Давлат ўсимликлар клиникалари ташкил этилиши ва келгусида фаолият юритиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб беради. ҚҲТБТ порталида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.
Маълумот учун: Ўсимликлар клиникасининг асосий вазифаси ўсимликлар касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволаш ҳисобланади.
Клиникалар давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилиши белгиланди. Давлат ўсимликлар клиникаларини ташкил этишда тадбиркорларни қуйидагича қўллаб-қувватлайди:
- бўш турган давлат мулки объектларини, ш.ж. фаолият юритмаётган давлат муассасалари биноларини «ноль» даражали харид қийматида сотади;
- фойдаланилмаётган хоналар ёки корпусларни узоқ муддат текинга фойдаланишга беради;
- концессия асосида қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун ер участкаси ёки бино ажратиб беради.
Ўсимликлар клиникаларини ташкил этиш учун ер участкалари ва бўш турган биноларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари белгилайди. «Ўздавкарантин» инспекцияси эса фойдаланилмаётган, бўш турган бинолар ёки хоналар тадбиркорларга «ноль» даражали харид қийматида сотилиши ёхуд узоқ муддат текинга фойдаланишга берилишини таъминлайди.
Лойиҳа рад этилиши, унга қўшимча киритилиши ёки ўзгартирилиши мумкин.
Олег Гаевой.