Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uz Как срочно нужно реализовать немаркированные прохладительные напитки ЭТТН для авто, приобретенных в лизин Как не-финансисту разобраться в финансах… не учась Как учитывать списание ГСМ – Buxgalter Pro

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари: бизнес учун янгиликлар

29.10.2018

Читать на русском языке

 

Энергиянинг прогноз ҳажмига ҳар йилги буюртманомалар ва намунавий шартномалар бекор қилинди, юкламалар соатлари ва қувват коэффициенти пасайтирилганлиги учун қўшимча маблағларни ундириш тартиби ўзгартирилди. Ушбу шарҳда Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларидаги тадбиркорлар учун янгиликлар ҳақида сўз юритамиз.

 

Қоғозбозлик камаяди

 

Энди электр энергияси истеъмолчилари ҳар йили 1 сентябргача келгуси йил учун электр энергияси истеъмолининг прогнозлаштирилаётган миқдори тўғрисида буюртманома беришлари керак эмас. Буюртманомалар ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига (бундан кейин – ҲЭТК) ёки истеъмолчи электр қурилмалари электр тармоқларига уланган электр таъминоти корхоналарига берилар эди. Буни аҳолидан ташқари барча амалга ошириши шарт эди.

 

Энди истеъмол прогнози ҲЭТК томонидан ҳар бир истеъмолчи билан тузилган электр таъминоти шартномаларида кўрсатилган эҳтиёж миқдорлари асосида аниқланади. Бунда иқтисодий ривожланиш, аҳоли сонининг ўсиши ва уй-жой қурилиши ҳисобга олинади.

 

Реклама, чироқлар билан безатиш, бино ва иншоотларни ёритиш учун электр энергиясини сарфлашга ҲЭТКнинг тегишли рухсатнома олиш керак эмас. Бунда истеъмол қуввати аҳамиятга эга эмас.

 

Бошқа турдаги энергия ўрнига электр энергиясидан фойдаланишни келишиш учун «Ўздавэнергоназорат» инспекциясига ТИА тақдим этиш тўғрисидаги талаб ўз кучини йўқотди. Илгари электр энергиясидан технологик мақсадда иситиш, тижорат мақсадида овқат тайёрлаш, шунингдек, хоналарни иситиш ва иссиқ сув таъминоти мақсадида фойдаланадиган ҳамда электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган барча тадбиркорлар ушбу талабга риоя этишлари шарт эди.

 

Илгари Қоидаларга илова қилинган электр таъминотининг намунавий шартномалари бекор қилинди. Энди «Ўзбекэнерго» АЖ Мажбурий ижро бюроси, «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси ҳамда Давлат рақобат қўмитаси билан келишган ҳолда уларни ишлаб чиқиш ва тузиш билан шуғулланади. Намунавий шартномаларнинг ўзи эса якунда имзоланадиган ҳужжатни тузиш учун бошланғич нуқта ҳисобланади. Газ таъминоти соҳасига ҳам худди шундай ўзгартиришлар киритилди (батафсил қаранг).

 

Ўзаро ҳисоб-китоблардаги янгиликлар

 

Ёзганимиздек, энди ҳисоблагичларни сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш бўйича барча харажатлар ҲЭТК зиммасига юклатилади. Бунда ишбилармон доиралар вакиллари Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларидаги бошқа ўзгартириш ва қўшимчаларга ҳам эътибор қаратишлари лозим.

 

Улар ҲЭТК томонидан берилган техник шартлар бўйича ёки электр таъминоти шартномасида кўрсатилган рухсат этилган қувват 50 кВт ва ундан ортиқни ташкил этган I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчиларига (қуйига қаранг) реактив энергия компенсацияси учун чегирмалар ва устамаларни ҳисоблаб чиқаришга дахлдор.

 

Биринчидан, Қоидаларга қўшимча қилинган нормага кўра, ҳисоб-китоблар ва қўшимча маблағларни ундириш ҳисоб-китоб даврида электр таъминоти шартномасида кўрсатилганига нисбатан истеъмолчи томонидан қувват коэффициентининг амалдаги қийматини пасайтиришга йўл қўйилганлиги тўғрисида «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг тасдиқлови мавжуд бўлганда амалга оширилади.

 

Иккинчидан, ҳисоб-китобларда қўлланиладиган электр тармоғининг катта ва кичик юкламали соатларига тузатиш киритилди. Энди катта юкламали соатлар – соат 6:00 дан 22:00 гача (илгари – соат 7:00 дан 23:00 гача), кичик юкламали соатлар эса – соат 22:00 дан 6:00 гача (илгари – cоат 23:00 дан 7:00 гача). Эслатиб ўтамиз, тарифларнинг ҳисоб-китоб қилиниши катта ва кичик юкламали соатларга боғлиқ.

 


Шуни назарда тутиш лозимки, ушбу ўзгартиришлар бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станцияларига тааллуқли эмас.

 

I ва II тариф гуруҳлари истеъмолчилари IV тариф гуруҳи бўйича тўлайдиган ҳоллар мавжуд. Булар – технологик мақсадда электр иситиш, шунингдек биноларни иситиш, иссиқ сув таъминоти ва овқат тайёрлаш учун сарфланадиган электр энергиясининг ҳажми учун тўловлар. Энди ушбу талаблар бюджет ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.

 

 


Маълумот учун:


I тариф гуруҳига уланган қуввати 750 кВА ва ундан ортиқ бўлган, электр энергияси учун табақалаштирилган тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинадиган истеъмолчилар киради. Бюджет ташкилотлари, фермер хўжаликлари ва сув истеъмолчилари уюшмаларининг насос станциялари, шунингдек Давлат бюджетидан молиялаштириладиган насос станциялари бундан мустасно.


II тариф гуруҳига қуйидагилар киради:

  • электр энергияси учун бир ставкали тариф бўйича ҳисоб-китоб қиладиган истеъмолчилар, маиший истеъмолчилардан ташқари;
  • «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган, ҳудудий электр таъминоти корхоналари, шу жумладан ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан электр қуввати оладиган корхона ва ташкилотларнинг, шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ушбу корхоналар ҳудудидан ташқарида алоҳида жойлашган объектларининг хўжалик эҳтиёжлари. Бунда «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ таркибига кирадиган ҳамда электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан хўжалик эҳтиёжлари учун ўзига тегишли тармоқларда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича фойдаланилган электр энергияси амалдаги таннарх бўйича ҳисоб-китоб қилинади.



 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой.



В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_