Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлаш ҳуқуқи янгича тасдиқланади

08.06.2018

Читать на русском языке

Вазирлар Маҳкамасининг 29.05.2018 йилдаги «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 399-сон қарори эълон қилинди.  

 


 

Таҳририятдан: мазкур ҳужжат ва 75 000 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан «ЎзР қонун ҳужжатлари» АҚТга жамланган. Намойиш версиясини бу ерда кўчириб олишингиз мумкин (32,1 МБ). 


 

Асиллик палатаси [1] томонидан илгари берилган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари 10.06.2018 йилгача қайта расмийлаштирилиши керак, кўрсатилган муддат тугагач улар ҳақиқий ҳисобланмайди, 2018 йилда электрон шаклда берилганлари бундан мустасно.

 

Энди қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари (бундан кейин – рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси) Асиллик палатаси томонидан фақат Давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали ёки Ўзбекистон Республикаси Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали берилади. 

 

Асиллик палатасига:

  • рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилиши учун аризаларни ариза берувчидан бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда олиш;
  • Давлат хизматлари кўрсатиш марказига ёхуд Ягона порталга мурожаат қилган ариза берувчиларни уларнинг аризалари кўриб чиқилаётган жараёнлар даврида таклиф қилиш;
  • ариза берувчилардан Низомда назарда тутилмаган маълумотлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.

 

Асиллик палатаси «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси воситасида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари реестрини шакллантиради. Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари реестридаги маълумотлар Асиллик палатасининг расмий веб-сайтида, «Лицензия» ахборот тизимлари комплексида жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.   

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси рўйхатдан ўтказиш маълумотлари тегишли ахборот тизими реестрига киритилганлиги далилини тасдиқловчи матрицали штрих кодига (QR-код) эга бўлади.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси:

  • қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни амалга оширишга 5 йил муддатга;
  • заргарлик буюмлари ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмлар (бундан кейин – заргарлик буюмлари) билан савдо қилиш учун 1 йил муддатга берилади.

 

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик шахслар, шунингдек ҳарбий техника воситаларини утилизация қилувчи вазирликлар ва идораларга мансуб ҳарбий қисмлар, тузилмалар, бўлинмалар, ташкилотлар ва муассасалар Асиллик палатасида рўйхатдан ўтказилиши керак. [2]

 

Шунингдек қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бериладиган иш турлари (фаолият турлари гуруҳлари доирасида);
  • Заргарлик буюмлари ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган бошқа буюмларни сотишга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бериладиган савдо қилиш турлари рўйхати;
  • Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси беришда идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик қилиш схемаси.

 

Асосий қоидалар

 

Агар ишларнинг турлари ташкилотнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган бир ёки бир нечта таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилса, бўйсунишида ушбу таркибий бўлинмалар бўлган ташкилот рўйхатдан ўтказилади. Бунда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси, тегишли бўлинманинг реквизитлари кўрсатилган ҳолда ташкилотга – юридик шахсга расмийлаштирилади ва ҳар бир таркибий бўлинма учун алоҳида берилади.  

 

Амалга оширилишига рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси расмийлаштирилган фаолият турлари гуруҳлари доирасидаги ишлар фақат ариза берувчи томонидан амалга оширилиши мумкин. Берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси фаолиятнинг муайян турларига (Рўйхатда назарда тутилган фаолият турлари гуруҳлари ёки уларнинг қисмлари доирасида) – ишлар турларининг бир гуруҳи доирасида берилади. Ариза берувчининг хоҳишига кўра фаолият турларининг турли гуруҳларида назарда тутилган ишларни амалга оширишга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси фаолият турларининг ҳар бир гуруҳига алоҳида расмийлаштирилади.

 

Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишлашга рухсат беришдаги асосий рухсат бериш талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

 

  • ариза берувчида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни амалга оширганда белгиланган талабларга мос мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган бинолар ва иншоотлар, ишлаб чиқариш майдонлари мавжудлиги;
  • фаолият кўрсатиладиган жойларда ёнғин хавфсизлиги, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, техник мустаҳкамлик ва материаллар, хом ашё, тайёр буюмларни сақлаш қоидалари талабларига риоя қилиш;
  • қимматбаҳо металлар билан ишларни амалга ошириш учун зарур бўлган моддий-техника базаси, ускуналар ва бошқа техника воситаларининг мавжудлиги.

 

Айрим турдаги ишлар учун қўшимча талаблар назарда тутилган.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш қуйидаги асослар бўйича рад этилиши мумкин:

  • рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини олиш учун зарур бўлган маълумотлар ариза берувчи томонидан тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилиши;
  • ариза берувчининг Низомда назарда тутилган рухсат бериш талаблари ва шартларига номувофиқлиги;
  • ариза берувчи томонидан кўрсатилган маълумотларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
  • Низомга мувофиқ ўтказилган текширишлар якунлари бўйича хулосанинг асосли равишда салбий бўлиши сабабларининг мавжудлиги.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини беришнинг бошқа асосларга, шу жумладан мақсадга мувофиқ эмаслигига кўра рад этилишига йўл қўйилмайди. 

 

Қисқа тартиб-таомил

Ишларни амалга ошириш, шунингдек заргарлик буюмлари ва бошқа буюмлар билан савдо қилиш турларига рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини олиш учун ариза берувчи Давлат хизматлари кўрсатиш марказига шахсан ўзи бориб ёки Ягона портал орқали рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини олиш тўғрисидаги электрон шаклдаги аризани беради. 

 

 Шахсан ўзи келганда

Ягона портал орқали

Давлат хизматлари кўрсатиш маркази ходими:

 

Асиллик палатаси томонидан тасдиқланган давлат хизматлари паспортига мувофиқ аризанинг тўлиқлигини текширади;

 

ариза рўйхатга олингандан кейин ариза берувчига ариза қабул қилганлиги ҳақида тилхат беради ёки аризанинг нусхасига аризанинг рўйхатга олинганлиги ҳақидаги рақамни кўрсатган ҳолда тегишли белги қўяди;

 

аризани олган куни Ягона портал орқали Асиллик палатасига юбориладиган хизматлар паспортига мувофиқ шаклда унда кўрсатилган маълумотларни киритади;

 

ариза берувчи томонидан ариза Давлат хизматлари кўрсатиш марказига электрон ускунада тақдим этилса, ўзига ўзи хизмат қилиш учун ажратилган хонада унга аризани Ягона портал орқали жўнатишга кўмаклашади.

Ягона портал орқали жўнатилган ариза автоматик равишда ноёб рўйхатга олиш рақами берилган ҳолда рўйхатга олинади.

 

 

Ариза Асиллик палатасининг масъул ходими томонидан қабул қилинади, қабул қилинганлиги ҳақида билдиришнома берилади.

 

 

Тўлов Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида «SMS-ахборотлаш» хизмати уланган банк картаси билан нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш орқали, Ўзбекистон Республикаси банклари кассаларида нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш орқали, ҳисоб рақамидан банк ўтказмалари ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Ариза берувчи томонидан 2 та йиғим тўланади:

 

 Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилганлиги учун  

1 ЭКИҲ миқдорида йиғим

Ариза берувчи берилган аризани рад этган тақдирда ариза кўриб чиқилганлиги учун тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

 

Асиллик палатаси томонидан рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда, шунингдек ариза берувчи берилган аризани рад этган тақдирда рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш учун тўланган йиғим суммаси қайтарилиши керак.

 

Асиллик палатаси ариза бериш усулидан қатъи назар қабул қилинган аризани кўриб чиқади, рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини беради ёки уни беришни рад этади ва ариза қабул қилинган санадан бошлаб:

  • рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш ёки амал қилиш муддатини узайтириш учун – 7 иш кунидан;
  • рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш учун – 5 иш кунидан;
  • ўз хоҳиши билан вақтинча фаолиятни тўхтатиб туриш учун – 8 иш соатидан;
  • ўз хоҳиши билан фаолиятни тиклаш учун – 8 иш соатидан;
  • ўз хоҳиши билан фаолиятни тўхтатиш учун – 8 иш соатидан ошмайдиган муддатда кўриб чиқади.

 

Электрон идоралараро ҳамкорлик тизими схемасига мувофиқ Асиллик палатаси рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш учун зарур бўлган бошқа ваколатли идоралардаги мавжуд маълумотларни белгиланган тартибда мустақил равишда олади.

 

Қарорни қабул қилиш муддати тугашидан камида 3 иш соатидан кечиктирмай, Асилилк палатаси Давлат хизматлари кўрсатиш марказига ёхуд ариза берувчининг Ягона порталдаги шахсий кабинетига расмийлаштирилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини ёки рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини беришни рад этиш тўғрисидаги билдиришномани юборади. Давлат хизматлари кўрсатиш марказига аризани ўрганиб чиқиш натижаси бўйича тушган, Давлат хизматлари кўрсатиш маркази томонидан қоғозга чоп этилган ва унинг муҳри босилган ҳужжат Асиллик палатаси томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига тенглаштирилади.

 

Агар Асиллик палатаси ариза берувчига расмийлаштирилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини юбормаса ёки уни беришни рад этиш тўғрисида хабардор қилмаса, муддат ўтгач ариза берувчи бу тўғрида Давлат хизматлари кўрсатиш маркази ёхуд Ягона портал орқали тегишли билдиришномани юбориб, қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни бажариш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Бу ҳолда Асиллик палатаси ариза берувчининг билдиришномаси олинган кундан бошлаб 3 иш куни мобайнида унга расмийлаштирилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини юбориши шарт.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси олингунга қадар Давлат хизматлари кўрсатиш марказининг ноёб рўйхатдан ўтказиш рақамига эгалик тўғрисидаги билдиришномаси ёки ноёб рўйхатдан ўтказиш рақами қабул қилинганлиги ва у тўғрисидаги белги қўйилган билдиришнома олинганлиги тўғрисидаги тилхат рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига тенглаштирилади ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ишларни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.

 

Савдо қилишга рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича Асиллик палатаси расмийлаштирилган рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси билан бирга ариза берувчига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан тасдиқланган савдо объектининг дислокациясини юборади.

 

Улар томонидан тасдиқланган жойлашиш тартиби (асослари кўрсатилган рад этиш мавжуд бўлмаганда) тақдим этилмаслиги ёки ўз вақтида тақдим этилмаслиги ариза берувчига заргарлик буюмлари ва қимматбаҳо металлардан ясалган бошқа буюмлар билан савдо қилиш учун рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилиши рад этилиши учун асос ҳисобланмайди.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда Асиллик палатаси Давлат хизматлари кўрсатиш марказига ёхуд ариза берувчининг Ягона порталдаги шахсий кабинетига рад этиш ҳақида рад этиш сабабларини, қонун ҳужжатларининг аниқ нормаларини кўрсатиб ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф этиб қайта кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиши мумкин бўлган муддатни кўрсатган ҳолда тегишли билдиришнома жўнатади. Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этиш ва ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган муддат 30 календарь кун доирасида белгиланган. Ариза такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳолларида ҳам худди шундай тартиб-таомил қўлланилади. Иккала ҳолатда энг кам иш ҳақининг 50%и миқдорида йиғим назарда тутилган. Асиллик палатаси томонидан рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилади.

 

Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилиши унда кўрсатилган муддат тугаган санадан тўхтатилади. Рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тўхтатиш «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг 22 ва 23-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

 

Асиллик палатаси томонидан рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасининг амал қилишини тўхтатиш ёки тўхтатиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилинганда тегишли билдиришнома ариза берувчининг электрон почта манзилига, унинг жойлашган почта манзилига ёки Ягона порталдаги шахсий кабинетига тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилишининг асосланган сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддатлар кўрсатилган ҳолда юборилади.    

 

Юридик шахснинг муассислари (қатнашчилари) томонидан ихтиёрий равишда тугатиш ёки фаолиятнинг ушбу турини амалга оширишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ариза берувчи томонидан Давлат хизматлари кўрсатиш марказига ёхуд Ягона портал орқали ариза берилади.

 

Ариза ва билдиришномаларнинг барча шакллари ишлаб чиқилган ҳамда Низомга илова қилинган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.06.2018 йилдан кучга кирди. 

  

Зумрад Ниязметова,

адвокат.

 


[1] Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлигининг Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси.

[2] Кейинчалик қайта ишлаш корхоналарига жўнатиш учун таркибида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар бўлган узел ва деталларни ажратиб олиш мақсадида.



 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_