммавий юридик (адвокатлик) амалиётини амалга оширишга» лицензия (тўлиқ юридик лицензия) олишлари керак. Бизнинг тушунчамизга кўра, ихтисослик ихтиёрий-арз қилиш тусига эга бўлиши ва фақат истеъмолчилар учун мўлжал сифатида хизмат қилиши, бироқ адвокат учун муайян регулятив оқибатларга олиб келмаслиги лозим, арз қилган ихтисослигини ҳисобга олган ҳолда унинг жиноят ишларида давлат ҳимоячиси сифатида қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқи бундан мустасно.   

 

Консалтинг соҳасида ишлаш ниятида бўлган қолган барча юрист-резидентлар «тадбиркорлик соҳасида чекланган маслаҳат берган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг моддий ҳуқуқи бўйича оммавий юридик (адвокатлик) амалиётини амалга оширишга» чекланган лицензия (чекланган юридик лицензия) олишлари керак.

 

Юрист-нерезидентларга келсак, улар хорижий юрисдикция ҳуқуқи бўйича мазкур норезидент ходими бўлишни истаган консалтинг ташкилотини рўйхатдан ўтказувчи органга арзини декларациялаш орқали маслаҳат беришлари мумкин. Рўйхатдан ўтказувчи орган хорижий юрисдикция ҳуқуқи бўйича маслаҳат бериш учун зарур малакаси мавжудлигини текширмайди, сабаби зарур малакага эга бўлмайди. Шу тариқа, консалтинг ташкилоти бундай хорижий мутахассисни (ҳатто у бир вақтнинг ўзида рўйхатдан ўтказилаётган ширкат иштирокчиси бўлса ҳам) ишга қабул қилиб, таваккалга қўл уради. Юрист-норезидент Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича маслаҳат бермоқчи бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг олий юридик таълим муассасаси берган олий маълумот тўғрисидаги дипломини тақдим этиши керак. Бу ҳолда бериладиган лицензия тўлиқ ёки чекланган бўлиши мумкин. 

 

Тўлиқ ва чекланган юридик лицензия соҳиблари ягона одоб-ахлоқ қоидалари ва стандартларига риоя этишлари, профессионал суғуртага эга бўлишлари, мунтазам равишда малака оширишлари, жамоа бўлиб маслаҳат беришда фақат тўлиқ ширкат орқали фаолият юритишлари, маслаҳат берувчи юристлар ҳақидаги ахборотни оммага ошкор қилиш талабларига бўйсунишлари шарт.

 

1.2. Консалтинг ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари

 

Хорижий юристлар ва юридик фирмалар резидент-юридик шахсни, тегишинча – коммандит ширкат ёки тўлиқ ширкат шаклида таъсис этиш йўли билан Ўзбекистондаги амалиётга қўйилиши керак. 

 

 Шу тариқа, агар уларнинг штатида тегишли консалтинг ширкатини рўйхатдан ўтказиш чоғида тегишли малакаларини декларациялаган ва Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома олган хорижий юристлар ёки юридик фирмалар бўлса, улар ўз юрисдикция ҳуқуқи бўйича Ўзбекистон ҳудудида маслаҳат беришлари мумкин. Ўзбекистон Республикасидаги рўйхатдан ўтказувчи органлар хорижий мутахассис малакасини тўғри арз қилганини текширишга мажбур эмаслар. Норезидентлар барча масъулиятни зиммаларига олган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида норезидентларга маслаҳат берадилар. Ўзбекистон Республикаси бундай маслаҳат учун жавобгар бўлмайди. 

 

1.3. Хорижий юристларнинг Ўзбекистон ҳуқуқи бўйича маслаҳат бериши

 

Мамлакатимизда рўйхатдан ўтказилган хорижий юрист ёки хорижий юридик фирма иштирокидаги консалтинг ширкати Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича маслаҳат бериш ниятида бўлса, у тегишли индивидуал лицензияга эга бўлган юристни меҳнат ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома шартларида жалб этиши шарт[3].

 

2. Оммавий тартиб учун давлатнинг жавобгарлиги

 

Умуман олганда давлат, маслаҳат берувчи субъектнинг профессионал фаолият соҳаси ва миллатидан (фуқаролигидан) қатъи назар, ўз юрисдикциясидаги барча оммавий соҳалар устидан назорат қилади.

 

Юристларнинг учинчи шахсларга маслаҳат бериши давлатнинг конституцион манфаатлари соҳасига киради, сабаби ҳуқуқий тартиботга дахл қилади. Шу сабабдан давлат оммавий юристларни назоратсиз қолдира олмайди.

 

Конституция билан муайян тоифадаги шахсларга уларнинг фундаментал (конституцион) ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бошқа профессионал шахсларнинг вакиллик қилиши ишониб топшириладиган соҳаларни фарқлаш лозим. Вакиллик остидаги мазкур шахсларга дахлдор ҳуқуқ ва манфаатларнинг оммавий (жамоат) аҳамияти янада юксак эканлиги боис ушбу муносабатларга алоҳида масъулият билан ёндашиш лозим.    

 

Профессионал вакиллик, у қандай органлар – суд, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари – олдида амалга оширилишидан қатъи назар, доим вакиллик фаолиятига рухсат беришнинг (судга кириш ҳуқуқи билан лицензиялаш) алоҳида тартибини тақозо этади.

 

Оммавий юристлар фаолиятининг қолган барча турлари, яъни маслаҳат бериш ва вакиллик қилиш билан боғлиқ бўлмаган айрим топшириқларни бажариш, гарчи улар ҳам Конституция билан ҳимояланган фундаментал ҳуқуқларни қамраб олса-да, фуқаролар ва юридик шахслар учун камроқ аҳамиятга эга. Шундай бўлса-да, давлат субъектларга ушбу соҳада таваккалчилик билан ҳаракат қилиш имконини беради. Шу сабабли бу ерда оммавий юристлар тоифалари кўпроқ, маслаҳат бериш фаолиятини амалга оширишга ҳам бемалол рухсат берилади. Бунда учинчи шахсларга маслаҳат бериш ҳуқуқи билан юристга оддий лицензия бериш ҳақида сўз бормоқда.   

 

Барча ҳолларда оммавий адвокат фаолиятининг амалга оширилиши шахсий ва ишончли тусда бўлишни, махфийлик ва сир сақлаш қоидаларига риоя этилишини, вакиллик остидаги шахсдан етарли даражадаги таваккалчилик ва масъулиятни тақозо этади, сабаби маслаҳат бериш якунида фундаментал конституцион ҳуқуқ ва қадриятларга (оила, фарзандлар, мол-мулк, саломатлик ва б.) дахл қилиши мумкин. Аксарият хорижий юрисдикцияларда, амалда юристларнинг профессионал бирлашмаларига турли даражада мустақиллик берган ҳолда, оммавий юридик ёрдам кўрсатишга рухсат бериш ва бундан маҳрум қилишни тартибга солиш давлатнинг алоҳида ҳуқуқилигича қолмоқда.  

 

Барча ҳолларда давлат, оммавий юридик амалиёт Ўзбекистон резидентлари ва Ўзбекистондаги ҳуқуққа дахлдор бўлганда, шахсларнинг ушбу юридик амалиётга қўйилиши ва унга барҳам берилиши устидан назоратни сақлаб қолиши даркор.  

 

Назоратнинг йўқлиги аҳолига кўрсатиладиган юридик ёрдам сифатига салбий таъсир ўтказиши мумкин, сабаби бу ноинсоф шахсларнинг фуқаролар ва юридик шахсларнинг шахсий (сир сақланаётган, тижорат) ахбороти ва активларидан фойдаланишига йўл очиб беради.

 

Аксарият хорижий юрисдикцияларда оммавий назорат (давлат ёки жамоат ташкилоти томонидан) қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

 

2.1. Лицензиялаш

 

Умуман олганда корпоратив ва индивидуал лицензиялаш ёки касб билан шуғулланишга рухсатномалар мавжуд, бироқ амалда доим индивидуал юрист маслаҳат берувчи субъект бўлиб чиқади.

 

Учинчи шахслар билан ишловчи барча юристлар касб билан шуғулланишга алоҳида рухсатнома (лицензия, гувоҳнома ёки сертификат) олишлари шарт. Лицензияловчи (назорат қилувчи) орган юристларнинг ҳуқуққа зид фаолиятини кузатиш механизмига ва бундай юристларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Турли юрисдикцияларда бундай лицензиялашни давлат ёки юристларнинг профессионал бирлашмалари амалга оширади.

 

2.2. Профессионал стандартлар ва одоб-ахлоқ қоидалари

 

Барча юристлар, иш жойидан қатъи назар, ягона одоб-ахлоқ ва профессионал хулқ-атвор қоидаларини албатта эътироф этишлари ва уларга риоя қилишлари мажбурий. Учинчи шахслар билан муносабатга киришадиган барча юристлар ҳамкасблари, давлат органларининг вакиллари ҳамда ўз мижозлари (ишонч билдирувчилари) – фуқаролар ва юридик шахслар (резидентлар ва норезидентлар)га нисбатан ягона одоб-ахлоқ қоидалари ва профессионал стандартларга риоя этишлари, ҳуқуқбузарлик содир этганда интизомий назорат остига олиниши талаб қилинса керак. Бундай интизомий назорат юристлар ҳамжамияти томонидан мустақил равишда ёки давлат билан биргаликда амалга оширилиши мумкин.   

 

2.3. Профессионал жавобгарлик ва ташкилий-ҳуқуқий шакллар

 

Универсал фундаментал принцип мавжуд – оммавий юрист ўз профессионал фаолияти учун тўлиқ жавобгар. Ғарбдаги юрисдикцияларда фаолиятнинг мазкур турида чекланган жавобгарлик моделлари ҳам мавжуд эмас. Масъулияти чекланган жамиятларнинг қўлланиладиган шакллари[4] қолган иштирокчиларнинг жавобгарлигини чеклайди холос, айбдор юристлар эса ҳар қандай ҳолатда тўлиқ жавобгарликка тортилади. 

 

Оммавий юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган юристларнинг жамоавий ташкилий-ҳуқуқий тузилмалари юридик ёрдам кўрсатишда барча юристлар (иштирокчилар – юридик шахслар бундан мустасно) бевосита қатнашадиган ширкатлар (коммандит ёки тўлиқ) бўлиши керак. Хорижий демократиялар сингари, юристларнинг жавобгарликдан бўйин товлашини истисно этиш ниятида масъулияти чекланган жамиятнинг ташкилий шакли қўлланилмаслиги лозим.

 

Адвокатлар тўлиқ жавобгар бўлишини, адолатли ва тенг шароитга эга рақобат муҳитини яратиш заруратини инобатга олган ҳолда аудиторлар ва солиқ маслаҳатчиларининг чекланган масъулияти билан боғлиқ фундаментал хатолик тузатилади, деб ўйлаймиз.

 

Хорижий фирмаларни мамлакатимиз бозорига киритиш учун коммандит ширкат моделидан фойдаланиш мумкин. Унда юридик шахс-норезидент масъулияти чекланган коммандит ширкат (partner in commendum), қолган шериклар эса – юридик малакага эга бўлган, маҳаллий ёки хорижий жисмоний шахслар ҳисобланиб, тўлиқ жавобгар бўладилар.

 

Фикримизча, ҳозирги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган адвокатлик тузилмалари ҳеч бўлмаганда айни пайтда ислоҳ қилинмайди, бироқ бунда юридик хизматлар бозорига қуйидаги иккита янги тоифадаги иштирокчини киритиш вазифаси ҳал этилмоқда:

а) хорижий индивидуал юристлар ёки юридик ташкилотлар;

б) маҳаллий бизнес-консалтинг юристлар.

 

Ушбу 2 гуруҳ иштирокчилари адвокатлардан фарқли равишда тижорат тузилмалари орқали фаолият юритсалар керак. Рақобат қилинадиган ҳуқуқий бозорни ташкил этиш заруратини инобатга олган ҳолда келгусида барча оммавий маслаҳат берувчи субъектлар ягона ташкилий-ҳуқуқий шакллардан фойдалансалар керак деб ҳисоблаймиз.  

 

2.4. Профессионал фаолиятни мажбурий суғурталаш (PI)

 

Маслаҳат берилаётган ёки вакиллик остидаги шахслар хатолар, алдов ва суиистеъмолчиликлардан азият чекмасликлари учун юристларнинг профессионал жавобгарлиги суғурталанишини («professional indemnification» – PI) назарда тутиш зарур. Оммавий юридик хизматлар кўрсатиш истагида бўлган барча мутахассислар касб билан шуғулланиш учун рухсатномага, шунингдек PI профессионал суғуртага (муайян қоплама суммаси, унинг миқдори барча учун очиқ бўлган мутахассислар реестрида бошқа маълумотлар билан бирга очиб берилиши шарт) эга бўлишлари лозим.

 

2.5. Юристлар ҳақидаги ахборотнинг оммага ошкор қилиниши

 

Консалтинг соҳасидаги адвокатлар, адвокатлик тузилмалари ва оммавий юристларнинг расмий реестрлари такомиллаштирилиши ва ягона стандартга биноан хизматлар истеъмолчилари учун муҳим бўлган маълумотлар билан тўлдирилиши шарт.

 

Башарти адвокат ёки оммавий юрист Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича мутахассис малакасига эга бўлган шахслар реестрига киритилган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқи бўйича оммавий маслаҳат бериши ҳамда вакиллик қилишига рухсат бериш даркор. 

 

Адлия вазирлиги рўйхатдан ўтказувчи орган сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ва мамлакатимиз ҳудудида хорижий (қайсилари эканлиги кўрсатилган ҳолда) юрисдикциялар ҳуқуқи бўйича маслаҳат беришга рухсатномаларини декларациялаган хорижий жисмоний шахсларнинг оммавий Реестрини (инглиз тилида) юритиши шарт. Барча учун очиқ бўлган бундай ахборот зарурат туғилганда мижозлар (резидентлар ва норезидентлар) томонидан верификацияланиши мумкин.

 

Оммавий юристларнинг ўзи ҳақидаги ахборотни очиб бериши давлат назорати остида бўлади.

 

2.6. Ягона регулятив ва фискал режим

 

Идеал ислоҳотда барча қатнашчилар, шу жумладан адвокатлар ягона табиатга эга тузилмалар орқали фаолият юритиши ва ягона солиқ солиш принципларига эга бўлиши шарти кўзланади. Бунда корпоратив солиқлар, индивидуал солиқлар, ижтимоий тўловлар ва дивиденд сиёсати (тақсимланмаган фойдани бўлиш имкони) ҳақида сўз бормоқда. Консалтинг фирмаларининг фаолияти адвокатура фаолиятига нисбатан анча эркин тартибга солиш режимига эгалиги эътиборга олинса, мутахассислар адвокатлик соҳасидан консалтинг соҳасига ўтиб кетиши эҳтимоли бор.   

 

Шу тариқа, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида оммавий маслаҳат хизматларини кўрсатувчи барча тоифадаги юристлар ягона: 

  • профессионал фаолият юритиш учун рухсатнома олиш қоидаларига;
  • профессионал жавобгарликка;
  • одоб-ахлоқ қоидалари ва профессионал стандартларга;
  • интизомий назоратга эга бўлишлари шарт.

 

Илҳом Азизов,

адвокат.



[1] Масалан, солиқ маслаҳатчилари.

[2] Процессуал соҳаларга судгача бўлган босқичлар, шу жумладан суриштирув, тергов, суд ва пенитенциар-ижро ишлари киради.

[3] Шу жумладан, масалан, адвокатларни ҳам.

[4] Масалан, limited liability partnership ёки limited corporation.

 


 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_