Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzКак влияют курсовые разницы на прибыль от экспорта Как изменятся тарифы на свет и газ с 1 мая и с 1 июня 2024 года Как учитывать экспортные операции Как оформить дефекты основных средств

Инвесторларга – махсус виза, соддалаштирилган яшаш гувоҳномаси ва Ўзбекистонда бўлишнинг алоҳида қоидалари

18.01.2019

Читать на русском языке

 

Президентнинг 2019 йил 17 январдаги Фармони билан республикага хорижий инвестицияларни жалб этиш жараёнини фаоллаштириш бўйича бутун комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Мазкур ҳужжатнинг матни ЎзАда жойлаштирилган.

 

Биринчидан, 2019 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболдаги инвестиция сиёсати стратегияси ишлаб чиқилиши керак. Ҳужжат ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, инвестиция жалб этиш учун устувор йўналишларни белгилайди.

 

Инвестиция фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий база модернизация қилинади. Эслатиб ўтамиз, “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси – унификацияланган қонун ҳужжати тайёр (батафсил қаранг).

 

2019 йил 1 мартга қадар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Инвестиция лойиҳаларини, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида амалга оширишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этиш зарур.

 

Шуни ҳам эслатиб ўтамизки,  видеоселектор йиғилишида 8 январь куни давлатимиз раҳбари хорижий инвестициялар жалб этишнинг янги босқичма-босқич тизимини жорий этишни топширди.

 

Иккинчидан, бир ҳафта муддатда 2019 йилда Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва сиёсий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштириш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар режаси белгиланади. Тадбирлар Давлат дастури ва 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури билан ўзаро узвий боғлиқ тарзда амалга оширилади.

 

Учинчидан, эълон қилинган капитали 1 млрд АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари:

  • республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш салоҳиятини кенгайтиришга, шунингдек, унинг рақобатбардошлигини янада оширишга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацион технологияларни жалб этиш;
  • хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро манфаатли шериклик муносабатларини йўлга қўйиш орқали инвестиция фаолиятини рағбатлантириш ва ривожлантириш;
  • инвестиция таклифларини баҳолаш, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • инвестиция муҳитини яхшилашга, шунингдек, республикамизнинг инвестиция салоҳияти ва имкониятларини хорижда кенг тарғиб қилишга кўмаклашиш.

 

Инвестиция лойиҳаларини бошқарув компанияси - давлат улуши 100 фоиз бўлган акциядорлик жамияти молиялаштириш учун танлаб олади. Бунда Жамғарма битта лойиҳага режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30%идан ошмаган миқдорини киритади, қолган қисми – инвесторларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари.

 

Жамғарма ва бошқарув компанияси ўртасида ҳамкорлик қилиш жараёни, лойиҳаларга биргаликда инвестиция киритиш механизмларини Ҳукумат кейинчалик ўз қарори билан белгилайди.

 

Тўртинчидан, 2019 йил 1 мартдан бошлаб виза режими ва хорижий инвесторлар учун мамлакатда бўлиш қоидалари соддалаштирилади:

  • хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати 3 йилни ташкил қиладиган “инвестиция визаси” жорий этилади (мамлакат виза тизимини соддалаштириш ҳақида бу ерга ҳам қаранг);
  • Ўзбекистон ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади (Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси олиш тартибидаги янгиликлар ҳақда бу ерга қаранг);
  • яшаш гувоҳномаси ёки “инвестиция визаси”га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • хорижий инвесторлар, улар томонидан хорижий давлатлар фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктида, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлганда қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз, визанинг амал қилиш муддатига (виза мавжуд бўлмаганда эса 1 йил муддатга) амалга оширилади.

 

Бешинчидан, Ўзбекистон-Амирликлар инвестиция компанияси - Абу Даби ривожланиш жамғармаси (75%) ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (25%)  томонидан шакллантириладиган 5 млн АҚШ доллари миқдоридаги устав фондига ва 1 млрд АҚШ доллари миқдоридаги эълон қилинган капиталига эга бўлган масъулияти чекланган жамият очилади.

 

Компания фаолият кўрсатаётган ва янги ташкил қилинаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталларида улушлар сотиб олиши, бу улушларни бошқа инвесторларга сотиши, қарзлар бериши, қимматли қоғозларни муомалага чиқариши ва бошқа шаклларда инвестиция фаолиятини олиб бориши мумкин.

 

Бундан ташқари, инвестиция компанияси муҳим миссияга эга  -  БАА билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу мамлакат инвестициявий, молия институтлари ва компаниялари билан инвестициявий муносабатларни мувофиқлаштириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқаришга кўмаклашиш.

 

Қўшимча равишда қуйидаги имтиёзлар назарда тутилади:

а) инвестиция компанияси ва унинг таъсисчилари олинган дивиденд ва фоизлар бўйича даромадлар билан бирга фойда солиғи, мол-мулк солиғи ва ер солиғидан, шунингдек, унинг мол-мулки ва активларини реализация қилишда ҚҚСдан 3 йил муддатга озод қилинади;

б) устав фонди (капитали)нинг камида 30%и инвестиция компанияси маблағлари ҳисобидан шакллантирилган янги ташкил этилган корхоналарга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун қонунчиликда назарда тутилган имтиёз ва преференциялар татбиқ этилади.

 

Олег Заманов.